Қазо намоз

21:09 / 30.04.2020 | Zilola | 950
Ассалому алайкум! Кўп йиллик қазо намозларим бор. Қўлимдан келганича ҳар куни бир фарз намозимдан олдин қазо намозимни ўқийман, яъни бомдоддан олдин бомдод қазо, пешиндан олдин пешин қазо, шомдан олдин шом қазо, хуфтондан олдин хуфтон қазо ўқийман. Аввал қазо ўқиб бўлиб фарз намоз ўқиётганимда қазо намозларим хаёлимга келади. Шундай пайтда фарз намозим бузилмайдими? Фарз намоз ўқиётганда қазо эсига тушса намози бузилади деб ўқигандим.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Намоз ўқиётган пайтда хаёл бузилиши ёки ёдига бирор нарсалар тушиши намозни бузмайди. Валлоҳу аълам.

 Утба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан аср намозини ўқидим. У зот салом беришлари билан шошилиб туриб, хотинларидан бирининг олдиларига кирдилар. Сўнгра қайтиб чиқдилар ва шошилганларига қавмнинг юзида таажжуб кўриб:

«Намозда туриб, ҳузуримиздаги ёмби тиллони эслаб қолдим. Унинг бизнинг ҳузуримизда тунаб қолишини хуш кўрмадим. Бас, унинг тақсимлаб юборилишини амр қилдим», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунё ҳою ҳавасига қизиқма-ганликлари ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хайр-садақага қизиқишлари.

2. Намозда хайр-садақа, тақво амали ҳақида эслаш мумкинлиги.

3. Кишилар таажжубланган ишларни баён қилиб, уларни таажжубдан чиқариш, ҳақиқатни баён қилиб бериш кераклиги.

وَقَالَ عُمَرُ: إِنِّي لَأُجَهِّزُ جَيْشِي وَأَنَا فِي الصَّلَاةِ. رَوَاهُمَا الْبُخَارِيُّ.

«Умар:

«Албатта, мен намозда турган ҳолимда ўз аскарларимни ҳозирлай-ман», деди».

Икковини Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу намоз ўқиётиб, Ислом лашкарини қандай тартибга келтириш, бошлиқлар тайёрлаш ва бошқа шунга ўхшаш жиҳодга ҳозирланишга оид ишларни ўйлаган вақтлари бўлган экан.

Бу ҳам иймон, дин-диёнат тараққиёти ҳақида фикр қилиш билан намоз бузилмаслигига далилдир.

Бошқа хаёллардан эса узоқда бўлиш ҳар бир намозхон учун лозимдир.

 Валлоҳу аълам!