Она оқ қиламан деб қўрқитса

02:50 / 31.03.2020 | Moxi | 2219
Ассалому алайкум! Ота онанинг розилигини олиш жуда мухимлигини биламиз. Аммо онам моддий ва ижтимоий томондан оиламизга тугри келмайдиган инсонга турмушга чикишимга норози. Агар унга тегсанг ок килдим дедилар. Аммо у инсонга турмушга чикишим динимда охиратимда яхши булади. Буни онамга тушунтира олмаяпман. Эртага бошка инсонни танлаб шунга тегмасанг ок киламан дейишдан хам тоймайдилар. Умуман олганда онанинг фарзандига ок киламан деб хар ишда куркитиши лозимми?
Жавобингиз учун олдиндан рахмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

отаонага итоатнинг чегараси

 

Отаонанинг итоати ҳақидаги биз юқорида ўрганиб ва эслаб ўтган таълимотлар, яна бошқа қўшимча маълумотларни баъзи тарафларнинг суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Баъзи ота‑оналар болаларининг гуноҳ ишларда ҳам уларга итоат қилишларини истайдилар. Ҳатто Аллоҳнинг амрига, У Зотнинг динига хилоф бўлган ишларда ҳам, менинг айтганим бўлиши керак, дейдиган ота‑оналар йўқ эмас. Бу ҳақдаги можаролар, низолар, саволлар тез-тез учраб туради.

Аммо, инсоннинг ва унга тегишли нарсаларнинг барчаси чегараланган нарсалар эканини унутмаслик лозим. Жумладан, ота‑онага итоатнинг ҳам чегараси бор. Бу ҳақиқатни ота‑онага итоат қилишни амр қилган Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда баён қилган.

Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида шундай деб марҳамат қилади

 

«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга қайтганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман» (15оят).

Ҳа, ота‑онанинг фарзандда ҳаққи кўп. Фарзандлари уларни ҳар қанча эъзозласа, уларга ҳар қанча шукр қилса, итоат этса, оз. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳаққи ундан ҳам юқори. Чунки ота‑она фарзанднинг дунёга келишига, униб-ўсишига сабабчи бўлсалар, Аллоҳ таоло ҳақиқий яратувчи ва ризқ берувчидир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг ҳаққи ота‑онанинг ҳаққидан устундир. Бу оятда ана шу ҳақиқат баён этилмоқда.

«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма!»

Агар ота‑она ўз қадрини ўзи туширса, ота‑оналик бурчини адо этиш, Луқмони Ҳаким каби боласини ширкдан қайтариш ўрнига уни Аллоҳ таолога ширк келтиришга зўрласалар, нотўғри қиладилар, гуноҳкор бўладилар. Унда фарзанд уларга итоат этмайди. Гуноҳ ишда ота‑онагаки итоат этилмаганидан кейин, улардан бошқасига итоат этмаслик турган гап. Мўмин‑мусмон кимса нафақат Аллоҳга ширк келтиришда, балки умуман, У Зотга маъсият бўладиган ишларда ҳеч кимга итоат этмайди.

Лекин бу «Бошқа эътиқодда бўлгани учун ота‑онангдан бутунлай воз кеч», дегани эмас.

«Ва дунёда икковларига яхшилик қил…»

Мусулмон фарзанд кофир ота‑онасига эътиқод, дину диёнат масаласида итоат этмагани билан, уларга ширин муомалада бўлади, дунёвий эҳтиёжларини қондиради. Ушбу ояти карималар нозил бўлмаган вақтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос, Саъд ибн Молик каби ота‑онаси мушрик бўлган саҳобийларга ота‑оналарини ҳурматлашни, уларга яхшилик қилишни буюрганлар.

«...ҳамда Менга қайтганларнинг йўлига эргаш».

Яъни, менинг йўлимни тутган мўмин‑мусмонларнинг изидан юр.

«Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир».

Мендан бошқага эмас. Қиёматда ҳаммангиз менга қайтасиз.

«Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман».

Ва ҳар ким қилган яхши амалига яраша мукофот, ношукр бўлганлар нонкўрлигига яраша жазоларини оладилар.

Бу борадаги умумий қоидани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида баён қилганлар.

عَنِالْحَسَنِ قَالَقَالَ رَسُولُ اللهِ rلَا طَاعَةَ لِمْخْلُوقٍ فِي مَعْصِيَةِ الْخَالِقِرَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ.

 

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Холиқнинг маъсиятида махлуққа итоат йўқ» – дедилар».

Ибн Абу Шайба ривоят қилган.

Яъни, бандани рози қиламан, деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди.

Мусулмон фарзанд ота‑онасини рози қилиш учун барча яхшиликларни қилиши матлуб. Аммо бу ишлар шариат кўрсатмаларидан заррача ҳам четга чиқмаслиги лозим. Акс ҳолда, банда Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлиб қолади.

Ота‑она зулм қилсалар ҳам, уларга яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасидаги ҳужжат ва далилларни чуқур таҳлил қилган фуқаҳолар бундан истисно қилинадиган нарсаларни ҳам аниқлаганлар.

