Қаноатли бўлайлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қаноат – инсоний фазилатларнинг энг олийсидир. Бундай хислатга эга бўлган киши бахиллик, ҳасад, кўра олмаслик каби иллатлардан холи бўлади. Дунёда хотиржам ҳаёт кечиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: «Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки ҳақиқий бойлик кўнгилнинг тўқлигидадир», – деганлар (Муттафақун алайҳ).

Маълумки, Аллоҳ таоло барча инсонларни турли хил қилиб яратганидек, уларнинг ризқини ҳам ҳар хил қилиб тақсимлаган (Наҳл сураси,71-оят). Бу эса инсонлар учун бир имтиҳон бўлиб, улар ана шу ризққа қаноат қилиб яшашлари лозим эканлигига ишорадир.

Қаноат борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари барчамиз учун катта ибратдир. Маълумки, У Зот алайҳиссалом ўзлари ва оила аҳллари учун оддий ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр этган эдилар. Бу эса тўкин ҳаёт кечириш имкониятлари йўқлигидан ёки ноилож қолганларидан эмас.

Балки фақирона кун кўришни афзал билганларидандир. Муборак сўзларининг бирида «Фақирлик мен учун фахрдир», – деганлар.

Дарҳақиқат, қаноатли киши Аллоҳнинг унга тақдирида ёзган ризқига рози бўлиб, ҳар қанча ҳаракат қилганда ҳам фақат Аллоҳ белгилаб қўйган ризққагина эга бўлиши мумкинлигини англаб етган бўлади. Натижада ортиқча мол-дунёга хирс қўймай, борига қаноат қилиб яшайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ёстиққа бош қўйган азвожи мутоҳҳаралари, гўё қаноатсизлик қилиб, у Зотдан тоқатларидан ортиқ нарсани талаб қилганларида Аллоҳ таоло «тахйир»оятини нозил қилди (Аҳзоб сураси, 28-29-оятлар). Шунда улар Аллоҳнинг ризосини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшашни афзал билиб  охиратни ихтиёр этганлар ва борига қаноат қилиб, барча муслима аёлларга ўрнак бўлиб ҳаёт кечирганлар.

Демак, хотинлар ўз эрларидан, фарзандлар эса ота-оналаридан уларнинг тоқатлари етмайдиган нарсани талаб қилмасликлари, балки борига қаноат қилиб, шукр ва сабр билан ҳаёт кечиришлари даркор.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши батаҳқиқ, нажот топибди» (Имом Муслим ривояти).

Ислом шариати мол-дунёни ҳалол йўл билан топишга ва шукрини доимий тарзда адо этишга буюради. Шунинг билан бирга, мусулмонларни охиратни деб дунёни тарк қилмасликка, дунёни деб охиратни унутмасликка чақиради (Қасос сураси, 77-оят). Лекин дунё топиш учун ҳаром йўлларга кирмасдан, ҳалол йўл билан кифояланиш, қаноатли бўлиш даркор.

Салафларнинг солиҳа аёллари ва қаноатли фарзандлари оталари рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётганларида:«Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош бера олмаймиз. Шунинг учун уйга ҳаром ризқ олиб келманг!»–дер эканлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:«Кимки муҳтож бўлиб қолиб, эҳтиёжининг қондирилишини одамлардан умид қилса, ҳеч қачон унинг эҳтиёжи қонмайди. Кимки эҳтиёжини Аллоҳдан сўраса, Аллоҳ унинг эҳтиёжини эртами, кечми, албатта, қондиради», – деган мазмунда ҳадис ворид бўлган.

Шавкат АҲМЕДОВ

Тошкент шаҳридаги «Хўжа Аламбардор» жомеъ масжиди ноиби – имоми

Мавзуга оид мақолалар
Абу Али ибн Сино ошқовоқ ҳақида турли фикрлар айтган Ошқовоқни қайнатиб шарбати ичилса, йўтал ва кўкракдан давоми...

19:03 / 26.12.2016 7936
Башариятга пайғамбарларини мураббий ва муаллим қилиб юборган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар давоми...

10:41 / 23.02.2019 5973
Muslimaat.uz йиллик танловидан Муваффақиятли муслималарТарих ва замонамиздан мисолларНегадир ғарб дунёсида давоми...

08:00 / 28.02.2020 4156
«Вафийётулаъён» ва бошқа китобларда қуйидагилар ёзилган «Бағдоднинг ҳадис соҳиблари унинг келганини давоми...

15:56 / 01.12.2016 3730