Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бародан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саломни тарқатинг, саломат бўласиз», – дедилар».
Шарҳ: Саломда «саломатлик» маъноси бор. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар бир-бирларини кўрганда доимо салом бериб юрсалар, тинчлик, саломатлик бўлар экан.
Исломнинг тинчлик, саломатлик, биродарлик дини эканлиги мана шу саломлашишда ҳам намоён бўлади. Мўмин-мусулмонлар бунга қатъий амал қилишлари, ўзи оддий бир нарса бўлиб кўринган бу амалнинг буюк бир аҳамиятга молик эканлигини унутмасликлари лозим.
Саломлашган одамлар орасида муҳаббат ҳосил бўлади.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмассиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлмассиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми?» – дедилар.
«Ҳа, ё Расулуллоҳ!» – дейишди.
«Орангизда саломни кенг тарқатинг», – дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда «саломлашиш»нинг улкан аҳамияти баён этилмоқда. Салом бериш билан бошланадиган хайрли ишнинг охири жаннатга кириш билан ниҳояланиши айтилмоқда.
Бир-бирлари билан ўзаро саломлашиб юрган кишилар бир-бирларига муҳаббат ҳосил қиладилар.
Ўзаро саломлашиб, ўзаро муҳаббатда юрган кишилар эса мўмин бўладилар.
Ўзаро саломлашиб, ўзаро муҳаббатда юрган мўминлар эса жаннатга кирадилар.
Шунинг ўзидан ҳам саломнинг қанчалар аҳамиятли нарса эканини билиб олиш мумкин.
Ўзаро муҳаббат мўмин бўлишнинг, мўмин бўлиш эса жаннатга киришнинг шарти, сабаби экан. Шунингдек, мўмин-мусулмонлар бир-бирларини учратганларида, таниса-танимаса, ҳаммалари бир-бирларига салом бериб, алик олиб юришса, ораларида муҳаббат пайдо бўлар экан. Бу муҳаббат иймонга, иймон эса жаннатга олиб борар экан.
Биз кўпинча бу амалга бепарво бўламиз. Бироқ ана шу оддий бўлиб кўринган саломлашиш ҳам бизни жаннатга олиб борадиган амал экан. Чунки муҳаббат иймонга, иймон эса, албатта, жаннатга олиб боради. Афсуски, баъзан бу нарсалар унутиб қўйилади.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роҳманга ибодат қилинглар! Таом беринглар! Саломни тарқатинглар! Жаннатларга кирурсизлар», дедилар».
Шарҳ: Бу учта амал банданинг жаннатга киришига сабаб бўлар экан. Шунинг учун уларга алоҳида эътибор беришимиз, ибодатларни, хусусан, фарз ва вожиб ибодатларни беками-кўст, мунтазам қилишимиз, муҳтожларга ёрдам беришимиз ҳамда саломни кенг ёйишимиз лозим экан, иншааллоҳ, бу амалларимиз туфайли жаннатга кирар эканмиз.
Бу маънода бошқа ҳадиси шарифлар ҳам кўп.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роҳманга ибодат қилинглар! Саломни тарқатинглар! Жаннатга салом ила кирурсизлар», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган икки ишга одатланган кишилар жаннатга кириш учун лозим бўлган икки омилни касб қилган бўлар эканлар.