Шаҳидми?

17:17 / 31.03.2020 | M_X | 613
Ассалому алайкум! Ҳужжатул Ислом Ғаззолий роҳматуллоҳи алайҳининг "Жаннатга йўл ёки Қиёмат хабарлари" китобида келишича, вабо билан ўлган шаҳид ҳисобланар экан. Ҳозирги кунимиздаги тожсимон вирус ҳам вабо саналса, у туфайли вафот топган мусулмон ҳам шаҳид бўладими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: الْمَبْطُونُ شَهِيدٌ وَالْمَطْعُونُ شَهِيدٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қорин хасталиги ила ўлган шаҳиддир, вабода ўлган шаҳиддир», дедилар».

Шарҳ: Маълумки, вабо хасталиги доимо барча жамиятларни ташвишга солиб келган. Ҳамма унга қарши қандай ишлар қилиш зарурлигини ўйлаб келган. Вабо тарқалган жойда кўплаб одамлар нобуд бўлиши ҳам инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Шунингдек, вабо тез юқадиган хасталик, унинг тарқалишининг олдини олишнинг энг самарали йўли – беморларни соғлардан ажратиш.

Шунинг учун ҳам Исломда вабо хасталиги билан ўлган киши шаҳидга тенглаштирилган. Яъни, хасталикка сабр қилиб, бошқа тарафларга кетиб қолмай вафот этган одам шаҳид ҳукмида бўлади. Бунда бемор кишиларни сабрга чақириш билан бирга, уларнинг ортидан қолган яқинларига ҳам катта тасалли бор. Улар «Фалончи вабо хасталигига учраганда ҳадиси шарифга амал қилиб, сабр билан вафот этгани боис шаҳид ҳукмида кетган», деган фикр ила юрадилар.

Ҳадиси шарифда зикр қилинаётган қорин хасталиги ҳам вабога ўхшаш юқумли хасталик бўлса, ажаб эмас.

Баъзи бир ҳадисларда, жумладан, юқорида зикр қилинган фавқулодда шароитларда ўлганларга ҳам «шаҳид» лафзи ишлатилган. Улар шаҳид ҳукмида ўлган, дейилади.

Бу маънолар ва уларга оид тушунчалар келгуси ҳадиси шарифларни ўрганишимиз давомида яна ҳам равшанроқ бўлади.

2533- عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّهَا سَأَلَتْ رَسُولَ اللهِ r عَنِ الطَّاعُونِ، فَأَخْبَرَهاَ أَنَّهُ كَانَ عَذَابًا يَبْعَثُهُ اللهُ عَلَى مَنْ يَشَاءُ، فَجَعَلَهُ اللهُ رَحْمَةً لِلْمُؤْمِنِينَ، فَلَيْسَ مِنْ عَبْدٍ يَقَعُ الطَّاعُونُ فَيَمْكُثُ فِي بَلَدِهِ صَابِرًا يَعْلَمُ أَنَّهُ لَنْ يُصِيبَهُ إِلَّا مَا كَتَبَ اللهُ لَهُ، إِلَّا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ الشَّهِيدِ. رَوَاهُمَا الْبُخَارِيُّ.

2533. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан вабо ҳақида сўрадилар. Шунда у зот шундай хабар берибдилар:

«Аслида у Аллоҳ Ўзи хоҳлаганларига юборадиган азоб бўлган эди. Бас, Аллоҳ уни мўминларга раҳмат қилди. Бас, қай бир банда вабо воқеъ бўлганда ўз юртида сабр қилиб, Аллоҳ ун(инг пешонаси)га битганидан бошқа нарса бўлмаслигига ишониб турса, албатта, унга шаҳиднинг ажри мислидек ажр бўлур».

Иккисини Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга қанчалар меҳрибон эканлиги яна бир бор намоён бўлмоқда. Бу ҳақиқат вабо хасталиги бошқалар учун нима мақсадда, мусулмонлар учун нима мақсадда юборилиши баё­нидан келиб чиқади.

