Мактублар 06. Бўйинбоғим қани-Бешинчи мактуб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«БЎЙИНБОҒИМ ҚАНИ?!»

 (Бешинчи мактуб) 

Иллат излаганга иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.

Ким нени изласа, топгай бегумон

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё! 

Садриддин Салим БУХОРИЙ

 Ассалому алайкум, мактуб соҳиби!

Саломатмисиз? Полвонларимиз нималар дейишяпти? Сиз томонда қандай янгиликлар? Бизда эса ҳозирча ҳаммаси яхши. Ҳа, айтганча, «Туғруқхонага мактуб» йўллайдиган оталар сиз билан иккита бўлди! Ўйлайманки, бу сон кун сайин ортса-ортиб боради, аммо камаймайди. Шундай мазмундаги мактубларнинг кўпайиши, аҳил эр-хотинларнинг, мустаҳкам оилаларнинг сони ортаяётганидан дарак беради, деб умид қиламан. Гапим тўғрими? У ким экан, дейсизми? Палатамиздан туғруқ бўлимига кўчган Муяссар опа кеча тушга яқин ўғилчали бўлган эди. Жами тўртта фарзанд бўлди – икки қиз, икки ўғил! Турмуш ўртоқлари ҳар куни икки бор келишни канда қилмайдиган «меҳрибон дада»лардан. Ўғилчали бўлгач, опамизга шунақа хат ёзганки, ўқисангиз, кулгидан думалаб қолишингиз тайин – «суппер мактуб!» Буям майли, ўша Бахтиёр акамиз Муяссар опамизга ўз қўллари билан аталаям пишириб келибдилар. Ишонмаяпсизми? Мана, хатдан бир жумлани айнан келтираман. Ўқиб кўргач, ўзингиз хат ҳақидаги гапим ҳам, атала ҳақидагисиям рост эканига ишонч ҳосил қиласиз: «Муяс! Аҳволларинг яхшими? Камчилик, қийинчилик йўқми? Полвончамиз қандай? Сенга атала пишириб келдим. Қайноғи совумасдан ичиб ол. Унни ёғда обдон қизартириб қовургач, озроқ сув ҳамда кўпроқ сут солиб, яхшилаб икки соат қайнатдим. Қўрқмасдан ичавер – болага сут, ўзингга куч бўлади!» Энди ишондингизми? Ишонган бўлсангиз, бугундан бошлаб атала пиширишни ўрганишга киришинг. Сабаби, менинг аталани жудаям яхши кўришимни биласиз-ку! Аввалига «Эркак киши қанақаям атала пиширарди? Чала пишган бўлса, Муяс опамиз уни ичиб олиб, яна бир нимани орттириб олмасайди», дея қўрқдик. Аммо опамиз акамизнинг «ошпаз»ликларига қаттиқ ишонаркан. Аталадан маза қилиб ичиб олибди-да, қолганини ҳамшира орқали «ҳужжат»и билан бирга бизга чиқариб юборибди. «Ҳужжат» яъни мактубда атала шу қадар ишончли ва кучли «реклом» қилинганидан ҳаммамизда ундан ичиб кўриш истаги уйғонди. Баравар ёпишдик. Ким пиёлада, ким қошиқда «синовчи ичувчи»ликка тушиб кетди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳақиқий атала! Шунчалар мазали чиққанки, ичиб тўймайсиз. Уни «Сурхонча атала» дея номладик. Чунки, бу бахтиёр оила вакиллари асли сурхондарёликлар. Сўнгра опамизга миннатдорчилик билдириб, икки энлик хат чиқаришниям унутмадик: «Ассалому алайкум, Муяс опажон! Аввало ўғилчали бўлганингиз билан муборакбод этамиз. Соғлиқларингиз яхшими? Аталахўр полвонча қалай? Ўзингизни ўйлаш ўрнига, шу ердаям биз ҳақимизда қайғурганингиз учун катта раҳмат! Умримизда бунақа ширин атала ичмаганмиз, десак, ишонасизми? «Ошпаз» акамизга бизнинг номимиздан миннатдорлик билдириб қўйинг. Худо хоҳласа, келгусида оилавий борди-келди қиладиган бўлсак, сизникига фақат Бахтиёр аканинг қўлларидан «Сурхонча атала» ичиш учун борамиз! Хайр, омон бўлинг!»

