Берухсат нарса олма!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар фарзандингизнинг ўйинчоқлари орасида унга тегишли бўлмаган нарсани кўриб қолсангиз, қўлингизга камар олишга шошилманг!

Нима учун мумкин эмас?

Ҳаттоки энг хотиржам ота-оналар ҳам уларнинг фарзанди бирор нарсани меҳмонда ёки боғчадан берухсат олиб келганда  дарров тутоқиб кетишади. Бунинг ортидан уйда дарров кўз ёшлар, ғазаб, фарзанднинг келажаги ҳақидаги турли фикрлар пайдо бўлади. Албатта, бу ерда ўйлаб кўришга арзирли нарса бор, аммо ўта  фожеавий эмас.

«Меники» ва «бегона» деган тушунчалар одатда болада 3 ёшдан сўнг пайдо бўлади. Унгача эса биз уни ўғрилик ва сўрамасдан олиш деган айблар билан жазолай олмаймиз.

Қани айтингчи, ўз дўстига чин дилдан энг чиройли китобингизни бериб юборган бола ўғрими?  Болалар майдончасида қўшни болакай унутиб қолдирган ўйинчоқни олган бола-чи?  У шунчаки бировга тегишли бўлган нарсага эгалик қилмоқчи ва бунинг учун уни нега уришаётганликларини тушунмаяпти.

Бола ҳозирча шунчаки умумқабул қилинган меъёрлар билан яхши таниш эмас,  ота-оналарнинг эса ҳозирча ўзингники бўлмаган нарсани берухсат олиш ўғрилик, деб тушунтиришга,  афсус, вақтлари йўқ. Агар вақтида ҳаммаси тушунтирилса, биринчи бор бу ишни сезишингиз билан касални муолажа қилишга уринсангиз,  келаси сафар у ҳеч бўлмаганда сўраб олишига умид катта.

Энг муҳими – эътибор

Бироқ шундай ҳолатлар ҳам бўладики, бола  (одатда, бу кичик ёш пайтидан ўтган болалар),ўз чўнтакларига бировнинг нарсасини сола туриб, ёмон иш қилаётганлигини ўзи билади. Бу ҳолатда ота-оналар қилишлари лозим бўлган энг муҳим иш: бунинг сабабларини аниқлашдир. Болалардаги «ўғрилик» психологияси жуда оддий: бола ўзига етишмаётган ниманингдир ўрнини босмоқчи. Ниманинг? Айнан шу нарсани ота-оналар аниқлашлари керак бўлади.

Бу фикрни кўпинча ўзида йўқ бирор нарсага эгалик қилиш хоҳиши уйғотади. Бола баъзан бунда ўз виждонига қарши ҳам боради. Бу ўринда бола ўзига оқланиш учун баҳоналар ҳам ўйлаб топади: «Унинг ўйинчоғи шундоқ ҳам кўп», «Менга эртага олиб беришса, қайтариб бераман», «Балки, буни ҳеч ким сезмас» ва ҳ.к.

Чиндан ҳам сиз ҳамёнингиздан баъзан пул йўқолаётганлигини сезмаслигингиз мумкин. Ишларингиз жуда кўп. Майда-чуйдаларга эътибор беришга вақт йўқ. Аҳамият беринг: фарзандингиз ўсяпти, унга ўтган йили олиб берган жемферингизнинг енги, деярли, тирсагига келиб қолган, у кўчада музқаймоқ ялаб кетаётган дўстларига қандай нигоҳ билан қараяпти? Ҳеч эътибор берганмисиз?

Лекин сиз ўғриликни сезганингиз заҳоти йўлидаги барча нарсани яксон этувчи ўткир қиличга айланасиз. Бола эса айнан шунга эришмоқчийди. Яъни унга сиз, сизнинг эътиборингиз, унинг ҳаётидаги иштирокингиз етишмаётганди. Албатта, сиз эртаю кеч тиним билмай ишлаб, айнан шу фарзанднинг таъминотини амалга оширяпсиз, аммо у ҳозир буни кўрмайди ва тушунмайди.  Ва сизнинг бу вазиятга унга нисбатан ғазабингиз қанчалик кучли бўлса, у бу ишни шунча кўп амалга ошира бошлайди. Ахир унга нисбатан туйғуларингиз (яхшими ёки ёмонми, ҳозирча бунинг фарқи йўқ) унга жуда муҳим. Бу ўринда болага моддий манфаат энг кам қизиқарли жиҳат бўлиши мумкин. Сиздан берухсат олинган пул эвазига харид қилинган ширинликлар эса ота-она томонидан берилмаётган, етишмаётган эътибор ўрнига эваздир.

