– Ва алайкум ассалом! Cизлар айбдор эмассизлар. Бунақа шароитда бошқаларга озор бермаслик керак. Айниқса қўшниларнинг бир-бирларидан ҳақлари бор. Ёмон қўшни бошқа қўшниларга озор берадиган қўшни. Бундай ҳолатда сизлар ҳақларингизни талаб қилишингиз керак.
Қўшничилик одоблари
«Қўшни» деганда уйи-маскани, боғи ёки дўкони яқин кишилар кўзда тутилади. Бошқача қилиб айтганда, ҳовли қўшни, боғ қўшни ва дўкон қўшни ҳамда бошқа ҳолатлар бўлиши мумкин. Шариатнинг яхшилик қилиш, ёмонлик қилмаслик ҳақидаги кўрсатмаларида кўзда тутилган қўшнилар кимлар, деган савол бўлиши ҳам табиий. Бу саволга ушбу масала бўйича келган далил-ҳужжатларни диққат билан ўрганиб чиққан уламоларимиз бир неча хил жавоб берганлар. Мазкур жавоблар ўрганиб чиқилганидан кейин кўпчилик, қирқ уйгача бўлган қўшнилар қўшнилик ҳаққи соҳибларидир, деган хулосага келган.
Исломда ижтимоий алоқалар ҳақида сўз кетганда, қўшничилик алоқаларига катта аҳамият берилади. Ушбу алоқаларни гўзал тарзда олиб бориш ҳақидаги таълимотлар тақдим этилади. Бу таълимотлар эса Исломнинг ижтимоий алоқаларни иймон ва гўзал ахлоқ асосида олиб боришга берган аҳамиятидан келиб чиқади.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:
«Ота-онага, яқин қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар» (36-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бир неча тоифа одамларга, жумладан, яқин қўшнилар ва ён қўшниларга яхшилик қилишга амр қилмоқда. Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган «яқин қўшни»ни қариндош қўшни, яъни яқинлиги бор қўшни, «ён қўшни»ни эса оддий, яқинлиги йўқ қўшни, деб тушунтиришган.
Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимотлар ҳам дунёда мисли кўрилмаган таълимотдир. Инсон боласи ўз кундалик ҳаётида, истайдими-истамайдими, доимий равишда алоқада бўлиб турадиган тоифалардан бири қўшнилардир. Киши ҳаётининг осойишталиги, бахти, қувончи кўпинча қўшни ила кечадиган алоқаларига ҳам боғлиқ бўлади.
Агар Аллоҳ таоло бандага яхши қўшни ато қилса, кўпгина хайр-яхшиликларга сабаб бўлади. Аксинча, ёмон қўшнидан турли ёмонликлар кутилишининг ўзи турмуш ҳаловати ва осойишталигини кетказади.
Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа мулоҳазалар асосида Исломда қўшничилик алоқасига алоҳида эътибор берилган. Қўшнининг ҳаққи юқори кўтарилган. Унга яхшилик қилиш ҳақида қўплаб тавсиялар берилган.
عَنْعَائِشَةَ رَضِي الله عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: مَا زَالَ جِبْرِيلُ يُوصِينِي بِالْجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
عَنْأَبِي شُرَيْحٍ الْخُزَاعِيِّ عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُحْسِنْ إِلَى جَارِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّفِي الْأَدَبِ.
Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин», дедилар».
Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.
Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломати экан. Ким Аллоҳга иймон келтирган бўлса, қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозим экан.
Бу ҳамда шунга ўхшаш жойларда Аллоҳга ва қиёмат кунига иймонни зикр қилиш ушбу ишларга тарғиб нақадар аҳамиятли эканини таъкидлаш учундир. Аллоҳга бўлган иймон кишиларни доимо У Зотга муҳаббат ила итоат қилишга чорлайди. Охиратга бўлган иймон эса савоб ва гуноҳларимизни эслаб туришнинг асосидир. Кимнинг охиратга иймони бўлса, яхшилик қилади ва ёмонликдан қайтади. Демак, Аллоҳга ва охиратга иймон қўшнига яхшилик қилишни, ҳатто ундан етган озорларга сабр қилишни тақозо этади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قِيلَ لِلنَّبِيِّ r: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ فُلَانَةً تَقُومُ اللَّيْلَ، وَتَصُومُ النَّهَارَ، وَتَفْعَلُ وَتُصَدِّقُ، وَتُؤْذِي جِيرَانَهَا بِلِسَانِهَا، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: لَا خَيْرَ فِيهَا، هِيَ
مِنْأَهْلِ النَّارِ. قَالُوا: وَفُلَانَةًتُصَلِّي الْمَكْتُوبَةَ، وَتُصَدِّقُ بِأَثْوَارٍ، وَلَا تُؤْذِي أَحَدًا، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: هِيَمِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّفِي الْأَدَبِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади. Кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор етказади», дейилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир», дедилар. (Бояги кишилар):
«Фалончи аёл бўлса фарз намозларини ўқийди, бир бўлаккина қурут садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана шу аёл аҳли жаннатлардандир», дедилар».
Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни беҳурмат қилмаслик нақадар зарур иш экани таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиш, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди.
(“Ижтимоий одоблар” китобидан.)
Валлоҳу аълам!