Ассалому алайкум! Мени бир масала қийнайди. 5 ёшли ўғлим бор. Ўғлим нимагадир илинган, ҳилпираб турадиган нарсалардан қўрқади. Ҳовлига кир илсам ҳам олиб ташламагунимча қўймайди. Арғимчоқларни ҳам ёмон кўради. Айниқса ҳовлига илинган нарса шамолда қимирласа дод солиб йиғлайди. Кўчада илинган байроқларни ҳам қимирламасин деяверади. Қўрқувларни енгишимиз учун қандай маслаҳат берасиз? Олдиндан жавобингиз учун раҳмат. Аллоҳ ҳаммамиздан рози бўлсин.
– Ва алайкум ассалом! Боладаги қўрқув ўз ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Қўрқув сабабини эса аниқлаш керак бўлади. Масалан: кўп ҳолларда болаларга айтганини қилдириш мақсадида "кучук келяпти" , "ҳозир лўлилага бериб юбораман" каби турли қўрқитишлар билан тарбиялаш одат бўлиб қолган. Болани ҳадеб қўрқитавериш, уни олдида ота-она жанжаллашиши, бола сал хато қилса дакки беравериш, қаттиқ йиқилиб тушиш каби ҳолатларда ҳам болаларда қўрқувлар пайдо бўлиши мумкин. Қисқа қилиб айтганда болани ўта қаттиқ қўллик ва қўрқитиш йўли билан тарбиялашдан тўхташингиз керак. Ҳар куни эрталаб кечқурун ўзингиз болангизга дам солиб қўйинг, сокин овозда гаплашинг, ёрқин рангларда хоҳлаганича расмлар чиздиринг. Тоза ҳавода сайр қилиб уни яхши кўришингиз ва доимо у билан биргалигингизни билдириб туришингиз ҳам болада нафақат қўрқувни енгиш балки диққатни жамлаш, хотиржам бўлишига ёрдам беради иншааллоҳ. Агар ўтиб кетмаса албатта психолог кўригидан ўтизишингиз керак бўлади.