Ассалому алайкум! Рўзадор одам маний оқишига сабаб бўлувчи нарсани ўйласа ёки кўрса ва манийси оқса, рўзаси бузиладими? Қулоққа сув кирсачи?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Агар рўзадор одам беихтиёр қайт қилиб юборса, рўзаси эсидан чиқиб, оғзини очиб юборса ёки эҳтилом бўлса, шаҳват билан қарагани учун манийси тўкилса, томоғига чанг, тутун ёки пашша кирса, рўзаси бузилмайди, қазосини тутмайди.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رضي الله عنه، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم: ثَلَاثٌ لَا يُفْطِرْنَ الصَّائِمَ: الْحِجَامَةُ، وَالْقَيْءُ، وَالْاِحْتِلَامُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса рўзани очмайди: қон олдириш, қайт қилиш ва эҳтилом бўлиш», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Бошқа жинсдаги шахсга шаҳват назари билан қараб туриб манийси тўкилган кишининг рўзаси очилмаслиги бу ишда жинсий яқинликнинг сурати ҳам, маъноси ҳам йўқлиги учундир. («Мўминнинг қалқони» китобидан.)
Қулоққа сув кириши ҳам рўзани очмайди. Валлоҳу аълам