Ассалому алайкум! Ассаламу алайкум! Чин муслима қизни тақводор, солиҳа эканини қандай гаплашиб ёки қай тарзда билсам бўлади? Ўзимга яраша бу ҳақида билимим бор, лекин илмли аёл бўлганингиз учун сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Тажрибадан келиб чиқиб айтаманки, инсонни то у билан бирга яшаб кўрмагунча билиш қийин. Қалбдаги нарсани фақат Аллоҳ билади. Агар бундай нарсаларни билиш имкони бўлса, турмуш ишларида ҳеч ким ютқазмас эди. Лекин бу тақдир ва Аллоҳ пешонага ёзганига кўниш иймондандир.
Биз бандаларнинг қўлидан келадиган нарса, аввало Аллоҳдан солиҳ (солиҳа) жуфт сўраш. Кейин, истиҳора қилиш. Шу билан бирга таниган, билганлардан сўраб суриштириш. Аммо суҳбат орқали одамни билиш қийин. Илло Аллоҳдан кучли фаросат неъматига эга бўлган одам сезиш орқали, кўнглига таяниб билиши мумкин, бу ҳам нодир ҳолат. Қолганига Аллоҳга таваккал. Жуфт танлаётганда, жуда комил сифатлилигини истаймиз, аммо «ўзимиз қандай эканмиз?» деган савол хаёлимизга келмайди. Тайёрини истаймиз, аммо Аллоҳ ризолигида бир-биримизнинг камчиликларимизни тўлдиришга, ислоҳ қилишга, сабр қилишга, яхшиликни умид қилишга, ҳаракат қилишга чидамаймиз. Валлоҳу аълам!.