Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Жуфтингиз сизни қайтадан севсин!
Вақт ўтиши билан ҳаётдаги турли босимлар, иш ва фарзандлар тарбияси сабабли эр‑хотин алоқаси кучсизланиб қолади. Эр‑хотин орасидаги барча нарсалар зерикарли бўла бошлайди. Турмушнинг илк кунларида ҳукм сурган жўшқин туйғулар топилмай қолади.
Кўп оила бекалари турмушдан бир неча йиллар ўтгач, турмуш ўртоқларининг муомаласи ўзгариб қолганидан шикоят қиладилар. Жуфтлар орасида севги, эҳтирослар йўқолиб бораётганидан ташвишга тушадилар. Аммо бу муаммонинг муолажасини кўпчилик била олмайди. Ана шу эътибордан биз оила бекаларига баъзи тавсияларни тақдим этишни лозим топдик. Шояд турмуш қурганларидан қанча йиллар ўтмасин, турмуш ўртоқлари билан ораларидаги муҳаббат ўз ҳароратини йўқотмаса, балки туйғулар янгиланиб турса.
Аввало, аёл эри билан алоқасини яхшилаш йўлларини излаши керак. Алоқанинг кучсизланишига олиб борадиган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиши лозим. Бу омиллар иқтисодий, ижтимоий ёки аёлнинг қусуридан бўлиши ҳам мумкин. Алоқа заифлашишининг сабабларини аниқлаш, ҳолатни муолажа қилишда ниҳоятда зарур.
Аёл ўзининг баъзи одатларини ўзгартириши керак. Эрига ёқмайдиган тасарруфларидан кечиши лозим. У бу ишни хурсандлик билан қилиши, айни пайтда эрига саодат бахш қиладиган нарсаларни маҳкам ушлаши даркор. Аёлнинг эрини рози қилишдаги саъй‑ҳаракати икковларининг орасидаги муносабатнинг ўз табиий йўлига тушиб кетишига ёрдам беради.
Ўтмишда турмуш ўртоғингизнинг эътиборини жалб қилиш, ўзингизга тортиш учун ишлатган услубларингизни қайта ишга солинг. Йиллар ўтганига қарамай, ушбу услублар унинг қалбига ишқ ўтини қайта ёқиши мумкин.
Эркак ва аёл фикр ва туйғуда турличадир. Буни инобатга олиб иш кўриш айни ҳикматдир. Қолаверса, турмушда вақт ўтиши билан турмушнинг илк кунларига қараганда эркак кишининг фикри ва ўлчовлари ҳам ўзгариб боради. Шу сабаб сиз унинг қандай фикр юритишини тушунишингиз зарур. Сиз иккалангизнинг орангиздаги тафаккур тафовутларини ажратиб олишингиз даркор. Бу эса муносабатингизни яхшилашингизда сизга қўл келади.
Сиз билан турмуш ўртоғингиз орасида доимий шаклда суҳбат ойнаси очиқ туриши керак. Бу ойна орқали сиз унга ҳисларингизни баён қилишингиз, у билан фикр алмашишингиз керак. Жимлик ҳеч қандай муаммони ҳал қилмайди. Балки ишларни янада чигаллаштиради.
Уй ишлари ва фарзандларнинг тарбияси сизни эрга эътибор беришдан чалғитиб қўймасин. Эркак сизнинг севгингизга, унга бўлган эътиборингизга ва уни қадрлашингизга муҳтож. Шунингдек, бундай муносабат эрингиз сизга ҳам айни шуни қўллаши учун зарурдир.
Аввал айтиб ўтганимиздек, ҳаётдаги зерикарли бир хиллик эр‑хотинлик алоқасида муҳаббатнинг йўқолишига сабаб бўлади. Шу боис эрингиз учун ҳар куни бир янгилик ёки кутилмаган бир тортиқ тайёрлаш орқали бир хилликдан қутулинг. Масалан, алоҳида таом ҳозирлаш, саёҳат, янгича изҳор ва ҳоказо.
Янги чилла режалаштиринг, яъни турмушингизнинг биринчи ҳафталаридаги хотираларни ҳаётга қайтаришга аҳёнда бўлса ҳам янгидан уюштиринг. Бу режани ўша кунларни ўтказган ерларингизда амалга оширсангиз ҳам бўлади.
Эрингизнинг кичик хатолари учун дашном бериб, узилиш, узоқлашишга бориб қолишдан ҳазир бўлинг. Чунки нафратга у ҳам нафрат билан жавоб қилиши мумкин. Натижада орангизда совуқчилик пайдо бўлади. Балки мабодо уни хатоларидан огоҳлантирмоқчи бўлсангиз ҳам, ҳурматига муносиб кўринишда, туйғуларини жароҳатламаган ҳолда танбеҳ беринг.
Эрингизни отангиз ёки бошқа эркакларга солиштирманг. Балки уни яхши сифатлари билан мақтанг. Салбий одатларини тарк қилишига ёрдам беринг. Солиштириш на ўзингизга, на эрингизга фойда келтирмайди. Балки орангизда доимий тортишув келиб чиқишига олиб боради. Шунингдек, у ҳам сизни бошқа аёлларга солиштириб, сиздан айб ахтаришга ўтиб қолади.
Одинахон Муҳаммад Юсуф таржимаси