Менга дунёда хуш бўй ва аёллар маҳбуб қилинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!
Ўзининг азиз китобида: «Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир» деб марҳамат қилган Аллоҳу субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.
«Менга дунёда хуш бўй ва аёллар маҳбуб қилинди» деган суюкли Пайғамбаримиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга энг комил саловату саломларимиз бўлсин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишда бутун оламга ўрнак бўлиб келганларидек, аёлларга бўлган муносабатларда ҳам энг гўзал намуна ва ибрат бўлганлар. Бу гўзал намуна ҳақида кўп гапиришимиз мумкин.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги энг яхши ўғил, энг яхши эр, энг яхши ота, энг яхши бобо, энг яхши жиян, бутун муслималар учун эса энг яхши муаллим ва раҳбар бўлдилар.
Оналари Омина бинт Ваҳбнинг қабрларини зиёрат қилганларида, у кишини эслаб, кўзларига ёш олдилар.
«Сизларинг энг яхшингиз – аҳлига яхши бўлганингиздир. Мен аҳлига энг яхшингизман», дедилар ва ҳаётлари давомида ушбу сўзларини қайта-қайта тасдиқладилар.
Хадича онамиз вафот этган йилни «Маҳзунлик йили» деб атадилар, у кишини умр бўйи соғинч ила хотирлаб юрдилар.
Умму Салама онамизга совчи бўла туриб, ўзларини мақтай-мақтай, муборак қўлларига бўйра ботиб, из қолдирди. Умму Саламанинг етимларини ўз фарзандларидек кўрдилар.
София онамизни «яҳудий аёл» деб ранжитишганда, у кишини юпатдилар, ҳимоя қилдилар. София онамизнинг туялари юрмай чўкиб олганида, онамиз йиғладилар. Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, онамизни овутдилар, кўзларидаги ёшни муборак қўллари билан артдилар.
Оиша онамизни «энг суюклик кишим» деб эълон қилдилар, у кишига ишора қилиб, «Динингизнинг ярмини мана шу Хумайродан олинглар», дедилар.
Қизлари барвақт оламдан кўз юмганларида, сўнгги лаҳзаларида ҳам у кишини эътиборсиз қолдирмай, дафн ишларини батафсил ўргатиб турдилар, бу ишни энг яхши ҳолатда амалга ошишини тайинлаб турдилар.
«Фотима менинг бир бўлагимдир. Ким Фотимага озор берса, менга озор берибди», деб Фотима розияллоҳу анҳонинг мақомларини билдирдилар. Фотимани тез-тез зиёрат қилиб турар, сафардан келсалар ҳам, биринчи унинг хонадонига кирар эдилар. Фотима у Зотнинг зиёратларига келсалар, ўрниларидан туриб, пешоналаридан ўпиб, қарши олар эдилар.
Набиралари Умомани эса елкаларида кўтариб намоз ўқиганлар.
Аммаларини зиёрат қилиб, уйларига бориб турар эдилар.
Бошида оғир юк билан кетаётган қайнисингиллари Асмо бинт Абу Бакрни кўрганларида, уни уловларига миндириб олмоқчи бўлдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, сизда бир ишим бор», деди. Шунда у Зот унга: «Эй Умму Фулона, кўчаларнинг қаерини истасанг, ўша ерга бориб ўтир. Мен сен билан ўтирай», дедилар. Бас, у ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан ўтирдилар. У ҳожатини айтди» (Мазкура мўмина аёл ҳаста ва муҳтож эди, аммо кўпчиликнинг олдида муҳтожлигини билдиргиси келмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳижолатдан қутқариш учун шикоятини ҳолироқ жойда тингладилар)
Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир аёлга ана шундай алоҳида эътибор кўрсатар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга таълим олишлари учун алоҳида кун тайин қилдилар.
У Зот: «Аёллар эркакларнинг опа-сингилларидир», – дедилар ва бутун аёллар ҳақидаги жоҳилий одатларни ботил қилиб, уларга адолат ила муносабатда бўлдилар. У Зот бутун Ислом умматига аёлларга қандай муомалада бўлишни ўргатиб кетдилар.
Одинахон Муҳаммад Юсуф