Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бу мавзуга алоҳида тўхталишимизга Ислом.уз таҳририятига келган кўплаб савол ва таклифлар туртки бўлди. Саволларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда «Ислом.уз» порталига ёки шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига нисбат берилган манбалар ҳақида: «Фалон сайт (саҳифа, бот) сизларга тегишлими?», «Фалон саҳифада берилган маълумотлар ишончлими?», «Бир жойда шайх Ҳазратлари шундай-шундай деганларини ўқиб қолдим, буни ҳақиқатан ҳам айтганларми?»… Шу тахлитда келган ва келгусида ҳам келиши мумкин бўлган саволларга барҳам бериш мақсадида ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин!
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Оламларнинг Робби Аллоҳ таолога ҳамд санолар бўлсин. Оламларга раҳмат ўлароқ юборилган Муҳаммад мустафога дуруду салавотлар бўлсин.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Маъориж сурасида шундай марҳамат қилади:«Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қиладиганлардир» (32-оят).
Аллоҳ таоло ушбу оятда ҳақиқий мўминларни мақтаб, уларнинг фазилатларини васф қилади. Уларнинг энг яхши сифатларидан, ҳақиқий мўминликка далолат қилувчи сифатларидан бири омонатга хиёнат қилмаслик, аҳдга вафо қилишдир. Омонат ҳам, аҳд ҳам икки хил бўлади: Аллоҳ таоло билан банданинг ўртасидаги ва банда билан банданинг ўртасидаги аҳдлар. Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги омонат деганда, шариатга амал қилиш ва дин ҳукмларини маҳкам тутишни мисол қилиб келтириш мумкин. Банда билан банда ўртасидаги омонатга эса бир-бирига ишониб топширилган нарсалар, айтилган махфий гаплар ва шу кабилар киради. Омонатга хиёнат қилиш мунофиқликнинг белгиларидандир. Бу ҳақда Набий алайҳиссаломдан кўпгина ҳадислар ривоят қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, бажармайди, омонат топширилса, хиёнат қилади», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Гапни омонатдорлик ҳақидаги оят-ҳадислардан бошлашимизга сабаб шуки, шайх Ҳазратларининг вафотларидан кейин, деярли, барча давраларда у зот ҳақидаги фикр-мулоҳазалар айтиладиган бўлиб қолди. Халқимиз бу оғир жудоликдан қаттиқ қайғуга тушди, ҳамма устозимизнинг ўринлари қанчалик билинаётганини куйиниб гапира бошлади. Динимизга оид масалаларда ҳам, кундалик ҳаётда учрайдиган воқеа-ҳодисаларга оид гапларда ҳам устозимизнинг ўгитлари, панд-насиҳатлари кўп эсланадиган бўлди. Бу яхши, албатта. Агар у зот қолдирган улкан, бебаҳо илмий мерос ана шундай иззат-икром билан ўрганилса, эсланса, уларга амал қилинса, айни муддао. У зотнинг суҳбатларидан, ваъз-иршодларидан иқтибослар келтиришдан мақсад у зотни эслаш, ибрат олиш, эргашиш, ҳақларига дуо қилиш бўлса, қандай яхши! Бугунги авлоднинг зиммасида бу қадар улуғ алломанинг меросини ўрганиш ва ўргатиш, кейинги авлодларга омонатдорлик билан етказиш масъулияти бор. Аммо афсуски, баъзан устозимизнинг шаънларига нолойиқ гап-сўзлар ҳам қулоққа чалиниб қолмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда шайх Ҳазратлари ҳақида турли бўлмағур миш-мишлар тарқалмоқда, ҳеч кимдан берухсат у кишининг овозлари, видеотасвирлари тарқатилмоқда, «шайх шундай деганлар» деб турли матнлар иқтибос деб келтирилмоқда. Бундай нохуш ҳолатларни бироз ўрганиб, таҳлил қилиб чиқилса, уларнинг асосан уч хил кўринишда эканини кузатиш мумкин:
1. Айрим кишилар шайх Ҳазратлари айтмаган сўзларни у кишига нисбат бериб, орада ихтилоф чиқариш, халқнинг устозимизга бўлган муҳаббатини синдиришни хоҳлайди. Масалан, баъзан «Шайх ҳазратлари ... шундай деганлар» деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Ваҳоланки, шайх Ҳазратлари ҳеч қачон бундай демаган бўладилар. Бундай гаплар ғирт туҳмат, бўҳтон, ёлғондир. Айтилмаган гапни айтди, дейиш жуда оғир гуноҳдир. Бундай ғийбатлардан ихтилофлар келиб чиқади. Буларнинг бари жаҳаннамга элтувчи гуноҳи кабиралар ҳисобланади. Қолаверса, одатда бундай гапнинг қаердан олингани, қайси манбадан эшитилган ёки кўрилгани айтилмайди.
