Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Охирги пайтларда кўпчилик, жумладан, эркаклар ҳам ўпишиб кўришишни одат қилдилар. Ўзаро яқинлик ифодаси бўлган бу бачкана қилиқни ўзлаштирган айримлар оғиз бўшлиги ифлослиги жиҳатидан, яъни сермикроб ўчоқ сифатида жинсий аъзолардек етакчи ўринни эгаллаши ҳақида тасаввурга эгамикинлар?
Таносил касалликларини юқтирмаслик услубини топганман, деб юрган тоифалар, тил паноҳгоҳи ортида бошқа кўплаб хатарли касалликлар қатори герпес (учуқ), захмли (сифилис) ангина каби кўплаб хатарлар учрашини билармикинлар? Бўсаларни ҳар кимга эмас, ўз аҳли-аёлингизгагина ҳадя этиш мумкинлигини унутманг, «ўпонғич» зотлар!!! Ўпичдан ўтадиган касалликларнинг энг кўп учрайдиган тури оддий халқ тилида «учуқ» дея аталиб, кўпчилик унча менсийвермайдиган, аммо ўз асоратлари билан ўта хатарли дардлар сирасига кирувчи герпес хасталигидир. Касалликни болажонларимизга уларни беҳад суюшимиз боис гўдаклиги давридаёқ бот-бот ўпиб, эркалаш йўли билан вужудларига сингдириб улгуришимизни барчамиз ҳам англайвермаймиз. Катталарнинг бўсага ўта ружу қўйганлиги, айримларнинг эса ғарбга тақлидомуз тарзда оғиз бўшлиғини жинсий мушоаратда қўллашга одатланганликлари хатарли вирусларга қўл келади. Кейинги пайтларда герпес касаллиги ҳақида кўпроқ ахборот олишга қизиқиш уйғонди. Герпес шу жумладан, генитал герпес (жинсий аъзолар учуқ дарди) ҳам қадим замонлардан буён маълум. Ўша даврлардан буён бир неча юз йиллар ўтган вақт мобайнида инсоният кўп касалликларга қарши профилактика ва даво усулларини топа олди. Учуқни келтириб чиқарувчи вируслар эса ҳали ҳамон «гуллаб яшнамоқда». Чунки бу вируслар учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Оддий учуқ келтириб чиқарадиган касалликлар юрак, қон томир ва онкологик касалликлардан кейинги ўринни эгаллаган. Вирусли инфекциялар оқибатида келиб чиқадиган ўлим бўйича учуқ гриппдан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турганлиги эътироф этилмоқда. Герпес вируси бир умр организмда айланиб юради ва унинг фаоллигини сўндириш мумкин, аммо буткул қутулиш анча қийин. Вирус билан зарарлангандан сўнг, у узоқ вақт ҳеч қандай касаллик аломатини чақирмаслиги мумкин. Маълум вақт ўтгач инфекция хуруж қилиб, юзда ва жинсий аъзоларда тошмалар пайдо бўлади. Герпес вируси томонидан чақирилган ҳар қандай инфекция бора-бора организмни заҳарлайди, баъзида эса ички аъзоларни ҳам шикастлайди. Бундан ташқари, иммун тизим кескин заифлашади. Ҳозирги кундаги сурункали чарчоқ синдромининг асосий айбдорларидан бири мана шу учуқ вирусидир. Инфекция қуйидаги йўллар билан юқиши мумкин:
— соғлом одам бемор билан тўғридан-тўғри мулоқот қилганида ва кўришганида (кўпинча ўпич орқали); — ҳаво заррачалари ва кундалик буюмлар (умумий ишлатиладиган тозалик буюмлари: сочиқ, тиш чўткаси ва идиш товоқлар) орқали; — йўлдош орқали (зарарланган онадан ҳомилага), инфекция туғруқ пайтида ҳам юқиши мумкин; — жинсий йўл билан юқиш охирги пайтда кўпроқ учрамоқда.
Жинсий аъзолар герпесини келтириб чиқарувчи вирус шунчаки кайфиятингизни бузиб, ташвиш туғдирибгина қолмайди, у ҳақиқатан ҳам хавфлидир. Герпес аёлларда бачадон бўйни, эркакларда эса простата бези аъзосида ўсма касалликлари келиб чиқишига мойиллик туғдирар экан. Бундан ташқари, касаллик бола тушишига, ҳомиланинг нуқсонли туғилишига, кўзнинг оғир зарарланиши ёки бўлмаса янги туғилган чақалоқлар организмида нуқсонлар бўлишига сабаб бўлади. Касалликнинг йилда бир неча маротаба такрорланиши, баъзида эса тез-тез қайталаниши беморнинг руҳий ҳолатига, албатта, салбий таъсир этади. Гоҳо касаллик невроз ва депрессияга мойиллик туғдиради.