Ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Ҳасад, айтиш жоиз бўлса, маънавий жиноятдир. Бу жиноятнинг асосий қурбони - ҳасадгўйнинг ўзи. Ҳасадгўйларни севадиган одамни, бахилларни, ўзгаларга ёмонлик соғиниб юрадиганларни ҳурмат қилувчи одамни ким кўрган?

Одатда, улкан муаммолар, кечириб бўлмас хатолар, катта жиноятлар, фожиалар аслида жуда кичик, майда баҳоналар, арзимас сабаблар ва кўнгилхираликлардан келиб чиқади. Лекин ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, ана шу кўнгилхираликларнинг бошланғич нуқтаси қаерга тақалади? Буни билиш учун инсоният тарихидаги илк ёвузлик – қотилликнинг, яъни Қобил ва Ҳобил жанжали интиҳосининг сабабини ахтарайлик. Аслида, бу жиноят ҳасад туфайли юзага келганлигининг гувоҳи бўламиз. Бу ер юзида ҳасад туфайли биринчи содир этилган жиноят бўлса, Одам алайҳиссаломнинг ерга тушишида ҳам шайтоннинг ҳасади туфайли, ўша жиноят содир этилгани тарихдан маълум. Демак, қаердаки жиноят, разолат бўлса, ўша ерда, албатта, ҳасад мавжуд. Хўш, илк даврларданоқ башарият юрагига қадалган ва бугун одамзотни ботқоқликка тортаётган ҳасад нима ўзи? Уламолар, ҳасад-бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир, дейдилар. Ҳасаднинг дастлабки аломатларидан бири, бу ғийбатдир. Кўчалар, кўп қаватли уйлар оралаб гап терадиганлар, гап тарқатадиганларни безовта қилган туйғу ҳам ҳасаддир. Ундайларнинг бутун вужудини бировнинг ютуғини кўролмаслик, ичи қоралик, бахиллик кайфияти қамраб олган, бундай исканжадан чиқиб кета олмайди. Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад бордир. Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматни ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, ўзига ҳам берилишини тиласа, ҳавас қилган бўлади. Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса гуноҳ саналмайди. Чунки ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади. Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?» деган (54 – оят). Бу иллатлар беозор яшаб юравериши мумкин, чинакам ҳасаднинг кўриниши эса «гапдан амалий ишга ўтиш»дадир. Нуқул оғзига зўр берган зот охир шу даражага етадики, ўзи ёқтирмайдиган одамига турли йўллар билан зарба беришга ўтади. Бадном қиладиган гаплар ўйлаб топади ва одамларни ёллаб, иғволарини тарқатади, рақибининг ишхонасига хатлар уюштиради, битиб турган ишини барбод қилади ва бошқа жисмоний, ҳамда руҳий азоб бериш воситаларини ишга солади. Бировнинг муваффақиятидан уйқуси қочиб, безовта бўлаётган ҳасадчи қабиҳ ишлари рўёбга чиқса, хурсанд бўлиб, ўз қилиғидан роҳатланиб, яна мудҳиш режалар тузишда давом этаверади. Хуллас, у бедаво дардга чалинади. Аллоҳ таоло «Фалақ» сурасида: «Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман. У яратган нарсалар ёмонлигидан. Ва кириб келган қоронғулик ёмонлигидан. Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан. Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт», деган (1 – 5 - оятлар). Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жам бўлмайди», дедилар». Ибн Ҳиббон ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шарифда икки турли нарса бир банданинг қалбида жам бўлмаслиги хабари берилмоқда. Биринчиси: Аллоҳнинг йўлида иш қилиб, шу аснода чанг ютган одамнинг ичига жаҳаннамнинг олови кирмаслиги, яъни ўша одам жаҳаннамдан озод бўлиб жаннат аҳлидан бўлишлигидир. Иккинчиси эса бир банданинг ичида иймон билан ҳасаднинг жам бўлмаслиги. Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бошимизга етган ва етаётган бало-офатлар бекорга эмаслигини шундан тушуниб олсак ҳам бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Ушбу ҳадисдан ҳасадчи инсоннинг қилган савоб ишлари бўлса, бекорга чиқиши, ҳамда умуман, ҳасад бор жойда яхшилик қолмаслигини тушуниб оламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасадни худди зарарли оловга ўхшатмоқдалар. Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани еб битирганидек, ҳасад ҳам аввало ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, йўлида нима яхшилик бўлса, ҳаммасини куйдириб битиради. Руҳий касалликка чалинган одам билан эҳтиёт бўлиб муомала қилинади. Лозим бўлса, уни руҳий касалликлар диспансеригами, жиннихонагами жойлаб, атрофдагиларни у етказиши мумкин бўлган зарардан ҳимоя қилиш ва шунинг баробарида руҳи хаста одамни даволаш чораларини кўриш мумкин. Шукрки, руҳий хасталар сони у қадар кўп эмас. Буларни гапиришдан муддао – орамизда яна бир тоифа хасталар, яъни қалб хасталигига чалинганлар борлигини эслатиш. Афсуски, уларнинг сони кўп. Қалб хасталигининг бир неча турлари бор: кибр, манманлик, бахиллик сингари. Бугун сиз билан энг оғир қалб хасталикларидан бирига чалинганлар – ҳасад «бемор»лари ҳақида имкон даражасида сўзлашиш ниятидамиз. Ҳасадгўйлик балосига чалинган одамнинг қалби шилиниб туради. Ўзи ёқтирмайдиган одамга бирор неъмат етганини кўрса, чидолмайди, юраги куйиб, у одамнинг бу неъматдан маҳрум бўлишини истайди ва ҳатто шу мақсадда ҳаракатга тушади. Қўлидан келадиган ёмонликларни ишга солиб, «душман»ининг яширинча адабини бериб қўйиш пайидан бўлади. Унга бирор зарар етказа олса, ана унда кўринг ҳасадгўйнинг хурсандчилигини! Хўш, сиз шунақа одамни соғломлар қаторига қўша олармидингиз? Баъзи одамлар борки, улар бошқа кишиларнинг ўзидан устун жиҳатлари бўлишини исташмайди. Бунақалар бировларни ўзидан паст кўриб, менсимай юради. Уларнинг ҳамиша ўзига иши тушиб, ялиниб-ялтоқланиб кун кўришини хоҳлайди. Худо ана ўша – ўзи паст санаганларга бирор мартаба ёки неъмат берганини кўрса, ичи куяди, чидолмайди. Ҳасад ўз ишини қилади. Айтайлик, сиз маълум бир соҳада тенгдошларингиздан ёки ҳамкасбларингиздан ўзиб кетишни, сизга бу соҳада ҳеч ким тенг кела олмаслигини истайсиз ва шунга ҳаракат қиласиз. Лекин зинҳор улардаги иқтидор ёки билимнинг, ҳаракатнинг зое кетишини, уларнинг қайсидир бир неъматдан маҳрум бўлишини истамайсиз. Бу нарса ҳасад эмас. Чунки сиз ўзгаларга зарар етишини тиламаяпсиз. Фақат бошқалардан юқорироқ даражада бўлишни, насибангиз янада зиёда бўлишини хоҳлаяпсиз ва шунга ҳаракат қилаяпсиз. Бу ҳолат ўзаро рақобатнинг шаклланишига замин яратади, жамиятнинг ривожланишига олиб келади. Агар бирор кишига берилган неъмат – амалми, илмми, иқтидорми – сизнинг ғазабингизни қўзғаса, ўша одамнинг шу нарсалардан, мавқеидан айрилишини истасангиз, унда сиз учига чиққан ҳасадгўйсиз. Тафаккури ҳаминқадар бўлган одамларни, дейлик, биродарининг янги машиналик бўлганига ғаши келадиган ва ўзининг ундан зўрроқ эканини кўрсатиб қўйиш ниятида (ҳеч зарурати бўлмаса ҳам) биродариникидан қимматроқ, уникидан яхшироқ машина олиб минадиган ёки уйининг томини қўшнисининг томидан ҳеч бўлмаганда икки қарич баланд қилиб қўймаса, ҳаловати йўқоладиган кишиларни маълум бир сабабларга кўра маъзур тутса, кечирса бўлар. Улардан жамият у қадар катта зарар кўрмайди. Ҳасад қилинаётган биродар ёки қўшнига ҳам бу – кимўзар васвасасига дучор бўлган одамдан деярли зиён етмайди. Негаки, у биродарининг машинасини ишдан чиқариб қўяётгани ёки қўшнисининг уйини бузиб юбораётгани йўқ. Астойдил уринилса, бунақа тафаккурли кишиларни тўғри йўлга солиш, қилаётган ишининг бефойдалигини тушунтириш, эсини йиғишига кўмак бериш мумкин. Лекин зиёли зиёлига, ижодкор ижодкорга, олим олимга ҳасад қилса, ҳасад кетидан кек ва адоват