Яхши амaл таърифи
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Барр» сифати «бирр» сўзидан олинган бўлиб, яхшиликнинг барча турларини ўз ичига олгандир.

Уламолар «бирр»нинг таърифида турли ибораларни айтганлар. Уларни жамлайдиган бир таърифни келтирамиз.

Абу Мансур: «Бирр дунё ва охиратнинг яхшилигидир. Дунёнинг яхшилиги Аллоҳ таоло бандага берадиган ҳидоят, неъматлар ва хайрлардан иборатдир. Охиратнинг яхшилиги жаннатдаги доимий неъматлардан бўлиб, Аллоҳ таоло уни Ўз карами ва раҳмати ила жамлагандир», деган.

Бирр – яхшилик икки турга тақсимланади:

Биринчиси «сила» деб аталиб, молни чегараланган тарафларга эваз талаб қилмасдан сарф қилишдан иборатдир.

Бунга нафснинг кенглиги ва саховати боис бўлади. Агар нафс бахил ва қизғанчиқ бўлса, уни ман қилади.

Иккинчиси «маъруф» деб аталади ва у ҳам ўз навбатида икки қисмга – гап ва амалга бўлинади.

1. Гапдаги яхшилик гўзал калом, гўзал башорат ва гўзал сўзларни ишлатиш ила бўлади. Бунинг асоси ҳусни хулқ ва мулойим табиатдир. Бу ҳам саҳийликка ўхшаб чегарада бўлиши керак.

Агар бу ишда исрофга ўтиб кетилса, ялтоқликка айланиб, ёмон деб баҳоланади.

Агар ўртача ва иқтисодли бўлса, маъруф ва мақталган яхшилик бўлади.

2. Амалдаги яхшилик обрўни ишлатиш, жон ила кўмак бериш ҳамда қийин ҳолатда ёрдам бериш ила бўлади. Бунинг асоси одамларга яхшилик қилишга муҳаббат ва уларнинг фойдасини устун қўйиш истагидир.

Биринчи турдаги маъруфга хилоф ўлароқ, бу ишларда исроф ва чегара йўқ. Чунки бу каби ишлар қанча кўп бўлса, икки тарафга шунча фойда бўлаверади. Ўша ишларни қилувчига ажру савоб кўпаяверади. Шу билан бирга, ёрдам берилаётган одамнинг ҳам оғири енгил бўлиб бораверади. 

«Бирр» сўзи «тоат» ва «бошқаларга яхшилик қилиш» маъносида келган оятлардан намуналар:

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Набийларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир» («Бақара» сураси, 177-оят).

Одатда, одамлар яхшилик матлуб экани ҳақида эмас, яхшилик нима эканлиги хусусида ихтилоф қиладилар.

Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди.

Одамлар, кўпинча, яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни ҳисобга олишади.

Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун тургувчи жиҳат белгилаши керак.

Ислом динида яхшилик Аллоҳ таоло яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани ушбу оятда тўлиқ таърифлаб берилган. Келинг, аввал ояти каримани батафсил ўрганайлик.

Оятнинг бошида Аллоҳ таоло:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас» деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:

«Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Набийларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир», демоқда.

Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда:

1. Иймон.

«...ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Набийларга иймон келтирса...»

Аллоҳга, Унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, бутун оламларнинг тарбиячиси эканига, илоҳлигига иймон келтириш.

Охират кунига, яъни қиёмат қўпишига иймон келтириш, фаришталарга, уларнинг сифатларига иймон келтириш, китобга, яъни Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун туширилган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш.

Аллоҳ таоло юборган Набийларнинг бирортасини ҳам қўймасдан ҳаммасига иймон келтириш.

Ушбу иймон яхшиликнинг боши ва асосидир. Иймонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Чунки кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Набийларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди. Бирор сабабга боғлиқ бўлади. Ўша сабаб тугаса, яхшилиги ҳам тугайди.

2. Мол-дунёсидан нафақа қилиш.

«...яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса...»

Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга, боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш.

Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик, мол-дунёга қуллик сиртмоғидан озод бўлади. Аллоҳ таоло унга берган мол-дунёсидан ўзидан кўра муҳтожроқ одамларга улуш ажратиб бериш юксак инсоний фазийлатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.

3. Намоз ўқиш.

«...намозни қоим қилса...»

Фарз намозларни ўз вақтида, рукуъ, сажда ва бошқа арконларини жойига қўйиб, хушуъ-хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Намозда инсон ҳам сирти, ҳам ичи – буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади. Намоз ўқимаган одам Аллоҳ таоло таърифлаган яхшиликни қилмаган бўлади.

4. Закот бериш.

«...закот берса...»

Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу амал мол эгасига Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган. Шу фарзни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.

5. Аҳдига вафо қилиш.

«...аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар...»

Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони Каримда қайта-қайта зикр қилингандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таоло таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.

6. Сабр қилиш.

«...камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар...»

Фақирлик, бечоралик, беморлик вақтида, душманлар билан тўқнашув пайтида инсон машаққатларга учрайди. Шундай ҳолларда сабр қилиш лозим.

Сабрли бўлиш иймонли, мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳисобланади. Бу ҳақда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди.

Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таоло таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.

Оятнинг охирида мазкур олий мақом сифатларга эга бўлганларни:

«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифланмоқда.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан «иймон нима?» деб сўраганларида, Набийимиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида, яна шу оятни тиловат қилганлар.

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлавҳа қўйди.

Шунинг учун ҳам ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифламоқда.

Ҳа, ўшалар иймонида, Исломида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар ақидасида, амалида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.

Суфён Саврий ушбу оятни ўқиб туриб: «Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир», деганлар.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: «Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади», деганлар.

