Ассалому алайкум! Ёш болалар ўз хоҳишлари билан намоз ўқишлари учун буни уларга қандай тушунтириш керак?
– Ва алайкум ассалом! Болалар намозни қанча эрта бошласалар шунча уларда бунга одат ҳосил бўлишига олиб келади. Табиий ота-онага қараб бола ҳам намозга ўрганади. Ота-она намозга таҳорат оларкан болага ҳам ўргатиши, сўнг болалар билан биргаликда намоз ўқиши керак. Кўпинча вақтни қизғониб намозни тез адо этиб ишларимизга шўнғиймиз. Болаларни чақиришдан эринамиз. Намоз чўзилиб кетади деб вақтимизни аяймиз. Ваҳоланки бола билан биргаликда намозни адо этиб, сўнг уларни бу ишлари учун мақтаб қўйиш, эвазига бирон мева ёки қуритилган мева билан рағбатлантириб турилиши мақсадга мувофиқдир. Кеч кирганда кун бўйи қилган амаллари учун яна мақтаб қўйиш керак. Болада намозга нисбатан хуш кайфият пайдо бўлади. Унинг онгида бу яхши амал деган фикр муҳрлана боради. Валлоҳу аълам!