2. Айримлар устознинг китоб ёки маърузаларидаги биргина гап ёки жумлани ўқиб, ёки эшитиб олиб, тарқатиб юришибди. Аслида буни яхши ният билан, савоб умидида қилишса керак, лекин бепарволик ёки илмсизлик туфайли бу иқтибосни нотўғри талқин қилишади. Мисол: «Шайх Ҳазратлари қарздорнинг қарзи узилмагунча иши юришмайди, деганлар». Тўғри, Ҳазрат ҳақиқатан ҳам шундай деганлар. Лекин динимизда бундай умумий тушунча йўқ. Қарздор одамнинг иши юришмаса, қарздорлар қарзни қандай узишяпти? Ҳаётда ҳар хил ҳолатлар учраб туради. Кимдир қарздор бўлиб қолади, лекин қарзни узишни ният қилиб, Аллоҳдан сўраб, ҳаракат қилса, иши юришиб, қарзини узади. Бунга ҳаётий мисоллар жуда кўп. Шунинг учун Ҳазрат айтган бу сўз атрофида жуда кўп тушунмовчиликлар келиб чиқди. Хўш, бунинг ечими қандай? Жавоб шуки, бу ҳикматни келтирган киши бепарволик қилган, шайх Ҳазратларининг сўзларини тўлиқ келтирмай, гапнинг охиринигина айтган. (Албатта, бу ҳикматни яхши ниятда келтирганларига шубҳамиз йўқ). Шайх Ҳазратлари бу сўзни қуйидаги саволга жавоб тариқасида айтганлар. Мана ўша савол-жавобнинг тўлиқ матни (савол берувчининг имлоси сақлаб қолинган):
http://savollar.islom.uz/savol-36894/ Савол: Узтоз, агар бир киши вафот этса, унинг қарзлари бўлса ва у қарзларни зиммасига олувчилар зиммаларига олгандан сўнг, қарзларнинг ҳаммаси зиммасига олган инсонга ўтиб кетадими? Ва агар қарзлар бўла туриб вафот этса, зиммасига олганлар у қарзларни адо қилишмаса (яъни ҳар хил сабабга кўра: ё ҳақдор ҳақини сўраб келмаса, ёки қарзни қайтаришдан кейинчалик бош тортилинса) шундай ҳолда майитнинг охиратдаги ҳукми қандай, барибир, ўзининг зиммасида қолаверадими?
Жавоб: «Қарз» номли китобни ўқинг. Ўшанда қарзга оид масалалар баён қилинган. Қарздорнинг қарзи узилмагунича иши юришмайди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «islom.uz» Манба: http://hilolnashr.uz/index.php/kitoblar/product/116-qarz-unga-bogliq-masalalar
Эътибор берган бўлсангиз, савол қарздор маййитнинг охиратдаги ҳолати ҳақида берилган. Жавоб ҳам шунга мувофиқ, маййитнинг охиратдаги ҳолатини назарда тутилган ҳолда айтилган. Демак, шайх Ҳазратлари «Қарзи узилмаган маййитнинг охиратдаги иши юришмайди», демоқчи бўлганлар.