Машҳур Ҳанафий олимлардан Мулло Али Қори:

«Бу (ота‑она зулм қилса ҳам, уларга итоат қилиш) айни камолдир. Аммо, жоизликнинг асли эътиборидан хотини билан ажрашиш ҳақида амр бўлса, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота‑она қаттиқ озор топсалар ҳам», – деган.

Имом Таҳовий:

«Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади, наҳий қилинган нарсаларда эмас», – деган.

Тоҳир Фатаний:

«Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилсалар, кўнади ва бўйсунади, охират ишларида эмас»,– деган.

Иззуддийн Абдуссалом:

«Фарзандга иккисининг итоати ҳар бир амрда ва ҳар бир наҳийда вожиб бўлмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар», – деган.

Имом Fаззолий:

«Кўпчилик уламолар ота‑онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди. Чунки шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота‑онанинг итоати эса мажбурийдир»,– деганлар.

Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар:

«Агар ота‑онанинг ҳаққига баробарига риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади. Чунки насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Мисол учун, ота‑она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса, онасидан бошлайди. Фарзанд ота‑онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради».

عَنْبَهْزِ بْنِ حَكِيمٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ قُلْتُيَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَأُمَّكَ، قُلْتُمَنْ أَبَرُّ؟ قَالَأُمَّكَ، قُلْتُمَنْ أَبَرُّ؟ قَالَأُمَّكَ، قُلْتُمَنْ أَبَرُّ؟ قَالَأَبَاكَ ثُمَّ الْأَقْرَبَ فَالْأَقْرَبَرَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

 

Баҳз ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшилик қилай?» – дедим.

«Онангга», – дедилар.

«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.

«Онангга», – дедилар.

«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.

«Онангга», – дедилар.

«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.

«Отангга, сўнгра энг яқинларга, кейин ундан кейинги яқинларга ва ҳоказо», – дедилар».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Мана шу ҳадисдан уламолар «Онанинг ҳаққи отанинг ҳаққига кўра уч баробар кўп» деган хулосани ҳам чиқарганлар. Ота‑она албатта, ҳар бир фарзанд учун улуғ зотлар. Лекин онанинг тутган ўрни алоҳида таъкидланади. Чунки она фарзандга ҳомиладор бўлганидан бошлаб, унинг машаққатини тортади. Тўққиз ой давомида қорнида кўтариб юради. Ҳомиладорликнинг қанчалик қийин кечишини ҳар бир ақлли одам яхши билади. Фақат фарзанд учун фидокорлиги туфайлигина она ўша машаққатларни кўтаради. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.

Қолаверса, ҳар бир фарзанднинг туғилиши қанчалик оғир машаққат эканини ҳам ҳамма яхши билади. Туғиш дарди ўлимни бўйинга олиш билан баробар эканини, айниқса, аёллар яхши биладилар. Шунинг учун ҳам онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.

Кейин уни эмизиб, ювиб-тараб, тўғри тарбия бериб, катта қилиш қанчалик улкан меҳнат эканини ҳам ҳамма яхши билади. Бу машаққатли меҳнатни ҳам фақат онагина яхшилаб адо эта олади. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи буюкроқ бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ана шу эътибордан, уч марта «онангга яхшилик қил» деганларидан сўнггина, тўртинчи мартада «отангга» деб жавоб бердилар ва улардан кейингина яқинларга – бошқа қариндошларга яхшилик қилиш кераклигини таъкидладилар.

عَنْعَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْسَأَلْتُ النَّبِيَّ rأَيُّ النَّاسِ أَعْظَمُ حَقًّا عَلَى الْمَرْأَةِ؟ قَالَزَوْجُهَا، قُلْتُفَأَيُّ النَّاسِ أَعْظَمُ حَقًّا عَلَى الرَّجُلِ؟ قَالَأُمُّهُرَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Одамларнинг қай бирининг аёл кишида ҳаққи энг улуғ?» – деб сўрадим.

«Эрининг», – дедилар».

«Одамларнинг қай бирининг эр кишида ҳаққи энг улуғ?» – дедим.

«Онасининг», – дедилар».

Насаий ривоят қилган.

Демак, эркак кишилар учун уларда ҳаққи энг улуғ одам оналари бўлади.

 

 

ота‑онага оққ бўлиш ҳақида

 

Арабча «оққ» сўзи луғатда «ёриш» ва «кесиш» маъноларини билдиради ҳамда озор бериш, осий бўлиш ва қарши чиқишни ифода қилади. Бир сўз билан айтганда, «оққ» сўзи «бирр»нинг тескарисидир.

عَنْعَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي بَكْرَةَ، عَنْ أَبِيهِ قَالَقَالَ رَسُولُ اللهِ rأَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ ثَلَاثًا، قَالُوابَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَالْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، - وَجَلَسَ وَكَانَ مُتَّكِئًا - أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِمَا زَالَ يُكَرِّرُهَا حَتَّى قُلْتُلَيْتَهُ سَكَتَرَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

 

Абдурроҳман ибн Абу Бакрадан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта:

«Сизларга гуноҳларнинг каттасининг хабарини берайми?» – дедилар.

