Муслиманинг кўриниши

20:25 / 30.04.2020 | Barno | 917
Ассалому алайкум! Намоз ўқийдиган аёл кундалик ҳаётда сочини турмаклаб, боши очиқ ҳолда пардоз қилиб юрса бўладими? Замонавий бўлиб юрса бўладими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!  Уй ичида, маҳрамлари олдида жоиз. Валлоҳу аълам.

Кийиниш одоблари

Ислом Аллоҳ таолонинг мукаммал, барча замон ва макон-ларга салоҳиятли дини ўлароқ, инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Шу билан бирга, кийиниш ҳам ин-сон ҳаётининг муҳим соҳаси экани ҳаммамизга яхши маълум. Ислом бошқа ҳамма соҳаларда ўз кўрсатмаларини берса-ю, кийиниш борасини тарк этса, унинг мукаммаллигига путур етган бўлар эди.

Шунинг учун ҳам Исломда бу масала ҳам бошқалари қатори, етарли даражада муолажа қилинган. Бу эса мусулмон-лар учун катта бахтдир. Чунки улар ҳаётнинг бошқа соҳаларида бўлгани каби кийиниш масаласида ҳам тайёр таълимотларга амал қилиб, икки дунё саодатига эришиш учун яна бир илоҳий ёрдам ола биладилар.

Баъзилар кийиниш масаласига бунчалик катта эътибор бе-ришнинг боиси нима, ахир бу арзимаган нарса-ку, дейишлари мумкин. Аввало, кийиниш арзимаган нарса эмас. Қолаверса, Исломда инсон ҳаётининг арзимайдиган томонлари йўқ, балки динимизда инсон ҳаётининг барча соҳалари баравар эътиборга сазовордир.

Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир, дейишимиз мумкин. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади.

Бунинг устига, кийим-бош инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлгани учун, унга таъсир қилиши турган гап.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)­ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар» (26-оят).

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурияти киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос, асл либос тақво либосидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда:

«Тақво либоси – ана ўша яхшидир», демоқда.

Агар оддий либос баданнинг аврат жойларини тўсиб, жисмни зийнатласа, тақво либоси маънавий авратларни тўсиб, инсон қалбини зийнатлайди. Агар инсоннинг кийим-боши жисмидаги авратларини пинҳон тутиб, унга зийнат бағишласа-ю, тақво либоси йиртилиб, маънавий авратлари очилиб турса, бундан ёмони йўқ. Ҳозирги кунда кўпчилик ўз тақво либоси башанглигини даъво қилиб, устки авратларининг очилиб қолганига эътибор бермасликка чақиради. Бу жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Агар кимнинг тақво либоси ўрнида бўлса, албатта, жисмоний либоси ҳам дуруст бўлади. Зеро, ҳар икки либос – ҳиссий авратни тўсадиган либос ҳам, тақво либоси ҳам:

«Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир».

Яъни кийим-бош, молу мулк ҳам, ўрни келганда, Аллоҳнинг оят-белгиси ҳисобланади. Ундан ибрат олиш эса шарт саналади. Шунинг учун Аллоҳ таоло оятнинг сўнгида:

«Шоядки, эслатма олсалар», демоқда.

Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо бошқа соҳаларда ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлашди. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина кийдилар. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уради. Шунинг учун ҳам Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди.

Одобимизда айниқса аёлларнинг кийинишига катта эъти-бор билан қаралган. Уларнинг юзи, икки қўл кафтидан бошқа ҳамма жойи уятли (аврат) бўлгани учун, у бегона назарлардан яширилиши ва кийиниш ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидай, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир.

Америка тери касалликлари мутахассислари ўтказган тадқиқотлар натижасида ғарблик аёллар ёш бўла туриб ҳусн ва жозибаларини тез йўқотаётганлари, барвақт ажин тушаётгани ва унинг тез кўпайиб кетаётгани, аксинча, муслима аёлларнинг етмиш-саксон ёшда ҳам юзлари чиройли, ажинсиз ва нурли экани, уларда ғарб аёлларида кўп учрайдиган тери саратони (раки) хасталиги деярли кузатилмаётгани аён бўлди.

Бошқа соҳаларда бўлгани каби, кийиниш борасида ҳам мусулмон инсон аввало ҳалол-ҳаромга эътибор бериши лозим бўлади. Унинг киядиган кийими ҳалол касб билан топилган бўлиши ва уни кийиш шаръан ҳаром бўлмаслиги керак. (“Ижтимоий одоблар” китобидан.)