3. Олимларнинг сўзларига ўз сўзларини қўшиб юбориш. Ҳаммамизга маълумки, интернет форумлар, кейинчалик эса ижтимоий тармоқлар илм ўрганиш, мутолаа қилиб, саволларга жавоб излаш манбаи эмас, балки баҳслашиш, талашиб-тортишиш, ҳатто даҳанаки жанг қилиш майдонига, бир-бирини айблаб, хусуматлашиш воситасига айланиб қолди. Арзимаган масалаларни талашиб, баҳс ва тортишувларда бир-бирига қарши ҳужжат келтириш учун машҳур олимларнинг, устозларнинг фикрларидан ўзининг мақсадига тўғри келган жойларини кесиб олиб, унинг ёнига ўзининг қарашларини аралаштириб, рўкач қиладиган, далил сифатида даъво қиладиганлар кўпайиб кетди. Булардан бехабар бўлган, китобни кам ўқийдиганлар бундай тортишувларни ўқиб кўрса, юқорида келтирилган иқтибослар билан хусуматчиларнинг фикрини ажрата олишмайди. Натижада «фалон домла бундай деган эканлар, ўзим кўрдим, бир йигит иқтибос келтирибди» шаклида гап-сўзлар кўпаяди. Динимиз аввало беҳуда гап-сўз, талашиб-тортишишлардан, ихтилофлардан, тафриқага тушишлардан, нафақат динда, балки ҳар бир ишда ҳам ғулувга кетишдан қайтарган. Қолаверса, бирор маълумотга дуч келган мўмин-мусулмон одам унинг манбаини, ровийсини текшириб кўриши, хулоса чиқаришга шошилмаслиги лозимлиги ҳақидаги оятлар бор, улуғларимизнинг ҳикматли сўзлари бор.
«Эй иймон келтирганлар! Агар бир фосиқ сизларга хабар келтирса, аниқлаб кўринглар! Билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Муҳаммад ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳи «Бу илм – диндур. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар», деган (Имом Муслим ривоят қилган). Алҳамдулиллаҳ, халқимиз – илмга чанқоқ, маърифатга ташна халқ. Бироқ, кўп нарса илмни кимдан олишга ҳам боғлиқ. Айниқса, турли бузуқ ақидалар, адашган оқимлар урчиб, илмсиз, тажрибасиз ёшларни йўлдан уриб турган бир пайтда мазкур оят-ҳадисларнинг долзарблиги янада ортади. Аллоҳ таолонинг ҳукмига, амр-фармонига қатъий итоат қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш мўминликнинг асосий белгисидир. Охиратимизнинг яхши ёки ёмон бўлиши динимизни тўғри тушуниб, унга тўғри амал қилишга боғлиқ экан, диний таълимотларни, шаръий ҳукмларни, фатволарни кимдан, қайси манбадан олаётганимизга ҳушёр бўлайлик. Айни пайтда, ўзимиз кимгадир мазкур таълимотларни етказмоқчи бўлсак, ниҳоятда эҳтиёт бўлайлик, омонатдор бўлайлик. Яхшилик қиламан деб, ўзимиз ҳам адашиб, бировларни ҳам адаштириб қўймайлик. Аслида бундай ишларни ўз аҳлига, яъни олимларга қўйиб берилса нур устига нур бўларди. Улуғлардан бири «Мен учун баҳсда ҳақ гап айтилса бўлди, уни қайси томон айтишининг менга фарқи йўқ», деган экан. Ана шундай зотлардан ибрат олиш керак, уларга муносиб авлод бўлиш керак. Шунинг учун уламоларнинг сўзлари, овозлари ёки видеотасвирларини келтирганда уларнинг қаердан олинганини кўрсатиш, манбасини келтириш лозим. Жумладан, иқтибосларнинг қайси китобдан олингани, қайси нашриётда, қайси йилда чоп этилган китобнинг нечанчи бетидан олингани кўрсатилиши керак. Шунда турли ихтилофлар барҳам топади, Юқорида айтиб ўтилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, шайх Ҳазратларининг китоблари ёки улар асосида тайёрланган медиамаҳсулотлардан иқтибос келтирмоқчи бўлганлар, аввало, муаллифнинг меросхўрлари билан боғланиб, бу борада маслаҳатлашишлари, ижозат олишлари талаб қилинади.
