Ғусл

19:28 / 03.05.2020 | Munira Xudiyarova | 515

Ассалому алайкум! Рўзадор одам жума намозидан олдин ғусл қиладими?

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Жума намози учун ғусл қилиш суннатдир. Рўзадор одамнинг ғус қилиши жоиз.  Валлоҳу аълам!

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар; жунубликдан, Жума куни, қон олдирган ва маййитни ювгандан кейин». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиз Пайғамбаримиз ғуслларининг баъзи сабабларини айтмоқдалар.
Ҳадиси шарифда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар» дейилганидан бу тўрт нарсадан бошқа нарсадан ғусл қилиб бўлмас экан, деган фикрга бормаслик керак. Бошқа ҳадислардан бу ҳақиқат зоҳир бўлади. Мисол учун, икки ийд кунлари ва Арафот куни ғусл қилиш марғубдир.
Аммо бу ҳадисда фақат тўрт нарса зикр этилмоқда:
1. «Жунубликдан».
Бу ҳақда муфассал сўз юритилди.
2. «Жума куни».
Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жума намози учун ғусл қилганлар, бошқаларни ҳам ғусл қилишга буюрганлар.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Жуманинг ғусли ҳар бир эҳтиломга етган учун вожибдир», дейилган.
Бу маънодаги ҳадислар кўп. Шунинг учун ҳам баъзи мазҳабларда Жума кунги ғусл суннати муаккада дейилган.
Ҳанафий мазҳабида эса Жума кунги ғусл суннат дейилган.

Ғуслнинг фарзи оғзини, бурнини ва бутун баданини ювишдир.
Бу жумладан ғуслнинг фарзи учта экани англаб олинади:
1. Оғизни чайиш.
Албатта, оғизни яхшилаб чайиш ғуслнинг фарзларидан бири экани ҳаммага маълум. Бусиз ғусл бўлиши мумкин эмас.
2. Бурунни чайиш.
Бурунни яхшилаб тозалаб, муболаға ила чайиш ҳам ғуслнинг фарзи ҳисобланади. Рўзадор бурунга сув олишда муболаға қилмайди.
3. Баданнинг барча ерини ювиш.
Бутун танани, бирор тукнинг остини ҳам қўймай, сув етказиб ювиш ҳам ғуслнинг фарзидир.
Fуслнинг фарзлиги Моида сурасидаги қуйидаги оятдан олинган:

«Агар жунуб бўлсангиз, покланинглар» (6-оят).
Бунда ювиш имкони бор барча жойни поклаш маъноси бордир.
Аллоҳ таоло яна Нисо сурасида:

«Ва жунуб ҳолингизда ҳам, то ғусл қилмагунингизча (масжидда турманг). Магар йўлдан ўтувчи бўлса, майли», деган (43-оят).
Ушбу икки оятда оғиз, бурун ва баданнинг барчасини ювиш маъноси бор.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «إِنَّ تَحْتَ كُلِّ شَعَرَةٍ جَنَابَةً، فَاغْسِلُوا الشَّعَرَ وَأَنْقُوا الْبَشَرَةَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ҳар бир тук толаси остида жунублик бор. Бас, сочни ювинг ва баданни покланг», дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида:
«مَنْ تَرَكَ مَوْضِعَ شَعَرَةٍ مِنَ الْجَنَابَةِ لَمْ يَغْسِلْهَا فُعِلَ بِهَا كَذَا وَكَذَا مِنْ النَّارِ».قَالَ عَلِيٌّ: فَمِنْ ثَمَّ عَادَيْتُ رَأْسِي، فَمِنْ ثَمَّ عَادَيْتُ رَأْسِي - ثَلَاثًا - وَكَانَ يَجُزُّ شَعَرَهُ.

 «Ким жунубликдан бир тук ўрнини ювмай қолдирса, дўзахда ундоқ қилинади, бундоқ қилинади», дедилар».
Али:
«Шунинг учун бошимни душман тутдим», деб уч марта айтди. У сочини қирдириб юрар эди», дейилган.
Рўзадор киши оғиз ва бурунни чайишда муболаға равишда ҳаракат қилиши.
Сув ичкарига кириб кетса, рўза очилиши хавфи бор.
("Кифоя" китобидан )