Ассалому алайкум! Мен Россияда ишлайман. Ҳеч намоз ўқимаган ва рўза тутмаган бўлса ҳам, гуноҳ ишлар қилмасликка ҳаракат қилганман. Насиб этса бу йил рўза тутмоқчиман. Айтишларича намоз ўқимаган одамнинг рўзаси қабул бўлмас эмиш. Очиқ кийинмасамда намозга кийимим ўтмайди, вақтим ҳам тўғри келмайди. Шим ҳам кийиш “мумкин эмас” дейилган. Охиратда бенамозлар ҳам кечириладими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Охиратда банда ҳар бир ракъат намоз учун ҳисоб-китоб қилинади ва ҳисоб-китоб қилиш аввало намоздан бошланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амаллари намоздир. Роббимиз азза ва жалла Ўзи билиб турса ҳам, фаришталарга:
«Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди. Бас, агар (намози) тугал бўлса, унга (намози) тугал, деб ёзилади. Агар у (намоз)дан бирор нарса камайган бўлса, У зот:
«Назар солинглар, бандамнинг нафли бормикан?» дейди. Бас, агар нафли бўлса, бандамнинг нафл (намоз)идан фарзини тугал қилинглар», дейди.
Сўнгра закот ҳам шунга ўхшаш бўлади. Кейин ҳамма амаллар ана шунга ўхшатиб олинади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Термизий келтирган лафзда:
«Албатта, банданинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намозидир. Агар у (намоз) яхши бўлса, батаҳқиқ, (банда) ютуққа эришади ва нажот топади. Агар у (намоз) фосид бўлса, батаҳқиқ, (банда) ноумид бўлади ва хусронга учрайди. Бас, агар унинг фарз намозидан бирор нарса кам қолса, Робб азза ва жалла: «Унинг фарзини нафлларидан тўлдиринглар», дейди», дейилган».
Мусулмон киши кунда беш маҳал намоз ўқиш шарт. «Намоз ўқимаса рўзаси ҳам қабул бўлмайди», деган гап асоссиз. Ҳар бир амал алоҳида ҳисоб қилинади. Лекин бу дегани «намоз ўқимай рўза тутавер» дегани эмас. Мусулмон ўз зиммасидаги фарзларини ўрнида ва вақтида адо этиши шарт, сиз айтган нарсалар буларни қилмасликка сабаб бўла олмайди.
Валлоҳу аълам!.