Фарзанд асраб олиш

15:35 / 22.02.2020 | Lobar | 563
Ассалому алайкум! Қиз фарзанд боқиб олиш ҳақидаги савол-жавобни ўқиб савол туғилди. Дугонам туғмаган 2 та ўғил бола боқиб олган. Туғмаган аёлда сут бўлмаган, шундаям қуруқ бўлсаям эмизган. У болалари маҳрам бўладими?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом!

Маҳрамлик собит бўлиш учун боланинг ичига сут кириши шарт.

ЭМИЗИШ ҲАҚИДАги МАЪЛУМОТЛАР

Эмизиш араб тилида «разоъ» дейилади. Бу сўз луғатда аёл кишининг кўкрагини, сигир, қўй каби ҳайвонларнинг елинини оғизга олиб, сўришни ангалтади.

Шаръий истилоҳда эса:

«Икки ёшга тўлмаган боланинг қорнига аёл киши сутининг етиб боришидир».

Ушбу қоидага хилоф бўлган нарса шаръий эмизиш ҳисобланмайди ва у туфайли ҳеч қандай шаръий ҳукм ҳам собит бўлмайди.

Никоҳни ҳаром қилувчи даражада эмизиш собит бўлиши учун бир неча шартлар бўлиши керак.

У шартларнинг баъзилари эмизувчига, баъзилари эмувчига ва яна баъзилари сутга боғлиқдир:

1. Эмизувчига боғлиқ шартлар иккитадир:

Биринчиси – эмизувчи аёл киши бўлиши шарт.

Бошқани ким ва нима эмса ҳам, никоҳни ҳаром қилувчи шаръий эмизиш собит бўлмайди. Мисол учун, бир гўдак ўғил бола ва бир гўдак қиз бола битта қўйни ёки эчкини эмсалар, сутини ичсалар, эмикдош ака-сингил бўлиб қолмайдилар.

Иккинчиси – эмизувчи аёл тўққиз ёшдан катта ёшда бўлиши керак.

2. Эмувчига боғлиқ бўлган битта шарт бор:

У ҳам бўлса эмувчи икки ёшдан кичик бўлиши керак.

Имом Абу Ҳанифа «Икки ярим ёш», деганлар. Лекин бошқа ҳамма имомлар, жумладан, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар ҳам «Икки ёш», деганлар. Ҳанафий мазҳабида ҳам амал «Икки ёш» деган қавлга мувофиқдир.

3. Сутга боғлиқ шартлар бештадир:

Биринчиси – сут суюқ ҳолатда бўлиши шарт.

Чунки у «бола эмди», дейишга лойиқ бўлиши керак. Шунинг учун, фаразан, аёлнинг сути қуйилтирилиб, ундан бир нарса тайёрланса, у гўдак болага едирилса, никоҳни ҳаром қилувчи эмиш собит бўлмайди. Чунки ундай нарсани «еди», дейилади, «эмди», дейилмайди.

Иккинчиси – сут боланинг қорнига кўкракни сўриш орқали ёки томоғидан ва бурнидан қуйиш орқали етиб бориши керак. Бошқа томондан ва бошқа йўл билан қоринга сут етиб борса ҳам эмизиш собит бўлмайди.

Учинчиси – мазкур сут боланинг қорнига бола икки ёшдан кичик бўлган муддатда етиб бориши шарт.

Бу муддатдан кейин бўлса, ҳар қанча эмса ҳам, никоҳни ҳаром қилувчи эмиш собит бўлмайди.

Аммо икки ёшдан кичиклик муддатида бўлса, бир қатра сут қорнига етса ҳам шаръий эмизиш собит бўлади.

Тўртинчиси – сут боланинг қорнига аниқ етиб бориши керак.

Бу ҳолатга қараб аниқланади. Сўраб-суриштирилади. Агар аёл киши бир боланинг оғзига кўкрагини солса-ю, «Кўкрагимда сут бор эди», деса, бу гап қабул қилинади.

Бешинчиси – сут таом билан аралашган бўлмаслиги шарт.

Мисол учун, аёл кишининг сути пиширилаётган таомга қўшилиб кетса-ю, уни ёш бола ичса, эмиш собит бўлмайди. Шунингдек, қуюқ ҳолатдаги нарсаларга қўшилса ҳам.

Аммо аёлнинг сути суюқ нарсага қўшилганда текшириб кўрилади. Агар аёл кишининг сути ғолиб келса, яъни ўша нарсадан кўп бўлса, эмизиш собит бўлади, бўлмаса – йўқ.

(Ҳадис ва ҳаёт.)

Валлоҳу аълам.