*   *   *

Бугун учинчи қаватдаги Дилнозахонга жавоб берилди. Пешин маҳали келганингизда, «Тўй»нинг гувоҳи, йўғ-е, меҳмони бўлардингиз. Қанақасига, дейсизми? Ҳозир тушунтириб бераман-да. «Азиз меҳмонлар» бор, яъни чақалоқнинг яқинлари. «Мезбонлар» бўлса – туғруқхона ходимлари. Мезбонлар оёғи олти, қўли етти бўлиб, меҳмонларнинг «кўнглини овлаш» пайида! «Томошабинлар» ҳам етарли, булар – беморлар. Оқ-қора «Лимузин»лар, «Линколн»лар, «Жеп»лар «беминнат» хизматда! Карнай-сурнай товушлари оламни тутган. Видеотасвирчиларни айтмайсизми? Камера иккита, йўғ-е, учта экан.«Қистир-қистир»лар ҳам кўнгилдагидай, ким қанча «ишлаган»ини фақат ўзию чўнтаги билади!  Фақат битта «камчилиги» – ош йўқ. Яна битта «ачинарли» томони – хонандаларни чақириш ҳеч кимнинг ёдига келмаган. Бу, албатта, тўй эгасининг «АЙБ»и! Туғруқхонада шундай дабдабаю асъаса билан тўй берган одам, наҳотки уни қиздирувчи хонандалар билан ошни унутса?! Ахир, тўй бўлгандан кейин росмана тўй бўлиши керак-да! Ошсиз, хонишсиз тўй кимгаям татирди? Шунча ваҳиманинг сабабчиси, тўғрироғи «айбдори» – бор-йўғи беш кунлик гўдак! Замонавийчасига «памперс» деб номланадиган таглик боғлаб олган чақалоққа бир қарич келадиган костюм-шим кийдирилган. Оббо-о! Бўйинбоғ тақиш эсдан чиқиб қолибди-ю! Ҳали гўдак эсини таниб, «Тўй»ининг видеотасвирини кўрганда «Туғруқхонадан чиқаётганимда нега менга костюм-шим кийдиргансизлар-у, бўйинбоғ тақмагансизлар?!» дея ота-онасидан хафа бўлиб, тўполон қилса-я? У ҳолда нима деб жавоб беришаркин?.. Шуларни ўйларкан, хафа бўлиб кетдим… Юрагимга кирган оғриқни енгиш учун йўлак бўйлаб кеза бошладим. Палаталардаги аёлларнинг деярли ҳаммаси деразалардан боққанча, томошабинликни дўндиришяпти. Кимдир эртаси учун «режа» тузяпти, кимдир «Эсиз, шунча харажат, исрофгарчилик! Бу кимўзарга пойга бўлмай, яна нима?!» деганча жимгина кузатиб турибди. Эшиги очиқ турган палата олдидан ўтарканман, ҳеч кимга кўзим тушмади. Аммо йиғи овози эшитилгандай бўлди. Ҳайрон бўлиб, ичкарига мўраладим. Бурчакдаги каравотда кимдир устига адёл тортиб олганча пиқ-пиқ йиғларди. Шунда ҳаммасини тушундим... Бу ўша – куни кеча ҳомиласи нобуд бўлган жувон!.. Англашимча, пастдаги дабдаба унинг битиб улгурмаган қалб ярасига туз сепиб юборган... Ёнига бориб, унга тасалли беришга журъатим етмади... Бегим! Юрагим ачишди... Мутафаккирлардан бири: «Ер юзида лоақал биргина бахтсиз киши яшаб туриб, хотиржам яшаш ва бахтли бўлиш мумкин эмас. Яшашдан мақсад, бутун инсоният фаровонлигини ва бахтини кўзлашдир», деб айтган экан. Нега биз фақат ўзимизни ўйлаймиз-у, атрофимиздагиларни ўйлашни, тушунишни истамаймиз?.. Эсингиздами, иккала фарзандимиздаям оддийгина машинада уйимизга кетгандик. Худо хоҳласа, бу гал ҳам шундай бўлади. Фақат, жигарбандимиз соғлом бўлса, шунинг ўзи кифоя! «Туғруқхонадаги тўй»ларга, «Лимузин»ларга сарфлайдиган пулимизни фарзандларимизнинг келажакда илмли, ўқимишли, янаям тўғрироғи ОДАМ бўлишлари учун сарфлаймиз, нима дедингиз? Буни уддалаш қўлимиздан келади-а? «Хато қилиш ҳаммада бор. Аммо доно инсонгина хатосини тан олиб, уни тузатади», деган экан донишмандлардан бири. Биз хатоларимизни қачон тузатар эканмиз?..

