Шу ҳолат жоизми?

08:45 / 30.03.2017 | Савол | 2123
Ассалому алайкум! Мeни аёлимга мeнинг укам маҳрамми ёки номаҳрамми? Мeнинг ва укамнинг оиласи бир ҳовлида бирга яшаганимиз сабабидан, аёлим уй ишларини қилиб юрганда eнгини шимариб, қўлини, билакларини кўрсатган ҳолатда иш қилади. Ва кийган уй кўйлакларидан ҳам бўйин қисми кўриниб туради. Укамнинг аёли ҳам шундай ҳолатда. Яъни мeни ҳам назарим ўзим истамаган ҳолатда тушиб қолади. Шу ҳолатда юришлари жоизми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Эрнинг акаси ва укаси, яъни қайноға ва қайин ука аёл кишига маҳрам бўлмайди. Шу сабаб сизнинг аёлингиз укангизга ва укангизнинг аёли сизга номаҳрам ҳисобланади. Номаҳрам кишининг кўзи номаҳрам аёлнинг авратига тушмаслиги керак.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Номаҳрам) аёлларнинг олдига киришдан ҳазир бўлинглар» дедилар. Шунда бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг қариндоши-чи?» деди. «Эрнинг қариндоши ўлимдир!» дедилар у зот» (яъни «Эрнинг номаҳрам қариндошларига кўринишдан ўлимдан ҳазир бўлгандек ҳазир бўлинглар», демоқчилар).
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Валлоҳу аълам