«Ҳа, ё Расулаллоҳ!» – дейишди.

«Аллоҳга ширк келтириш. Ота‑онага оққ бўлиш», – дедилар ва ёнбошлаб ётган эдилар, ўтириб олдилар-да:

«Огоҳ бўлинглар, ёлғон гап!» – дедилар.

Ана шу гапни такрорлайвердилар, такрорлайвердилар, ҳаттоки, сукут сақласайдилар, дедим».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда энг катта гуноҳлар ҳақида хабар бермоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ширк келтиришдек буюк, дунёдаги энг катта гуноҳдан кейинги, иккинчи ўринда турадига катта гуноҳ ота‑онага оққ бўлиш эканини айтяптилар.

Демак, инсон Аллоҳга ширк келтиришдан қанчалик қўрқса, ота-онага оққ бўлишдан ҳам шунчалик қўрқиши ва ёлғон гап, тўқима бўҳтонлардан ҳам шунчалик эҳтиёт бўлиши лозим экан.

قَدْرُوِيَ عَنْهُ r أَنَّهُ قَالَيُرَاحُ رِيحُ الْجَنَّةِ مِنْ مَسِيرَةِ خَمْسِمِائَةِ عَامٍ، وَلَا يَجِدُ رِيحَهَا مَنَّانٌ بِعَمَلِهِ، وَلَا عَاقٌّ، وَلَا مُدْمِنُ خَمْرٍرَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади.

«Ул зот айтдиларки:

«Жаннатнинг ҳиди беш юз йиллик масофадан сезилади. Унинг ҳидини амалини миннат қилувчи, оққ бўлган ва сурункали хамр ичганлар топа олмайдилар».

Тобароний ривоят қилган.

Аслини олганда, ота‑онага яхшилик қилиш деб ҳисобланган ишларнинг зиддини қилган ва унинг натижасида ота‑онасининг ранжишларига сабаб бўлган, уларнинг кўнглига озор берган фарзанд оққ бўлган ҳисобланади.

Аммо, ота‑онага оққ бўлиш борасидаги ҳужжат ва далилларни жамлаб, таҳлил қилган уламоларимиз бу амал жумладан, қуйидагилар ила юзага келишини айтганлар:

1. Ота‑онага қилиш лозим бўлган яхшиликни қилмаслик «оққ бўлиш» деб аталади. Ўша вазифалардан бирортасини қилмаслик ота‑онага ўша соҳада оққ бўлишдир.

2. Ота‑она боласи ҳақида қасам ичсаю, бола унга амал қилмаса.

3. Ота‑она боласидан бирор нарсани сўраса, бола имкони бўла туриб, бермаса.

4. Ота‑онанинг омонатига хиёнат қилиш.

5. Боланинг ота‑онаси унинг ҳақида Аллоҳ таолога шикоят қиладиган иш қилиши.

6. Ота‑онага оққ бўлиш амалий ва каломий қисмларга бўлинади. Ота‑онага гап-сўз билан озор етказганлар уларга каломий оққ бўладилар. Ота‑онага бирор қилмиши ила озор берганлар амалий оққ бўладилар.

Буларга ота‑онани малол олиш, уларга дўқ қилиш, ғазаб кўрсатиш, тик қараш каби нарсалар киради.

7. Ота‑онага оққ бўлишнинг умумий ўлчови шуки, агар бегонага нисбатан қилинса, кичик гуноҳ бўладиган нарса ота‑онага қилинса, катта гуноҳга айланади.

Ушбу масалада ҳам одамлар орасида тушунмовчиликлар, бепаровлик ва ҳаддан ошишлар мавжуд.

Баъзи фарзандлар бепарволиклари туфайли ота‑оналарига салбий оққ бўлишга олиб борадиган муомалаларни ўзларига эп кўрадилар.

Баъзи ота‑оналар бўлар-бўлмасга ўз фарзандларини оққ қилишга шошиладилар. Яна бошқалари Аллоҳ таолонинг иродасига қарши бўлган ишларда болалари узр айтсалар ҳам, оққ қиламан, деган дўқ-пўписаларни қилишдан тап тортмайдилар. Бунга мисол тариқасида, «хотинингни талоқ қилмасанг, оққ қиламан», «ароқ ичмасанг, оққ бўласан», дейишлар киради. Баъзан ота‑оналар орасидаги низоларда фарзандлар зулмга қоладилар. Ота: «онангдан кечмасанг, розимасман», деса, она: «отангдан юз ўгирмасанг, оққ қиламан», деб туриб олади. Бунда улар фарзандларини гуноҳга ундаш билан, ўзлари ҳам гуноҳкор бўладилар.

Бас, ҳар ким ўз чегарасини билиши ва ўша чегарада туриши лозим. Бунинг учун эса, албатта, динимиз таълимотларини пухта ўрганиб бориш керак.

 Валлоҳу аълам!