*   *   *

Кечаги мактубимда «Айниқса, пастда навбатчиликда ўтирадиган бир аёл бор-ку, унга ҳечам ишонмайман!» деганим ёдингиздами? Ҳозир сизга айтадиган гапларим эҳтимол, бировнинг устидан ғийбатга ўхшаб туюлиши мумкин. Аммо ғийбат, дея мен гапирмасам, бошқа гапирмаса, у ҳолда ҳақиқатни ким айтади? Ўтган кун ўша аёл беморларга уйидан келган нарсаларни тарқатаркан, шерикларимиздан бирига: «Сизга шоколад ейиш мумкин эмаслигини биласизми?» дея ўдағайлаб кетибди. «Биламан...» дебди бояқиш гап нимадалигини англаёлмай. «Унда нега эрингиз шоколад олиб келади?» дебди яна дўқ уриб. Қўрққанидан «Билмасам...» дебди келинчак. Аёлнинг бўлса, жағи тинмасмиш. «Бечорага нега бунча бақирасиз? Олиб келган эри бўлса, бунинг айби нима? Емайди, болаларига бериб юборади! Қани, қанақа шоколад? Менга беринг, ўзим уйдагиларидан қайтариб юбораман!» дея шерикларидан бири жувонни ҳимоя қилибди. Кутилмаган бу ўктамликдан навбатчи аёл довдираб қолибди-да, секингина палатани тарк этибди. Аммо пакетнинг ичида ҳеч қандай шоколад-поколад йўқ эмиш. Кейин маълум бўлишича, навбатчи аёл кимнинг ортидан нима келса, ҳаммасини бирма-бир «текшириб», ўзига «тегишли»сини шу йўл билан «тинчитар» экан! Кейин эса айбини ёпиш учун шаллақилик қиларкан. Буни қўшни палатадагилардан эшитиб, оғзимиз очилиб қолди. Ана сизга «ишбилармонлик»нинг янгича кўриниши! Тағин мактубларимни унинг қўлига берсам, сизга атаб ёзганларимниям ўқиб ўтирмасин, яна! Тўғрими? Айтганча, эртага полвонларимизниям олиб келинг, майлими? Уларни жуда-жуда соғиндим... Хатим ҳам ниҳоясига етиб қолди. Энди сиз билан янаги мактуб орқали кўришгунча, дея хайрлашаман. Омон бўлинг!  

КУМУШИНГИЗ

2012 йил.

       ">
Мавзуга оид мақолалар
Бизлар учун нурга тўлган дунёдирсиз, Илму ҳикматдурга тўлган дарёдирсиз, Расулуллоҳ экиб кетган давоми...

20:44 / 15.11.2016 4296
embedhttpswww.youtube.comwatchvu8Kv906xZdwembed

09:37 / 15.09.2016 3383
Дунё ишларидан безган кўнгил дер Соф эрур ҳижобга ўранган юзлар Дунё, Жулеттага кўнгил қўявер Асли, сиз давоми...

18:41 / 10.11.2016 4732
  «Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни билдиради. Закот берган кишининг моли давоми...

13:45 / 04.06.2017 4386