Ҳажнинг фазилатлари ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким Аллоҳ учун Ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади», дедилар».

Шарҳ: Яъни Ҳаж даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳаж, одатда, кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин Ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи керак. Бандага ўрганиши лозим бўлган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири ушбу ҳадисда зикр қилинмоқда. Ҳажни ният қилганидан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиш керак. Тайёргарлик кўриб олиб, Ҳаж давомида бирор оғиз фаҳш сўзларни айтмай, фисқу фасод қилмай юрса, ўша банда, иншааллоҳ, муродига етади.

Ҳаж қилиш нияти ила эҳром боғлаган киши ўша ондан бошлаб то Ҳаж амалларини адо этиб бўлгунича ибодатда бўлади. Ҳар бир ҳожи ушбу ҳақиқатни бир лаҳза ҳам унутмаслиги лозим. Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эҳром боғлаганларидан бошлаб, то Ҳаж амалларини бажариб бўлгунларича бирор оғиз беҳуда сўз айтмас эдилар. У киши бу борада ҳаммага ўрнак бўлишлари керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Умрадан кейинги Умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоротдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар».

Иккисини бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ривоятда ҳам умранинг, ҳам ҳажнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Кейинги Умра ўзидан аввалги умрадан буён содир этилган Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид бўлган маълум гуноҳларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлар экан. Агар ҳажжи мабрур бўлса, унинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса бўлмас экан. 

Ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлган, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаждир. Ҳаж қиладиган одам жаннатни касб қилиш учун мислсиз катта имкониятга эга бўлади. Ҳаж қилувчи динимизнинг беш рукнидан бири бўлган бу улкан ибодатни адо этиш пайтида риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлса, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила ҳажни адо этса, мазкур ваъда қилинган нарсага эришади.

Бу ва олдин келган ҳадислардан Ҳаж ибодатининг бошқа ибодатлар қатори одоб-ахлоқ масаласига қанчалар боғлиқ эканини кўрамиз. Мусулмон инсон бу ибодатни адо этиш жараёнида ҳам ўзининг одоби ва ахлоқини сайқаллаш имконига эга бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳо:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» деди.

«Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали ҳажжи мабрурдир», дедилар».

Бухорий ва Насаий ривоят қилган.

Насаийнинг лафзида:

«Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали ҳажжи мабрурдир», дейилган.

Шарҳ: Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг бу муборак ҳадисларида Ҳаж ибодатини жиҳоддан ҳам юқори даражага қўймоқдалар.

Аввалги мусулмонларнинг барчаси энг афзал амални қилиш ва энг улкан савобни олиш иштиёқи ила ёниб яшар эдилар. Мана, уларнинг вакиласи Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» дедилар.

Демак, аёллар жамоаси ўзлари ўрганган ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан исломий амалларнинг ичида энг афзали жиҳод деган хулосага келганлар. Аммо улар ўзибилармонлик қилиш дардидан холи бўлиб, ҳар бир ишни ўзларига пешво бўлган, ўзларидан илмли зотлардан сўрамай бирор иш қилмаганлар. Шунинг учун ҳам Оиша онамиз ўзлари билган нарсани яна бир бор аниқлаб олиш учун сўрадилар. Аёл кишилар ҳам энг афзал амални қилиш ниятида жиҳод қилишлари лозим ёки лозим эмаслигини сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:«Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали ҳажжи мабрурдир», дедилар».

Демак, аёллар жамоасига Ҳаж қилиш, Ҳаж бўлганда ҳам ҳажжи мабрур қилиш энг афзал жиҳод бўла олар экан.

Насаийнинг лафзида:«Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали ҳажжи мабрурдир», дейилган.

Бу ҳадисдан ҳажжи мабрур энг гўзал ва энг яхши жиҳод экани маълум бўлмоқда. Шунинг учун Ҳаж қилиш бахтига муяссар бўлган ҳар бир банда ўз ҳажини ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи, ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаж бўлиши учун ҳаракат қилмоғи зарур.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Арафа куничалик Аллоҳ бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқдир. Албатта, У Зот яқинлашиб келади ва улар билан фаришталар олдида фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди», дедилар».

