Тирикчилик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тирикчилик

Эй тирикчилик! Сен кимсан ёки нимасан? Наҳотки, ҳамма сени деб юрган бўлса бу дунёда?! Балки, сен дунёнинг ўзидирсан?!

Ё нафсмисан? Сени деб одамлар охиратини унутишса... Сени деб соғликларидан ажрасалар... Сени деб қимматли, азиз умрлар машаққат-ла ўтса... Сени деб турли ўлкаларда дарбадар юрсак...

Айт менга, сен нимасан ўзи?!! Мен тўйдим сендан, эй тирикчилик! Сени деб яқинларим ҳолидан хабар ололмай қолдим. Сени деб фарзандларим тарбиясига беътибор бўлдим. Сени деб ҳатто намозларим ҳам қазо бўлиб қолмоқда. Сени деб Қуръон ҳам очолмай  қолдим, эй тирикчилик! Демак, сен душман экансан-да?! Надоматлар бўлсин сенга! Сени деб жамоатдан қолиб кетмоқдаман. Сени деб жума намозларига ҳам кеч борадиган бўлиб қолдим.«Нима қиляпсиз?» деб бировдан сўрасам, нега улар ҳадеб сени рўкач қилиб: «Тирикчилик-да!» деяверадилар? Наҳот, ҳаммани ўз ипингга ўтказиб олгансан? Сен нимасан ўзи?! Йўқ, мени аҳмоқ қила олмайсан. Мана кўрасан, сенга қасдма-қасдга иш қиламан! Мени енга олмайсан, эй тирикчилик! Эй дунё!

Эй нафсим! Энди сенинг ҳам ўзингга раҳминг келсин! Сен ўзингга куймасанг, биров сенга куймайди. Дунёга ҳеч ким тўйган эмас. Бу дунё матоҳлари деб мунча ёнасан?! Энди сени қамчилайман, билиб қўй! Аямасдан ураман, йўлимга юрмасанг...

Эй тирикчилик, сен золиммисан? Айб кимда ўзи? Сендами ё нафсимда? Икковингдан ҳам тўйдим. Бас, етар, қўй! «Мен сабаб чўнтагинг тўла пул, ҳаётда ҳеч нарсага зориқмасдан яшаяпсан-ку», деб аврама. «Ҳалол касб – ибодат», деб овутма ҳам. Буларни биламан. Эй тирикчилик, мен сенга эмас, маърифатга зорман. Шунга ошиқман. Сен йўлимда ўралашма. Мен умримни сен-ла эмас, маърифат-ла ўтказмоқни ва уни сочиб яшашни хоҳлайман.

Эй нафсим, яна такрорлайман, кўзингни оч! Иккаланг ҳам ўз ҳолимга қўй! Дунё – ўткинчи. Умр – ғанимат. Ахир мен олим бўлиб, одамларга манфаати етадиган буюк ишлар қилиб яшамоқчи эдим. Ахир мен Расулимиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларидан маънолар олиб, сўфи Оллоҳёр каби ҳикматга тўла шеърлар битмоқчи эдим. Маърифатга тўла китоблар ёзиб, одамларнинг уйларига, қалбларига  офтоб бўлиб кирмоқчи эдим...

Эй тирикчилик, надоматлар бўлсин сенга! Билиб қўй, бу оламда ҳамма ҳам сени деб юргани йўқ. Ҳа, ҳалол касб қилишлик ибодатдир. Лекин бу ҳаётда одамлар бахту-саодати учун яшашлик, умрни уларнинг дунё ва охират қувончлари учун сарф этиш – минг чандон ўзим учун ҳалол яшамоғимдан  яхшироқ. 

Мен шундай яшашни истайман. Маърифат ила бир боғ қилмоқ истардим дунёни. Гуллари илм ва ихлос бўлса эди...

Эй умрим, менинг қирқ уч йиллик савоб ва гуноҳга тўла саҳифам! Сенинг ўтган қай кунларингга йиғлай? Савобларим учун қувончданми ёки гуноҳларим билан қорайтирган саҳифаларинг учунми? Саждасиз ўтган кунларим учунми ё? Худо имконият берса ҳам, қазосини тўламаган рўзаларим учунми? Не учун йиғлай? Бу дунёнинг бевафолигигами?

Тафаккур қилсам, бу инсофдан эмас экан. Ноинсофгина ўзи учун куяди. Ўзининг дарди деб йиғлайди.

Эй кўзлар, сен умматнинг қаро кунлари учун йиғла! Уларнинг гуноҳлари афвини тилаб йиғла! Эй кўзлар, сен Исломнинг бўғилган тунлари учун йиғла. Башариятга ҳидоят тилаб йиғлагин. Залолатда юрганлар учун йиғла! Шунда чин мўмин бўлоласан.

Эй кўнгил, мард бўл ва шундай яшашни ўрган.

Эй азиз одамлар! Мен сизларни севаман. Қандай севмай бўлур сизларни ахир! Динимиз бир, китобимиз бир, Расулимиз бир. Бир умматмиз-а! Ҳай-ҳай, қандай севмай бўлур сизларни!

Дардимни дастурхон қилиб ўзимни танитмоқчи эмасман. Мен сизларга ўзингизга ўзингизни танитмоқ истардим.

Мулоҳаза шуки, чиройли якун топсин умримиз. Иймон-ла хотиржам, калима такрорлаб, солиҳ амаллар билан Ўзининг ҳузурига ёруғ юз билан бормоғингизни соғиниб йиғлагим келади.

Мен шундай яшашни хоҳлайман!

Фарҳодбек Жўраев

 
Мавзуга оид мақолалар
Ёнғин хавфсизлиги ойлиги    27 декабрь санасида Хадичаи Кубро аёлқизлар мадрасасида ёнғин хавфсизлиги давоми...

10:40 / 10.01.2017 5362
Бобом ҳақидаги хотираларим яна ўзўзидан беғубор болалигим ўтган лаҳзаларга етаклайверади. Бобом менга жуда давоми...

00:13 / 22.10.2020 5012
Аллоҳ таоло «Албатта, садақалар фақирлар, мискинлар, унда ишловчилар, қалблари улфат қилинадиганлар, қуллар, давоми...

15:04 / 10.10.2016 6315
Шариатимизда бидъатга муҳим аҳамият берилгани боис, кундалик ҳаётимизда бидъат тўғрисида турли қарашлар, давоми...

13:22 / 01.12.2016 3421