Ассалому алайкум! Агар аёл киши ҳаёти давомида эрини рози қилса, ҳамма айтганларини сўзсиз бажарса жаннатда эри билан бирга бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Эру хотин жаннат аҳлларидан бўлишса, яъни қиёматда ҳисоб-китобдан ўтиб жаннатга киришга лойиқ бўлишса, жаннатда жуфт ҳолларида бирга бўлишади, модом ораларида бу дунёда никоҳлари қолган бўлса. Валлоҳу аълам!
Абу Салама розияллоҳу анҳу ўз аскарлари билан бориб, душманни енгиб қайтдилар. Аммо ўша юриш даврида эски яра очилиб, яна қон тўхтамай, оқа бошлади. Абу Салама розияллоҳу анҳу оғир аҳволда ётиб қолдилар. Умму Салама яна у кишига ихлос билан қарадилар. У киши эрларининг кўнглини кўтариш учун:
«Мен эшитишимча, қайси хотиннинг эри ўлса-ю, у аҳли жаннатдан бўлса, аёл ундан кейин эрга тегмай ўтса, икковлари жаннатда бирга бўлишар экан. Кел, аҳдлашайлик, сен ҳам мендан кейин уйланмайсан, мен ҳам сендан кейин эрга тегмайман», дедилар.
«Менга итоат қиласанми?» деди Абу Салама розияллоҳу анҳу.
«Ҳа», деди Умму Салама.
«Мен ўлсам, эрга тег», деди у ва қўлини кўтариб:
«Аллоҳим! Умму Саламага мендан кейин мендан яхши эр насиб этгин. Уни хафа қилмайдиган ва унга озор бермайдиган бўлсин», деб дуо қилди.
Муслим, Термизий, Насаий ва Абу Довудлар Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бемор ёки ўлаётган киши ҳузурида ҳозир бўлсангиз, яхши гап айтинг. Чунки фаришталар сиз айтаётган нарсага «Омин» деб турадилар», дедилар. Абу Салама ўлганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Салама ўлди», дедим.
«Аллоҳим, мени ҳам, уни ҳам мағфират қилгин ва менга ундан яхши орқада қолувчи бергин», деб айт», дедилар.
Мен уни айтдим ва Аллоҳ менга ундан яхши ортда қолувчини – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни берди», дедилар».
(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )