ФАЗОВИЙ КАНАЛЛАРНИ АЛЛОҲ ЙЎНАЛТИРГАН НАРСА УЧУН ИШЛАТИШ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ФАЗОВИЙ КАНАЛЛАРНИ

АЛЛОҲ  ЙЎНАЛТИРГАН НАРСА УЧУН ИШЛАТИШ

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дунё ҳаётида яратган барча неъматини инсоннинг фаровон турмуши учун пайдо қилган. Лекин бандасига бўйсундириб, хизматчи қилиб қўйган бу нарсалардан Аллоҳ азза ва жалла насиҳат қилган кўринишда ҳамда У Зот буюрганидек фойдаланишда ўзига хос шарт мавжуд. Аллоҳ таолонинг сўзига қулоқ тутинг: «У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган Зот» (Бақара сураси, 29-оят). «Сизлар учун яратди», яъни  сизларнинг саодатингиз учун, сизларнинг яхшилигингиз учун ва сизларнинг фаровон ҳаётингиз сабабларини рўёбга чиқариш учун пайдо қилди. Аллоҳ томонидан совға қилиб, махсус мақсадда берилган ҳамма нарса фақат унинг яхшилиги учундир. Аллоҳни таниб, Унга иймон келтирган ҳамда Унинг тавсия ва баёнотларига қулоқ солган инсондан талаб қилинган нарса шуки, банда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайдо қилган ушбу бўйсундирилган нарсаларни Ўзи белгилаб қўйган услубга мувофиқ қабул қилиши, У Зот насиҳат қилган тавсияларга мувофиқ тарзда фойдаланиши зарурдир. Ана шунда буларнинг барчаси инсоннинг охират фаровонлигидан олдин дунё фаровонлигига кўтарилиши учун зина бўлади. Ана шунда бу нарсаларнинг барчаси унинг дунё ва охират саодати учун сабаб бўлади. Лекин одамлар орасида – балки улар кўпдир – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайдо қилган ушбу бўйсундирилган нарсаларни қабул қилиб олишда ўзларининг ҳавойи истакларига қараб жавоб берадиган кимсалар ҳам бор. Бундайлар ўз нафсларини бошқариш ўрнига нафслари уларга раҳбарлик қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло ушбу дунё ҳаётида пайдо қилган кўплаб нарсалар улар учун бахтсизлик ва машаққатга айланади. Ваҳоланки, Аллоҳ уларни саодат ва яхшилик учун яратган эди. Такроран айтамиз, Роббисини таниган инсондан талаб қилинган нарса шуки, у Аллоҳ таолонинг «У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган Зот», деган сўзининг тасдиғи ўлароқ, ўзининг олдига қўйиб қўйган ва унга бўйсундирилган нарсаларни кўрган вақтда уларни Аллоҳ белгилаб қўйган кўринишда бўйсундириши ва Парвардигор рози бўладиган йўлда ишлатиши лозимдир. Лекин биз эътибор бериб қарасак, кўплаб мусулмонларнинг, айтганимдек, ҳавойи истакларига ва шаҳватларига жавоб бераётганларини кўрамиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларни дунё ва охират саодатига кўтаришга сабаб қилиб қўйган ушбу зиналар уларнинг ҳалокат ва бахтсизлик водийларига тушиш сабабига айланмоқда. Мен ҳозир шу турган ўрнимда илгариги замонда бизларнинг тасарруфимизда ҳали мавжуд бўлмаган ушбу бўйсундирилган нарсалардан бири ҳақида гапириб бермоқчиман. Буни ҳозирда аксарият одамлар билади, у ҳам бўлса, кўпгина фазовий каналлардир. Мен биринчи навбатда шуни айтмоқчиманки, эй Аллоҳнинг бандалари, илм қанчалик кўп ва аниқ бўлса ҳам, оламдаги йўқ нарсани пайдо қилиши мумкин эмас. Албатта, илмнинг вазифаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайдо қилиб қўйган ишларни доимо кашф қилиш бўлган. Эҳтимол, у пайдо қилинган нарса номаълум бўлиши мумкиндир, (барибир) илмнинг вазифаси ўз эгасини ўша нарсани кашф қилишга йўллашдан ва ундан фойдаланиш йўлларига бошлашдан иборат. Мазкур фазовий каналлар ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзи остига кирувчидир: «У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган Зот» (Бақара сураси, 29-оят). Лекин биз эътибор бериб қарасак, кўпчилик мусулмонлар масжидларга тез-тез келиб турадилар, жума ва жамоат намозларида иштирок этадилар, кеч кириб, уйларига қайтганларида эса янги пайдо бўлган ушбу нарса (фазовий каналлар) билан ярим кечагача, эҳтимол, тонг отгунча ўзаро суҳбатлашиб, ухламай чиқадилар ҳамда бунга кўп вақтларини сарфлайдилар. Аллоҳ бу неъматни шу йўлда бундай ишлатишга рухсат бермаган. Мусулмон инсондан талаб қилинган нарса нима, эй Аллоҳнинг бандалари? Биринчи талаб қилинган нарса шуки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китобидаги Унинг насиҳатларини тушуниб етиш; Аллоҳ таоло бирор нарса буюрганида бандасини саодатли қилишни ирода этганини билиш; бирор нарсадан қайтарган вақтда эса уни ҳалокат ва бахтсизлик сабабларидан узоқлаштириш учун қайтарганини англашдир. Мусулмон Аллоҳга ишонувчи ҳамда унинг ақли ва ишончини бошқариб турган бу ҳақиқатни билувчи бўлиши лозим. Ва яна Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога иймон келтирган мусулмон Аллоҳнинг ушбу сўзини тушуниб етиши даркор: «Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, унга яхши ҳаёт кечиртирамиз» (Наҳл сураси, 97-оят). Илоҳий баёнот ўзида барча саодат бойликларини жамлаган яхши ҳаёт кечиришни иймон ва яхши амал қилиш билан бирга келтирди. Бунинг маъноси шуки, яхши ҳаёт кечириш ушбу услуб ва йўлга таянган. Ким Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг йўлини ва Унинг айтган буйруқларини ўзига лозим тутса, шубҳа йўқки, у дунё ва охиратда яхши ҳаёт кечиради. Лекин ушбу илоҳий баёнотдан юз ўгирадиган кишилар жуда кўп. Эҳтимол, у Аллоҳнинг қарори ва ҳукмига ишонмас, балки уни ҳавойи истаклари ва шаҳватлари бошқараётгандир. Банда қоронғу кечада ушбу неъматга яқин келади – мен уни «неъмат» деб атаяпман, лекин у буни балога айлантиради – у фазовий каналларга ташна одамнинг шўр ва тахир сувга яқинлашишидек яқинлашади. У ундан бир коса ичгач, кейин иккинчи косани, сўнг учинчи, тўртинчи косани то жигари парчаланиб, ўзини ҳалокат ва бахтсизлик жарлигига ташлагунича ичаверади. Шундай эмасми, эй Аллоҳнинг бандалари?! Илгари оилалар бир-бирлари билан боғланган ва унсу улфатда бўлган эдилар. Бу дўстлик оиланинг барча аъзолари, эр ва хотин ўртасида айланиб юрар эди. Оталар болаларини кузатиб, назорат қилар, васият ва насиҳатлар билан уларни ҳимоя этар, улар ҳам ушбу насиҳатларни қабул қилар эдилар. Фарзандлар оталарига яхшилик ва итоат билан юзланардилар. Дўстлик ҳовлида порлаб турар эди. Бу «шайтон» уларнинг уйларига кириб келгач, нима бўлди? Қулоқларини эгаллаган ушбу нарса билан улар тўйинтирилгач, у гапира бошлади. Бу шахслар ўртасидаги яқинлик арқони, эр ва хотин ўртасидаги ўзаро суҳбат риштаси узилди. Ўртадаги алоқалар совиб, бу совуқчилик хусумат ва адоватга айланди. Мен сизларга кўпинча содир бўлаётган воқеликни айтяпман. Эҳтимол, баён қилаётганим бу ҳақиқатни ҳамма билса керак. Қаерда хато содир бўлди, эй Аллоҳнинг бандалари? Ушбу янги пайдо бўлган ишни Аллоҳ азза ва жалланинг бизларга юборган ёмонлиги, деган хаёлга бормаслигимиз лозим. Аллоҳ таоло пайдо қилган ҳар бир нарсанинг ҳақиқати – неъматдир. Лекин Роббимиз бу неъматдан Ўзи кўрсатиб берган йўл орқали фойдаланишимизни буюради ва бошқа йўллар билан фойдаланишимиздан қайтариб огоҳлантиради. Акс ҳолда бу неъмат балога айланади. Бу – бор ҳақиқат! Уйларга кириб келган ойна… Сиз кучингиз етганича унга назоратчи бўласиз, имконингиз борича Аллоҳ таолонинг сизга айтган буйруғини бажариб, ушбу ойнани турли айблардан тозалайсиз, ундан сизнинг ишингизга тўғри келадиган нарсани истайсиз. Сиз ундан ўзингиз ва фарзандларингиз тарбиясига ёрдамчи бўладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буйруқларига нисбатан интизомли бўлишга кўмакчи бўладиган нарсани ихтиёр қилинг. Бунинг йўли сиз ўзингизнинг ёмонликка буюрувчи нафсингизга ҳоким бўлишингиз ва бу нафсни ўзингизга ҳокимлик қилишига йўл қўймаслигингиздир. Бу биз тушунишимиз керак бўлган ҳақиқатдир. Хато қаерга яширинмоқда, эй Аллоҳнинг бандалари? Хато кўп ишларда беркинаётгани йўқ, уни санаб ҳисоблаш ҳам қийин эмас, Аллоҳ таоло уни атрофимизда пайдо қилиб қўйган. Аллоҳ пайдо қилган ҳамма нарсанинг ҳақиқати неъматдир. Аллоҳ Ўз Сўзини рост айтган: «У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган Зот» (Бақара сураси, 29-оят). Сизлар учун, сизларнинг манфаатларингиз учун яратди. Лекин хато Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсунмаслик ва Унинг насиҳатларини бажармасликда яширинади. Мен бу ерда янги пайдо бўлган ушбу нарсага одамлар яқинлашишининг натижаси бўлган ижтимоий оқибатлар ва унинг жамиятга таъсири ҳақида гапиришни истаётганим йўқ. Мен бу ерда унинг оилага бўладиган таъсири ҳақида гапиришни истамоқдаман. Ушбу неъматдан фойдаланишдаги хато ортидан устида балолар тегирмони айланаётган қанча-қанча уйлар бор. Қанча-қанча уйлардаги эр-хотин ўртасида айланиб юрган дўстлик бугунга келиб ажралиш ва айрилишга етиб борди. Қанча-қанча уйларда оталар болалар тарбиясидан четга чиқиб, фарзандлар ҳам бу ишда оталарга бўйсунишдан бош тортмоқда. Фазовий каналларнинг бу уммат ақийдаларига шубҳани олиб кириши кўпаймоқда. Роббисига, Расулнинг пайғамбарлиги ва нозил қилинган Китобга бўлган иймонда шак-шубҳа пайдо қилиши ортмоқда. Мен яна қайта айтишим лозим, эй Аллоҳнинг бандалари! Аллоҳ таоло бу оламда пайдо қилган барча нарса неъматдир, сизлар уни балога айлантириб қўйишдан эҳтиёт бўлинглар. Бу фазовий каналлар билан Аллоҳ рози бўладиган кўринишда муомала қилинглар. У билан дунё ва охират саодатингизни зиёда қиладиган кўринишда муносабатга киришинглар. У билан муомала қилишда ҳавойи истакларингиз ва шаҳватларингизга жавоб беришдан эҳтиёт бўлинглар. Ушбу сўзимни айтиб, Аллоҳдан мағфират сўрайман.

2010 йил 2 апрелдаги Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг

Жума  хутбасидан Тошкент шаҳар «Эшонгузар» жоме масжиди

имом-хатиби Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Зарурий ҳожатлар билан бозор расталарини айланар эканман, менга қараб турган аёлга кўзим тушди. Қандай давоми...

21:06 / 27.10.2023 2741
embedhttpswww.youtube.comwatchv8QfZ7uvlwembed

21:43 / 18.10.2018 4824
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратларининг китоблари асосида Ғиёсиддин тайёрлади ГУНОҲЛАРДАН давоми...

21:00 / 08.02.2017 3743
  Қадриятга айланган суннатлар Ўзбек халқи ўзининг миллий урфодатлари, гўзал қадриятлари билан бошқа давоми...

18:48 / 04.12.2018 2619