Қазо намозлари

18:40 / 23.04.2020 | Мунира | 1409
Ассалому алайкум! Тунда ўқилган қазо намозларига кечаси ўқилган нафл намозини савобини топишимизни билдим. Рамазон ойида ўқиладиган таровеҳ намозини ўрнига аввалги қазо намозини ўқиш жоизми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– “Тунда укилган казо намозларига кечаси укилган нафл намозини савобини топишимизни билдим”. Шу гапингизга изоҳ беришга рухсат берсангиз:

Нафл намоз ўқишдан аввал фарз намозларни ўқиш керак. Фарз намозларнинг қазоси ҳам фарздир. Шунинг учун аввало қазоларингизни ўқиб олмоғингиз лозим. Аммо тунги пайт фазилатидан қазо намоларингизни таҳажжуд пайтида адо этишингиз мумкин. Бу билан тунда намоз ўқиш малакасига ҳам эга бўласиз. Валлоҳу аълам.

Ва алайкум ассалом. Таровеҳни ўқиб туриб уни қазо намозлар ўрнига деб ният қилиб бўлмайди. Чунки таровеҳ бошқа намоз, қазолар бошқа. Таровеҳ суннатдир, қазолар фарз, бир-бирининг ўрнига ўтмайди. Рамазон ойида таровеҳни ўқиган афзал. Қудрати етса, қазоларини ҳам ўқийди, етмаса, рамазондан кейин ўқийди. Чунки таровеҳ намозини ажри катта ва бу фурсат йилда бир марта келади, буни ғанимат билиш керак. Аммо таровеҳ айтганимиздек, қарз намозлар ўрнига ўтмайди.

Назр ибн Шайбон раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади:

«Абу Салама ибн Абдурраҳмонга:

«Менга отангдан эшитган, отанг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Рамазон ойи ҳақида эшитган нарсангни гапириб бер. (Ўшанда) отанг билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталарида ҳеч ким йўқ экан», дедим.

«Ҳа, отам менга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ таборака ва таоло сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен эса сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Ким иймонла, савоб умидида унинг рўзасини тутса ва (кечаларини) бедор ўтказса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек бўлиб чиқур», дедилар», деди».

Насаий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Назр ибн Шайбон раҳматуллоҳи алайҳи билан танишиб олайлик:

Назр ибн Шайбон Худдоний ал-Басрий. Ҳадисларни Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф ва оталаридан ривоят қиладилар. Бу ҳадислар рўзанинг фазли тўғрисидадир.

Бу зотдан Қосим ибн Фазл Худдоний, Наср ибн Али ал-Жаҳзамий, Абу Ақл ад-Даврақийлар ривоят қилганлар.

Назр ибн Шайбон раҳматуллоҳи алайҳи Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳунинг отасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи ҳақида муҳим ҳадис айтганларини билиб юрар эдилар. Шунинг учун Абу Салама розияллоҳу анҳуни кўришлари билан ўша ҳадисни сўрадилар.

Ушбу ҳадисдан салафи солиҳларимизнинг илм­га, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир ҳадисга қанчалар эътибор билан қараганликларини кўриб турибмиз. Ул азизларимиз илм йўлида ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилганлар. Биз ҳам улардан ўрнак олишимиз лозим.

Ҳадисдан оладиган бошқа фойдаларимиз:

1. Рамазон ойи рўзасини тутиш Аллоҳ томонидан фарз қилинган ибодат эканлиги.

2. Рамазон кечаларини бедорликда ибодат ила ўтказиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жорий қилган суннат эканлиги.

3. Ким Рамазон кунларини иймон ила, савоб умидида рўза тутиб, тунларини бедорликда ибодат қилиб ўтказса, гуноҳлари мағфират қилиниши.

Шундай бўлгач, бу ҳадисга амал қилишимиз, Рамазон рўзасини қолдирмай тутиб, кечаларни қоим ҳолда ибодат билан ўтказиб, гуноҳларимиз мағфират қилинишига эришишимиз лозим.