Инжиқлик

11:35 / 13.09.2018 | Nilufar Sharipova | 2683
Ассалому алайкум! Қизим тўрт ёшда, бирор иш буюрсам, аввал “ҳўп” дейди, аммо кейин қилмайди (масалан оёқ кийимларни тўғирлашб кийимларни йиғиштиришга ўргатмоқчи бўламан). Дарс қилиш масаласида ҳам шундай. Ҳеч нарсага қизиқмайди, фақат мултфилм тамоша қилса бўлди. Хорижий давлатда яшаганимиз сабабли боғчага бормайди. Маслаҳат беринг, қандай йўл тутай? Ёки қизим боғчага боришини маслаҳат берасизми?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Тўрт ёшлик боладан бунча ишни талаб қилиб бўлмайди. Аксинча, иш буюрар экансиз, ўйин аралаштириш ҳамда биргаликда хушчақчақлик билан бажаришни йўлга қўйиб олиш, боланинг руҳиятини кўтаради. Шунчаки, болангизга иш қилиш ўта қийин кўриниб қолган. Дарс ва иш ўртасида биргаликда ўйин ўйнашга вақт ажратиш, сўнгра мазали таом билан сийлаш керак. Болани ишга ва дарс қилишга албатта қизиқтира билиш керак, уни дангаса бўлиб қолишини олдини олади. Ҳамда, ишга ҳам, дарсга ҳам ярим соат вақт ажратиш, болани ўз машғулотидан зерикиб, чарчаб қолмаслигига ва безилламаслигига ёрдам беради. Кейин бир соатлик танаффус қилиш зарур. Танаффусни ҳам мароқли ўтказишни таъминлаш ва бола айтганингизни бажариши биланоқ уни қилган ишига яраша мақтаб қўйиш керак. Шундагина, болада кейинги сафар иш буюрган заҳотингиз, уни бажаришга интилиш пайдо бўлади. Болани боғчага бориб, ўз тенгқурлари билан муносабатда бўлгани маъқул. Шунда у киришимли, ўзига ишонадиган, одамлардан чўчимай, ёввойи бўлмай, аксинча дилкаш, хушчақчақ бўлади. Албатта, кўп нарса тарбиячисига ҳам боғлиқ. Валлоҳу аълам