Шу муносабат билан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси ҳамда «Ислом.уз» порталининг масъуллари, ходимлари ва ҳамфикрлари томонидан ижтимоий тармоқларда ташкил этилган бот ва саҳифалар рўйхатини эълон қиламиз. Айни пайтда, ушбу рўйхатда санаб ўтилган манбалардан бошқа манзиллардаги ҳар қандай ахборот ресурсларининг бизга алоқаси йўқлигини маълум қиламиз. Ушбу рўйхатда кўрсатилмаган манбаларда берилган ва шайх Ҳазратларининг ёки меросхўрларининг моддий ва маънавий мулки ҳисобланган ҳар қандай матн, иқтибос, сурат, овозли ёзув, фото ва видеотасвирлар рухсатсиз олинган ҳисобланади. Бундай чора кўришдан мақсад илмни беркитиш ёки уни ўрганишга тўсқинлик қилиш эмас, балки илмий омонатга вафо қилиш, муаллифга, муаллифлик ҳаққига ҳурмат кўрсатишдир. Қолаверса, юқоридаги каби тушунмовчиликларга барҳам беришдир. Интернет саҳифаларида, ижтимоий тармоқларда шайх Ҳазратларининг асарларидан иқтибос олинса, мазкур рўйхатдаги манбалардан бирортасидан олиниши шарт бўлиб, иқтибосдан олдин ёки кейин манбанинг номи ёки интернетдаги тўлиқ манзили алоҳида, аниқ кўрсатилиши керак. Шундай қилинса, юқоридаги каби тушунмовчиликларнинг, суиистеъмолларнинг олди олинади, турли ихтилоф ва даъволар бартараф бўлади.
Интернет-манбаларимиз • Islom.uz саҳифалари: www.facebook.com/www.islom.uz www.facebook.com/ShaikhMSMY http://ok.ru/info.islom.uz http://ok.ru/oltin.sahifalar http://ok.ru/khikoyalar • quran.uz саҳифаси: www.facebook.com/quranuz • muslimaat.uz саҳифаси: www.facebook.com/Muslimaatuz • islam.uz (рус тилида) саҳифаси: www.facebook.com/Islam.Uzb?ref=br_rs • «Зикр аҳлидан сўранг» savollar.islom.uz саҳифаси: www.facebook.com/sinov.islom.uz • fiqh.uz саҳифаси: www.facebook.com/pages/Fiqhuz • siyrat.uz саҳифаси: www.facebook.com/siyrat.uz • e-tarix.uz саҳифаси: www.facebook.com/e-tarixuz • hilol.com • e-adabiyot.uz • nega.islom.uz • media.islom.uz: https://www.youtube.com/user/islomuz https:// soundcloud.com/adham-atajanov • hadis.islom.uz • info.islom.uz • tib.islom.uz • arabic.uz саҳифалари: www.facebook.com/groups/arabic.uz «Telegram»даги бот: (arabic.uz hikmatlari) «Telegram»даги канал: (arabicuz) • blog.islom.uz • forum.islom.uz • halol.org • s-port.uz • masjid.uz • oilam.uz саҳифаси: www.facebook.com/OilamUz
«Islom.uz» портали билан ҳамкорликда фаолият юритаётган манбалар:
«Телеграм»даги «бот»лар: • @Saboqlar_bot: • @quranlistener_bot • @Savollar_bot «Телеграм»даги гуруҳ: hadis va hayot
Бошқа ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар: • «Твиттер»да: https://twitter.com/Shayx_saboqlari • «ВКонтакте»да: http://vk.com/Shayx_saboqlari • «Одноклассники»да: http://ok.ru/shayx.saboqlari • «Ислом.уз» форумида: http://forum.islom.uz/smf/index.php/topic,33198.0.html • Фейсбукда: https://www.fb.com/pages/Шайх-Муҳаммад-Содиқ-сабоқлари/1799781113581412?ref=tn_tnmn • «Ю-Форум»да: http://uforum.uz/showthread.php?t=20859 • «Instagram»да: @shayx_muhammadsodiq_saboqlar
Юқорида келтирилганлардан бошқа барча сайт, саҳифа ва ботларнинг бизга алоқаси йўқлигини яна бир бор эълон қиламиз. Аллоҳ таоло барчамизни бировнинг моддий ёки маънавий мулкига тажовуз қилишдан асрасин, устозларимизнинг улкан илмий меросидан фақатгина У Зотнинг розилиги йўлида фойдаланишимизни насиб қилсин.
«Hilol-Nashr» нашриёт-матбааси «Islom.uz» портали маъмурияти