Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ким жинсий яқинлик қилса ёки унинг икки йўлидан бирига яқинлик қилинса, рўзаси бузилади.
Бунда манийнинг нозил бўлиши ёки бўлмаслигининг эътибори йўқ. Эркаклик олатининг бош қисми иккинчи тарафнинг олди ёки орқа йўлига кирса бўлди.
Қасдан ғизо ёки даво бўладиган нарсани еса ёки ичса ҳам, рўзаси бузилади.
Албатта, мазкур еб-ичишлар Рамазон кундузида содир бўлса.
Бу ҳолатларда қазосини тутади ва худди зиҳор қилувчи каби каффоротни адо қилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!» – деди.
«Сени нима ҳалок қилди?» – дедилар.
«Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим», – деди.
«Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди.
«Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди.
«Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. Ул Зот (ҳалиги одамга):
«Мана буни садақа қилиб юбор», – дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, у(Мадина)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», – деди.
Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра:
«Бор! Уни аҳлинга таом қилиб бер», – дедилар.
Бешовлари ривоят қилишган.
Рўзасини бузган рўзадор каффорот беришлиги вожиблиги шу ҳадисдан олинган.
Энг аввал каффорот қул озод қилиш бўлади.
Каффорот бериш вожиб бўлган одам қул озод қилишга қодир бўлмаса, кетма-кет, орасини узмай олтмиш кун рўза тутиши лозим.
Рамазон рўзасини тутиш даврида сабрсизлик қилгани сабабли, сабрли бўлишга тузукроқ одатланиб олиши учун.
Рамазонда қасдан рўзасини очиб юборган одам, икки ой кетма-кет рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом беради. Ҳар бир мискинга бир мудд (1843 грамм) миқдорида таом беради. Бу эса ўз навбатида гуноҳкор кишининг гуноҳини ювишга имкон яратиб бериш билан бирга, мискинларга яхшилик қилиш йўли ҳамдир.
Жумҳур уламолари: «Жинсий алоқада қатнашгани учун аёл киши ҳам каффорот беради», деганлар.
Каффоротни адо қилиш Рамазон фарзини адо қилишни қасдан бузганда вожиб бўлади. Бошқасида вожиб бўлмайди.
Агар Рамазоннинг қазосини ёки бошқа рўзаларни қасдан бузса ҳам каффорот вожиб бўлмайди. Каффорот Рамазоннинг ҳурматини оёқ ости қилгани учун вожиб бўлади.
Рамазон рўзаси фарзини адо қилишни ният қилиб тутган одам уни ўз ихтиёри ила мажбурлашсиз ва шаръий узрсиз қасдан очиб юборса, ҳам қазосини тутади, ҳам каффоротни адо этади.
Бу нарса қуйидаги ҳолатларда юз беради:
Рўзани бузадиган ва ҳам қазо тутишни, ҳам каффоротни вожиб қиладиган нарсалар:
1. Fизо ёки унинг маъносидаги нарсани шаръий узрсиз емоғи. Одатда озуқа сифатида тановул қилинадиган барча нарсалар ғизога киради. Дори, папирос, сигара, афюн, наша ва шунга ўхшаш нарсалар ҳам ғизо маъносидаги нарсаларга киради. Ушбу ҳолатларда рўзасини очган одам ҳам қазосини тутади, ҳам қул озод қилиш ёки олтмиш кун кетма-кет рўза тутиш, унга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш билан каффоротни адо қилади.
2. Бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан, шаҳват билан ушлаганидан ёки ўпганидан, қучоқлашиб ётганидан, мўйлабини мойлаганидан кейин «рўзам очилиб кетди» деган ўй билан қасдан еб-ичиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорот адо қилади.
(Фақиҳ «рўзанг очилибди» деб фатво берса, бундан мустасно. Унда фақат қазо тутади. Каффорот вожиб бўлмайди.)
3. Оғзига кирган ёмғир сувини, хотинининг тупугини лаззат учун ичига ютса, кесакхўр одам кесакни ютиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорот адо қилади.
4. Фарж шаҳватини тўла равишда қондирса ҳам. Унда иштаҳа тортадиган одам жинсининг олди ёки орқасига олатни киритиш кўзда тутилган. Агар маний тўкилиши бўлмаса ҳам.
5.Аёл киши кичик ёшдаги боланинг ёки мажнуннинг ўзига яқинлик қилишига имкон берса, унга ҳам қазо, ҳам каффорот вожиб бўлади.