«Аслида у Аллоҳ Ўзи хоҳлаганларига юборадиган азоб бўлган эди. Бас, Аллоҳ уни мўминларга раҳмат қилди».

Дарҳақиқат, кўпгина қавмлар турли хасталиклар, жумладан, вабо натижасида қирилиб битганлиги тарихда маълум. Аллоҳ таоло Ўз меҳри ила бошқаларга азоб қилиб юборилган вабони мусулмонлар учун раҳмат қилиб қўйибди. Улар вабо етганида Аллоҳ таолонинг айтганини қилсалар, вафот этсалар ҳам, шаҳид кетадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Бас, қай бир банда вабо воқеъ бўлганда ўз юртида сабр қилиб, Аллоҳ ун(инг пешонаси)га битганидан бошқа нарса бўлмаслигига ишониб турса, албатта, унга шаҳиднинг ажри мислидек ажр бўлур», деганлари айнан шу маънони тасдиқлайди.

Бу ҳозирги замон истилоҳи билан айтганда, «тиббий сақланиш чораси», ажнабийчасига эса «карантин» деганидир.

Ислом кўпчиликнинг манфаатини ўйлаб, вабонинг бош­қа ҳудудларга ҳам тарқалиб кетмаслиги йўлида ўзини фидо қилган кишиларни шундай юқори тақдирлайди. Бу маъно келгуси ривоятда яна ҳам ойдинлашади.

2534- وَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: الطَّاعُونُ رِجْزٌ أَوْ عَذَابٌ أُرْسِلَ عَلَى بَنِي إِسْرَائِيلَ أَوْ عَلَى مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ، فَإِذَا سَمِعْتُمْ بِهِ بِأَرْضٍ فَلَا تَقْدَمُوا عَلَيْهِ، وَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ وَأَنْتُمْ بِهَا فَلَا تَخْرُجُوا فِرَارًا مِنْهُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вабо бало ёки азобдир. У Бани Исроилга ёки сиздан олдин ўтган кимсаларга юборилган эди. Қачон унинг бирор ерда (пайдо) бўлганини эшитсангиз, у ерга бормангиз. Агар у сиз турган жойда воқеъ бўлса, ундан қочиб, (у ердан) чиқмангиз», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятдаги «бало ёки азобдир» ҳамда «Бани Исроилга ёки сиздан олдин ўтган кимсаларга» деган жумлалардаги «ёки» боғловчисининг келиши ҳадис илмида «шак учун» дейилади. Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу икки сўз ёки иборадан бирини ишлатганлари аниқ, лекин ровий қайси бири эканлигида шак қилиб қолган. Бошқача қилиб айтганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан иккисидан қай бирини ишлатганларини аниқ ёдлаб қола олмаган ва омонатга хиёнат қилмаслик юзасидан борини айтган.

Вабонинг бошқалар учун азоб, мусулмонлар учун раҳмат эканлигини олдин ўргандик. Энди эса ўша хасталик пайдо бўлганда мусулмонлар жамоаси унга нисбатан қандай муносабатда бўлишлари кераклиги баён қилинмоқда.

«Қачон унинг бирор ерда (пайдо) бўлганини эшитсангиз, у ерга бормангиз».

«Чунки у ерга борсангиз, ўша хасталикка чалинишингиз эҳтимоли бор. Мабодо, Аллоҳ кўрсатмасин, бирор кор-ҳол бўлиб қолса, «Келмасам бўлар экан», деб юрасиз».

«Агар у сиз турган жойда воқеъ бўлса, ундан қочиб, (у ердан) чиқмангиз».

«Чунки сизнинг у ердан қочиб чиқишингиз мазкур хасталикнинг бошқа жойларга тарқалишига сабаб бўлиши мумкин».

Бу Ислом томонидан бир минг беш юз йил аввал жорий қилинган тиббий сақланиш чорасидир. Бу чорани маъмурий буйруқбозлик билан эмас, аҳолининг тиббий маданиятини ўстириш ила жорий қилишга ҳаракат қилинганлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).

 Валлоҳу аълам!