Аллоҳ таоло бундай деб буюради:

«Сендан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир, деб айт. Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, лекин яхшилик ким тақводорлик қилса, шундадир. Ва уйларга эшикларидан киринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки, нажот топсангиз» («Бақара» сураси, 189-оят).

Ансорийларнинг тушунчасига кўра, ҳаж қилиб, гуноҳидан покланиб уйига қайтаётган одам уйига биринчи киришида, гуноҳкорлик қилиб юрган пайтида кириб юрган эшикдан кирмай, уйнинг орқасидан дарча очиб кириши яхшилик эди. Улар шу тасаввурларига амал қилишарди.

Иттифоқо, улардан бирлари ҳаждан келиб, уй орқасидан дарча очиб эмас, балки эшикдан кирди. Бу иш бошқаларга айб бўлиб кўринди.

Табиийки, бу эски одат хусусида «мусулмончиликнинг ҳукми нима бўлар экан?» деган савол пайдо бўлади.

Оят ўша бўлиши эҳтимол бўлган саволга жавоб тариқасида ва бўлиб ўтган ҳодисага баҳо бериш тарзида келган:

«Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, лекин яхшилик ким тақводорлик қилса, шундадир».

Демак, яхшилик баъзи бир ишларга ўзича ҳар хил сифатлар бериб, адо этиш билан эмас, балки тақво асосида, яъни Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтиш билан ҳосил бўлар экан.

Ояти каримадан кўриниб турибдики, шариатда кўрсатилмаган иш билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил бўлмайди. Яхшиси, бунга уринмаслик керак.

Қайси иш яхши ва савобли эканини билмоқчи бўлган одам фарз, вожиб, суннат амалларга қарасин, агар унга ўхшашини топса, қилсин.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба айтаётиб, қарасалар, бир киши офтобда тик турибди. У киши ҳақида сўраганларида, «У – Абу Исроил, офтобда тик туришни, ўтирмаслик ва сояга чиқмасликни ва рўза тутишни назр қилган», – дейилди.

Шунда у Зот:

«Айтинглар, гапирсин, сояга чиқсин, ўтирсин ва рўзасини охирига етказсин», – дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Бу ҳолатда Расули Акрам алайҳиссолату вассалом шариатда ибодат ҳисобланган рўзани давом эттиришга, савоб берилмайдиган бошқа ишларни эса  тўхтатишга буюрдилар.

Мусулмонлар «тақводорлик» деб ўзларича турли ишларни ўйлаб чиқаравермасликлари керак. Афсуски, одамлар бу ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмаганликлари сабабли ҳар хил хатоларга йўл қўядилар.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимани нафақа қилганингизни Аллоҳ билувчидир» («Оли Имрон» сураси, 92-оят).

Мусулмонлар бу маънога тўлиқ тушунган замонларида яхшиликка эришиш учун ўзларининг энг яхши, суюкли молларини нафақа қилиб, улуғ даражаларга эришганлар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Толҳа Мадийнада ансорийлар ичида энг бой одам эди. Мол-мулкининг ичида «Байруҳоо» номли қудуқ энг маҳбуби эди. Бу қудуқ масжиднинг тўғрисида эди. Набий алайҳиссолату вассалом у қудуққа бориб, ширин сувидан ичардилар. «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз» ояти нозил бўлганда, Абу Толҳа:

«Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ: «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз» демоқда, молу мулким ичида мен учун энг маҳбуби «Байруҳоо» қудуғидир. Уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилдим. Унинг яхшилигидан ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савобидан умидворман. Ё Расулуллоҳ, шуни Сизга бердим, Аллоҳ кўрсатган жойга ишлатинг», – деди.

Набий алайҳиссалом:

«Яхши, яхши, бу – фойда берувчи мулк, бу – фойда берувчи мулк. Мен уни қариндошларинг фойдасига ишлатсанг дейман», – дедилар.

Абу Толҳа:

«Худди шундай қиламан, ё Расулуллоҳ», – деди.

Сўнгра АбуТолҳа уни қариндошлари ва амакисининг ўғиллари фойдасига тайин қилди».

Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар Хайбардан ерга эга бўлди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у ҳақда маслаҳатга келиб:

«Ё Расулуллоҳ, мен Хайбардан ерга эга бўлдим. Мен ҳеч қачон ундан нафисроқ молга эга бўлмаганман. Уни нима қилишга амр қиласиз?» – деди.

«Агар хоҳласанг, аслини тутиб қолиб, (фойдасини) садақа қиласан», – дедилар у Зот.

Бас, Умар унинг асли сотилмаслиги, сотиб олинмаслиги, мерос қилинмаслиги ва ҳадя қилинмаслиги шарти билан садақа қилди. Умар уни фақирларга, қариндошларга, қулларга, Аллоҳнинг йўлига, ибн сабилга, меҳмонга садақа қилди. Унга ким валий (нозир) бўлса, маъруф йўли билан ундан еса ёки дўстига егизса, гуноҳ эмас. Уни ўзига мулк қилиб олмаса, бас».

Бешовлари ривоят қилишган.

Мусулмонлар асрлар давомида Аллоҳ таолонинг розилигини тилаб, яхши кўрган мол-мулкларини нафақа қилиб келганлар.

 
Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvu4Puz1pz9YAembed

12:48 / 08.09.2016 4068
«Истинжо» луғатда «ахлат кетказиш»дир. Фуқаҳолар истилоҳида эса нажосатни сув ва унга ўхшаш нарса ила давоми...

21:11 / 17.11.2016 4799
embedhttpyoutu.be5eKBuY3YAPEembed

15:43 / 29.11.2016 6178
embedhttpswww.youtube.comwatchvn7OWgjijqpcembed

14:28 / 15.03.2017 4800