Муслим ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом Ҳаж кунларидан бири бўлмиш Арафа кунининг фазли ҳақида сўз юритмоқдалар. Арафа куни Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан энг кўп озод қилар экан. Чунки Арофатда турган кишилар тавбани энг кўп қиладиган кишилар бўлиб, улар ўзларини хору зор тутишларини кўриб, Аллоҳ таоло улар билан фаришталар олдида фахрланади. Шунинг учун Арофатда туриш бахтига мушарраф бўлган ҳар бир банда ўша куннинг улуғ фазлидан баҳраманд бўлиб қолиш учун қаттиқ ҳаракат қилиши керак. Ўша куни у Аллоҳ таоло дўзахдан озод қилган саодатмандлар жумласидан бўлиб қолиши мумкин.

Албатта, У Зот яқинлашиб келади ва улар билан фаришталар олдида фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди».

Бу ҳодиса ҳам Арофат куни бўлади. Аллоҳ таоло ҳажга борган бандалари билан фаришталарига фахр­ланади. Бу ҳажнинг улкан фазилати бўлиб, бу мақомга фақатгина Ҳаж қилган бандагина эришиши мумкин.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ҳаж билан Умрани кетма-кет қилинг. Албатта, иккиси худди босқон темир, тилло ва кумушнинг кирини кетказганидек фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ», дедилар».

Насаий ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ҳаддодлар темир ва бошқа маъданларнинг занги ва кирини яхшилаб кетказиш учун босқонни кетма-кет босиб, болғани устма-уст урадилар ва мақсадларига эришадилар. Гуноҳларим ювилсин, фақирликдан қутилиб, бой бўлай, деган банда ҳам ҳаждан кейин умра қилса, мақсадига эришар экан.

«Ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ».

Жаннатни ўзига савоб қилиб олишни истаган банда ҳажжи мабрур қилиши лозим экан. Яъни ҳаж қилганда ҳаёсиз гап-сўзлардан тийилиб, фисқу фужурлардан холи бўлиб, сахийлик ва ҳусни хулқ ила Ҳаж қилмоғи керак.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, албатта, Яъжуж ва Маъжужнинг хуружидан кейин ҳам байтни Ҳаж ва Умра қилинади», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, қиёматнинг охириги аломатлари зоҳир бўлган паллаларда ҳам Ҳаж ва Умра ибодатлари тўхтамай давом этар экан. Бу ҳодиса уларнинг жуда ҳам фазилатли ибодатлар эканига ёрқин далилдир.

Ислом уммати ўз бошидан жуда оғир кунларни ўтказган, аммо Ҳаж ёки Умра тўхтаб қолмаган. Ҳатто сел келиб ҳарами шарифнинг ичи сувга тўлиб қолганда ҳам кишилар сузиб, ёғочга миниб бўлса-да, Байтуллоҳни тавоф қилишда давом этишган. Ушбу сатрлар муаллифи мазкур тарзда тавоф қилган кишилар билан шахсан суҳбатлашишга муяссар бўлган. Улардан бири машҳур олим Муҳаммад Али Собунийдир.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким Масжидул Ақсодан Масжидул ҳаромга Ҳаж ёки Умра учун эҳром боғласа, унинг аввалги-ю, охирги гуноҳлари мағфират қилинади ёки унга жаннат вожиб бўлади», дедилар».

Абу Довуд, Аҳмад, Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Масжидул Ақсодан эҳром боғлаб Ҳаж ва Умра қилиш алоҳида фазилатга эга экани таъкидланмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима учун айнан шу маънодаги ҳадиси шариф келганини алоҳида мулоҳаза қилишимиз лозим. Каминанинг фикрича, бу бир пайғамбарлик мўъжизасидир. Айни шу маъно бизнинг кунларимизга келиб ўзини намойиш қилди. Ҳозирда Масжидул Ақсодан эҳром боғлаб Ҳаж ва Умра қилиш қийин ва шарафли ишга айланди. Ҳақиқатда ҳам Масжидул Ақсодан эҳром боғлаб Ҳаж ёки Умра қилиш олдинги ва кейинги гуноҳларни мағфират этилишига сабаб бўладиган ва жаннатни вожиб қиладиган ишга айланиб бормоқда.

Насаийнинг ривоятида:

«Аллоҳнинг меҳмонлари учта: ғози, ҳожи ва умра қилувчи», дейилган.