Ва яна. Агар уйда фарзандингизнинг ҳамма нарсаси жойида бўлса, у юпанчни кўчадан, тенгдошлари орасидан қидиради.  Уларнинг ҳурматини қозониш учун эса  кўп нарсага – хусусан,  уларни «сотиб олиш» учун сиздан берухсат пул олишга ҳам тайёр бўлади. Чунки дўстлари у билан фақат бирор нарса эвазига(ширинликлар ёки ўйинчоқлар) дўстлашишларини айтишади. Сиз унинг кўчада, болалар майдончасида, мактаб ёки боғчада ёлғиз ўзи ўтиришини кўрганмисиз? Унинг муомала қилишни билмаслиги, дўстлаша олмаслигини-чи? Хўш, унга буни ким ўргатиши керак эди?

Сизлар биргасиз!

Сиз ўзингизда эмассиз – фарзандингиз бировнинг нарсасини олди!

Сўровни бошлашдан аввал, илтимос, унутманг, олдингизда ашаддий ўғри эмас, балки ўз фарзандингиз турибди.  Демак, ишлатадиган сўзларингизга диққатли бўлинг. Психологлар фикрича, ота-оналар учун темир қоида бор – фарзандингизни ҳеч қачон ўғриликда айбламанг, гарчи хонада ундан бошқа «ўғирлайдиган» ҳеч ким бўлмаган бўлса ҳам. Истисно эса фақат сиз уни ўғрилик устида қўлга туширганингизда бўлиши мумкин. Лекин шунда ҳам у билан суҳбат давомида сўзларга аҳамият беринг.  Ёдда тутингки, у ҳар бир сўзингизни эсда сақлаб қолади ва бутун умрга уни бирорта сўзингиз жароҳатлаб қўйиши мумкин.

Бироқ шунда ҳам ўзингизни катта фожеа содир бўлгандек тутманг, худди ҳеч нарса бўлмагандек тутмаганингиздек.

Албатта, сиз хафасиз, кайфиятингиз бузилган, аммо шунда ҳам ўзингизни қўлда ушлашга ҳаракат қилинг. Айбловлар ва айниқса, қўл кўтариш муаммони ҳал қилмайди. Бола эса ўз иши билан кейин ҳам шуғулланаверади, сизни эса жазодан қутулиб қолиш учун алдайди. Вазиятга тўғри баҳо бериш учун у билан хотиржам ва унга ишонган ҳолда суҳбатлашинг.

Кичкина одамча ўғриликнинг оқибатлари ҳақида, деярли, ўйламайди. Унга нарсаси ўғирланган одам ўрнига ўзини қўйиб кўришни таклиф этинг. Ўзининг нарсасини рухсатсиз олиб қўйишганида қандай ҳолга тушганлигини эсласин. Мактаб ёшидаги болаларга  эса бу суҳбатнинг ўзи камлик қилади.  Уларга оқибатлар, дўстларнинг юз ўгириши, келажакдаги обрўйи ҳақида гапириб беринг.

Ўғирланган нарсанинг қайтарилиши ҳақида психологлар турлича фикрлар билдиришади: кимдир уни очиқчасига, кечирим сўраб қайтариш керак деса, бошқалари бола руҳиятига қаттиқ зарба етмаслиги учун ота-онаси билан яна ўша жойга бориб, сездирмасдан қўйиб қўйиш керак дейишади.

Энг муҳими эса бу содир бўлгандан сўнг маъруза ўқиш эмас, балки доим фарзандга нисбатан диққат- эътиборли бўлмоқ лозим.

muslimaat.uz

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Муҳтарама опа сингиллар, биз давоми...

08:38 / 09.02.2017 3663
Аёлларга хос фиқҳий масалалар Соч бўяшда фойдаланиладиган воситалар турли рангларда бўлиб, аёллар уни давоми...

21:00 / 23.12.2019 2889
Банда мазаммат қилинаётган дунёнинг ўзи нималигини, унинг нимасидан четда бўлиши керагу, нимасидан давоми...

15:14 / 17.11.2016 4309
Ўрта аср табиблари тумовни бир нечта турларга эга бўлган ўзига хос касаллик эканини таъкидлайдилар. Абу давоми...

09:31 / 05.12.2016 5181