туғилса, бунинг оқибати аянчли. Одамийлик илмини уқмаган олим, олим бўлган-у одам бўлмаган «зиёли» ўзи ҳасад қилаётган ҳамкасбининг оёғидан чалиш учун бор «маҳорат»ини ишга солади, керак бўлса, уни пичоқсиз сўяди. Ўзининг ҳам бутун илми ва вақти ёмон нияти йўлида қурбон бўлади. Лекин у бу ҳақда ўйлайдиган даражада оқил эмас. «Зиёли»нинг ҳасади туфайли жамият катта зиён кўради: қанча ёзилмаган асарлар ҳасад қурбонининг фикр сарҳадларида тўзиб, йўқ бўлиб кетади, қанча ихтиролар, кашфиётлар амалга ошмайди, қанча билим, хайрли орзу-тилаклар аламзада юраклар қатига кўмилади. Қанча оташқалб одамларнинг дунёдан ҳафсаласи пир бўлади. Бошланган катта ишларга қўл силтанади. Ҳасад қилинаётган олим ёки иқтидор эгасидан нафланаётган жабҳа усиз оқсаб, тараққиётдан маълум даражада ортда қола бошлайди. Мозий саҳифаларини варақлаб кўринг: машъум «шахсга сиғиниш» йилларида қатағон қурбони бўлиб кетган Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби зиё соҳибларини шахсан Сталиннинг ўзи танирмиди? Уларни «халқ душмани»га чиқарганлар, асарларидан кир топиб, бундан «тегишли жой»ларни хабардор этганлар айни ўша – зиё аҳли орасидаги ўзимизнинг ҳасадгўйлар эмасмиди?! Ҳасад  инсоннинг юрагини яралайди, куйдириб, ундан ақл, тафаккур неъматларини шилиб олади, ҳасадчи ҳасади туфайли ўз ич-этини ейди. Шу жиҳатдан, ҳасад ва севгининг ўзаро ўхшаш томонлари мавжуд. Бу борада инглиз мутаффакири Бекон «Ҳеч бир эҳтирос одамни севги ва ҳасадчалик сеҳрлаб қўя олмайди», дейди. Фақат иккисининг фарқи, севгида оқ ранглар – гўзаллик, нафосат, олийжаноблик устунлик қилса, ҳасадда қора ранглар – қабиҳлик, жаҳолат, тубанлик юқори туради. Севган одам ишқ завқи билан маъшуқасининг майда-чуйда камчиликларини кўрмайди, ҳасадгўй эса ҳар бир унсурдан кир қидиради. Кўплаб касалликларнинг келиб чиқишини инсон феъл-атворига боғлиқлигини ҳисобга олсак, психологияда маълум бўлган феъл-атворларга ҳасад туйғусининг қўшилиши натижасида турли касалликларнинг авж олиши айни ҳақиқат. Инсон кундалик фаолияти учун ниҳоятда зарур бўлган куч-қувват, энергияни бошқаларга ҳасад қилиш учун сарфламаслиги лозим. Олимлар бир кунлик ҳасад уч кунлик оч яшашга ўхшаш таъсир қилишини аниқлашган. Ҳасаддан одам кўкариб кетиши, ошқозон яраси орттириб олиши мумкин. Психологлар хулосасига кўра, ҳар бир характер эгаларида ҳасад туйғуси ва унинг оқибати турли хил кечади.Улар ўз ғазабларига чидай олмай, уни амалга оширишга ҳаракат қилишади. Ҳасад бўлмаганда, маънавият олами яна қанчадан-қанча гўзал асарлар билан бойиган бўларди. Кўплаб истеъдодлар айнан шу ҳасаднинг қурбони бўлганлигини баралла айтишимиз мумкин. Бу борада, президентимиз И. Каримов ўзининг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида:«Олис ва яқин тарихимизда не-не буюк зотлар ҳасад ва бахиллик, кўролмаслик туфайли қандай азоб-уқубатларни бошидан кечирган, соғлиғи, ҳатто ҳаётидан жудо бўлганини аччиқ мисолларда кўриш мумкин», дея алоҳида таъкидлайди. Одатда, ҳасад атрофингиздаги кимнидир ёқтирмай қолишдан бошланар экан. Бир жамоада фаолият юритаётган танишингиз: гуруҳдошингиз, касбдошингиз ёҳуд ҳамхонангизнинг ўзини тутиши, ҳаддан зиёд мақтаниши, унга атрофдагиларнинг кўп эътибори сизнинг ғашингизни келтира бошладими, ўзингизни тезда қўлга олинг. Унинг омадлилиги ёки ишлари юришганлигини кўра олмаётганлигингизни тан олишга ҳаракат қилинг. Шундан сўнг «рақиб»ингизнинг яхши сифатларини кўришга, иложи борича унинг тимсолини оқ рангларда чизишга ҳаракат қилинг. Сўнгра Сизда бошланаётган ҳасад босқичи ўтмаслашиб, ўзингизга нисбатан танқид кучаяди. Шунинг учун ҳам ҳасадчи шахсга эътибор билан назар солсангиз, унда ҳеч бир яхшилик аломатларини тополмайсиз. Ҳасад тарқалган жамиятда ҳам худди шу манзаранинг ўзини кўрасиз. Ҳасадчилар жамиятида яхшиликдан асар ҳам қолмайди. Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида, ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам қутулиши шарт. Ўшандагина элу-юртимизда бирор яхшиликдан умид қилсак бўлади. Ҳар биримиз ҳасаддан фориғ бўлиб, қалбимиз тоза ҳолга келиб, қуйидаги ҳадисда зикр қилинган саодатманд саҳобий розияллоҳу анҳу даражасига етишишга ҳаракат қилишимиз лозим. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиилнади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. У Зот: «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир одам чиқади», дедилар. Ансорийлардан, соқолидан таҳорат суви оқиб турган, чап қўлида ковуш тутган киши чиқиб келди. Эртасига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айни гапни айтган вақтларида, яна ўша одам кечаги ҳолида чиқиб келди. Учинчи куни ҳам худди шу ҳолат такрорлангач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, мажлисдагилар тарқалганида Абдуллоҳ ибн Амр ҳалиги одамга эргашиб борди-да: «Отам билан орамиздан гап ўтиб қолиб, уч кунгача унинг олдига кирмасликка қасам ичган эдим. Агар маъқул топсангиз, менга шу муддат ўтгунча уйингиздан жой бериб туринг», деди. У одам «Хўп» деб жавоб берди. Ҳазрати Анас ривоят давомида шундай дейдилар: «Абдуллоҳ, ўша уч кеча у билан бирга тунаганини, у одамнинг кечалари ҳеч бедор бўлмаганини, гапириб юрар эди. Агар у одам безовта бўлса, ўрнида ағдарилиб ётар ва бомдодгача Аллоҳни зикр қилиб, такбир айтиб чиқар экан. Абдуллоҳ яна шуларни айтган экан: «Аммо ундан фақат яхши гапларни эшитдим. Уч кеча ўтгандан сўнг унинг амали ҳеч нарса эмас экан, деган фикрга келай дедим. Унга: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Отам билан орамизда ҳеч гап ўтгани йўқ. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уч марта: «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир киши келади», деган гапни эшитдим. Уч марта ҳам сен чиқиб келдинг. Сенинг ҳузурингдан жой олиб, қиладиган амалларингга назар солиб, сенга иқтидо қилиш орзусида эдим. Аммо каттароқ бир иш қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапларга сени нима эриштирган?» деб сўрадим. У эса: «Ўзинг кўрган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ», деди. Зомрата ибн Саълабата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар», дедилар». Тобароний ривоят қилган. Демак, ҳасад қилишса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан. Одамлари орасидан яхшилик кўтарилганда жамиятнинг ҳалокатга дучор бўлиши шубҳасиздир! Юқорида айтганимиздай, у аввало ўзига ўзи душман. Унга шунинг ўзи етиб ортади. Ҳар куни ўзини ўзи тириклайин еб битираётган одамга ачинмоқдан ўзгаси оғирлик қилар. Албатта, у хулқини тузатиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди, ўзига танқидий назар билан қарай олмайди. Ҳасад маҳв этган қалбда зиё бўлмагани учун ҳам шундай.

Баҳодир МУҲАММАДИЕВ Add comment

Мавзуга оид мақолалар
 «Жоним болам Шундай пайт келадики, мен қарийман. Ўшанда сабрли бўл ва мени тушунишга ҳаракат қил. Агар давоми...

20:31 / 29.12.2016 4301
Асоссиз даъволар Муаммо қандай шаклда кўринишидан қатъи назар, унутмаслигимиз керак бўлган масала шуки, давоми...

17:17 / 24.01.2017 4057
Учинчи шубҳа Бу шубҳа тарафдорлари, умматнинг машҳур аёлларидан баъзилари турли ижтимоий тоифадаги давоми...

15:24 / 24.01.2017 2739
Фарзандим дунёга келди. Бу хабарни «Самолётга улгура олармиканман» деган хавотирли хаёл билан банд давоми...

11:43 / 25.01.2017 4560