Таҳажжуд номози

15:48 / 31.03.2020 | Manzura | 618
Ассалому алайкум! Ва раҳиматуллохи ва баракатух. Шу кунларда тг каналдан шу маълумотни ўқиб колдим: Таҳажжуд намози фазилатидан бир шингил Ҳадиси шарифлардан бирида: “Тунги намозда бардавом бўлинг. Чунки у сизлардан олдинги мўътабар зотларнинг одати эди. Тунги сажда инсонни Аллоҳга яқинлаштириб, йўл қўйган гуноҳларидан фориғ қилади, кўплаб касалликлардан қутқаради ва гуноҳу маъсият ишлардан қайтаради” (Термизий ривояти), дейилган. Аллоҳ таоло Расулига хитобан: “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро, 79), деб марҳамат қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини ҳеч қачон канда қилмаганлар. Ҳатто, оғир беморлик вақтларида ҳам таҳажжудни ўтирган ҳолларида ўқиганлар (Абу Довуд). Тунги намоз ўқиладиган уйда нур пайдо бўлади. Уни осмон аҳли кўради. Биз тунда осмонга қараганимизда, юлдузлар ёруғлигини кўрганимиздек, осмон аҳли ердаги нурнинг намоз ўқувчининг уйидан таралаётганини кўради. Ундан ҳам ажабланарлиси шуки, ҳар куни уйингдаги нурни кўришга одатланган фаришталар тунги намоз ўқимаган кунинг сени сўраб-суриштирадилар, чунки улар уйингда зулматни кўрадилар. Уларга сенинг беморлигинг ёки ғамга ботиб қолганинг айтилади. Фаришталар сенга шифо ва ғамдан халос бўлишингни сўрайдилар ёки эҳтиёжингга қараб дуо қиладилар. Чунки улар сенинг намозинг сабабли нур таралаётган уйингни кўришни истайдилар. Ҳурматли мўмин биродар. Агар уйингиз нурли, ўзингиз файзли бўлиб доимо фаришталар эътиборида бўлишни истасангиз, бугундан бошлаб тунги намозни бошланг, агар ўқиб юрган бўлсангиз давомий бўлишида Аллоҳ сизга ёрдамчи бўлсин! ЎМИ Матбуот хизмати. Бу маълумот менга таҳажжуд намозини ўқиш ниятини уйғотди, лекин мени ўйлантираётган нарса шуки, менинг араб тили устозим дарсларимиз орасида “қазо намозлари борлар таҳажжуд намози ўқишмайди”, дегандилар. Шу гаплар қанчалик асосли? Агар асосли бўлса қазо намозларни адо этаётиб таҳажжудни ҳам ўқиш жоизми?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! Шу турганингизда қазоларингизни ўқисангиз ҳам қазоларингиз зиммангиздан адо бўлади, ҳам қиёмуллайл (кечаси туриш) савобини топасиз. Чунки қуйидаги ҳадисдаги намоздан мурод фарз намозларидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амаллари намоздир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзи билиб турса ҳам, фаришталарга:
«Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди. Бас, агар (намози) тугал бўлса, унга (намози) тугал, деб ёзилади. Агар ундан (намоздан) бирор нарса камайган бўлса, У зот:
«Назар солинглар, бандамнинг нафли бормикан?» дейди. Бас, агар нафли бўлса, «Бандамнинг нафл­ (намоз)идан фарзини тугал қилинглар», дейди.
Сўнгра закот ҳам шунга ўхшаш бўлади. Кейин ҳамма амаллар ана шунга ўхшатиб олинади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Термизий келтирган лафзда:
«Албатта, банданинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намозидир. Агар у (намоз) дуруст бўлса, батаҳқиқ, (банда) ютуққа эришади ва нажот топади. Агар у (намоз) фосид бўлса, батаҳқиқ, (банда) ноумид бўлади ва хусронга учрайди. Бас, агар унинг фарз намозидан бирор нарса камайиб қолса, Робб азза ва жалла: «Унинг фарзини нафлларидан тўлдиринглар», дейди», дейилган. Валлоҳу аълам!