Шарҳ: Бу ривоятдан ҳам Ҳаж ва Умра фазилатли ибодатлар экани очиқ кўриниб турибди. Ушбу ҳадисда Ҳаж ва Умра ибодатларини адо этувчи мўмин ғозийга тенглаштирилмоқда. Албатта, ҳар бир ҳожи ва умра қилувчи ўзи адо этаётган Ҳаж ёки Умра ибодати қанчалик улуғ ибодат эканини англаб етмоғи ва уларнинг қадрини билмоғи лозим.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта Ҳаж қилганлар: икки марта ҳижрат қилишларидан олдин ва бир марта ҳижрат қилганларидан кейин. Ўшанда Умра ҳам қилганлар. Олтмиш учта туяни ҳайдаб келганлар. Ҳазрати Али Ямандан қолганларини олиб келди. Ўшаларнинг ичида Абу Жаҳлнинг бурнига кумуш ҳалқа тақилган туяси ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни сўйдилар ва ҳар бир туядан гўшт олиб пиширишга амр қилдилар. Унинг шўрвасидан ичдилар».

Имом Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлганларидан кейин уч марта Ҳаж қилганлари ҳақида сўз кетмоқда. У Зот биринчи ва иккинчи ҳажларини Ҳаж ибодати фарз бўлмай туриб, Маккаи мукаррамада юрган даврларида адо қилганлар. Айни ўша икки ҳажда ясриблик ҳожиларнинг баъзилари билан биринчи ва иккинчи Ақоба байъатлари амалга оширилган ва ҳижрат учун дастлабки пойдевор қўйилган. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учинчи ҳажларини Ҳаж фарз бўлганидан кейинги иккинчи йилда адо қилганлар. Бу ҳаж «Видолашув ҳажи» номи ила машҳур. Ўшанда ул Зот Умра ҳам қилганлар, олтмиш учта туяни қурбонлик учун ҳайдаб келганлар.

Шу билан бирга, Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажда қурбонлик қилишлари учун туялар олиб келиш ҳам топширилган. Али ибн Абу Толиб Ямандан ўша туяларни олиб келгач, Фотима розияллоҳу анҳонинг эҳромдан чиқиб, сурма қўйиб олганини кўрди ва инкор қилди. Шунда у: «Отам менга шуни амр қилдилар», деди.

Кейин нима бўлганини ҳазрати Али қуйидагича баён қиладилар:

«Ўшанда Фотиманинг қилган ишидан аччиқланиб, у Зотдан бу хабар ҳақида сўрагани ҳузурларига бордим. Мен унинг ишини инкор қилганим ҳақида айтдим. Шунда у Зот:

«Рост айтибди. Рост айтибди. Ҳажни ният қилганингда нима деган эдинг?» дедилар.

«Эй бор Худоё! Расулинг нимани ният қилган бўлса, ўшани ният қилдим, деб айтдим», дедим.

«Менинг атаган қурбонликларим бор. Эҳромдан чиқма», дедилар у Зот».

Али ибн Абу Толиб Ямандан олиб келган қурбонликлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан олиб келган қурбонликлар жами юзта эди. Одамлар эҳромдан чиқиб сочларини қисқартирдилар, фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қурбонлиги борлар бундоқ қилмадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажнинг маълум ибодатларини адо этиб бўлгач, Жамратул Куброга чиқадиган ўрта йўлга тушдилар. Ул Зот дарахт олдидаги Жамрага келиб еттита тошни ҳар бирини такбир айтиб отдилар. Сўнгра қурбонлик сўядиган жойга келиб, олтмиш учта қурбонликни ўз қўллари билан сўйдилар. Қолганларини ҳазрати Али розияллоҳу анҳу сўйдилар. У Зот уни қурбонликларига шерик қилдилар. Сўнгра ҳар бир туядан бир оздан гўшт олдириб, қозонга солдириб пиширтирдилар. Икковлари ундан еб, шўрвасидан ичдилар. Шунинг учун ҳам Ҳаж ва Умра энг афзал ибодатларга айланган.

 
Мавзуга оид мақолалар
Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Рамазон шарифнинг  файзли кунларидан яна бирида сиз, давоми...

22:09 / 08.02.2017 3487
Сиз ноёбсиз Бутун дунёдан қидирилганида ҳам худди сиздек инсон топилмайди. Чунки сизни Аллоҳ таоло алоҳида давоми...

11:47 / 01.05.2019 3913
Қримтатар тилидаги «Арманчиқ» номли болалар журнали Роскомнадзордан муваффақиятли рўйхатдан ўтди. Журнал давоми...

19:31 / 05.02.2017 4942
1. Уч ракъат витр ўқиган кишига биринчи ракъатида Фотиҳадан кейин Аъло сурасини, иккинчисида Кафирун давоми...

15:10 / 08.12.2016 2919