«Олтин силсила» ҳадислар туркумининг тақдимот маросими бўлиб ўтди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Расулимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Туғилишлари ила оламни зулматдан нурга олиб чиққан, башариятнинг энг афзали бўлган, сарвари олам, Набийимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга гўзал дурудлар, мукаммал саловатлар бўлсин!

Азиз ва муҳтарама муслималар!

Muslimaat.uz сайти барча мўмина-муслималарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари кириб келиши ила муборакбод этади. Барчамизга маълумки, Рабиъул-аввал ойи инсоният тарихининг энг ёрқин, энг буюк саҳифасидир, зеро шу ойда оламларга раҳмат ёғилган, шу ойда ҳақ келиб, ботил кетган, шу ойда нубувватнинг сўнгги вакили – ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Шундай экан, бу муборак ойнинг кириб келиши нафақат Ислом олами, балки бутун олам учун чинакам шодиёна, ҳақиқий байрамдир. Бироқ бу йилги Рабиъул-аввал ойи бизнинг юртимиз учун, улуғ алломаларни дунёга келтирган она Ватанимиз учун ўзгача шукуҳ, ўзгача тароват касб этадиган бўлди.

1434 ҳижрий йил Рабиъул аввал ойининг биринчи кунида, милодий 2013 йил 13 январь куни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлудлари муносабати билан «Олтин силсила» ҳадислар туркумининг тантанали расмий тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тақдимот маросимини Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари очиб бердилар. Устоз бугунги тақдимотнинг Ватанимиз тарихида, Ислом олами тарихида тутган ўрни, «Олтин силсила» туркуми чоп этилишининг юксак аҳамияти ҳақида сўзлаб, туркумга киритилган ҳадис тўпламлари ва уларнинг муаллифлари ҳақида илмий маълумотларни тақдим этиш учун ижодий гуруҳ аъзоларига навбат бердилар. Сўзга чиққанлар «Олтин силсила»га киритилган ҳар бир ҳадис тўплами ва унинг муаллифи ҳақида мухтасар шарҳ бериб ўтдилар. Шундан сўнг устозимиз Одинахон Муҳаммад Юсуф қаламларига мансуб «Мунчоқ» бадиъаси Абдулқаюм Асадуллоҳ томонидан ўқиб эшиттирилди. Йиғилганлар бундан таъсирланиб, кўз ёшларини яшира олмадилар. Сўнгра Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ушбу ҳадис тўпламлари таржимасида аёл унсурининг биринчи марта иштирок этаётганлигини эътироф этдилар. Бундай кейин ҳам аёлларимизнинг шундай илмий жараёнларда фаол ва бардавом бўлишларига дуо қилдилар. Мажлис сўнггида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Олтин силсила» туркуми Ислом оламининг мўътабар анъаналарига мувофиқ ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача бориб етадиган муборак санадга эга экани, ушбу санаднинг аллома Абулҳасан Надавийдан Имом Бухорий ҳазратларигача 43 бўғиндан иборатлигини айтиб, ушбу тақдимот маросимида ижодий гуруҳ аъзоларига мазкур санадни давом эттириш учун махсус ижоза берилишини эълон қилдилар. Таржима ва таҳрир гуруҳи аъзолари бирма-бир саҳнага таклиф этилиб, исмлари ёзилган ижозалар соҳибларига тантанали равишда топширилди. Шулар қаторида устозимиз Одинахон Муҳаммад Юсуф ҳам мазкур ижоза соҳибаси бўлдилар. Ниҳоят, шайх ҳазратлари бугунги тақдимотга якун ясаб, «Олтин силсила» ҳадислар туркумининг тўлиқ ва мукаммал ҳолда чоп этилиб, халқимизга етиб боришини, эл-юртимизнинг тинчлиги, давлатимизнинг ривожланишига, Ислом динининг, ҳадис илмининг равнақига хизмат қилишини сўраб, Аллоҳ таолога дуолар қилдилар. Муҳтарама опа-сингиллар!

Muslimaat.uz сайти ушбу муборак мавлуд ойига бағишланган туркум мақолалар билан хизматингизда бўлади.

Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Ким давоми...

06:33 / 11.09.2023 2627

19:34 / 09.12.2016 3542
Ҳа, Қуръон сиз билан бизга доимо Аллоҳга тақво қилишни эслатиб туради. Ҳатто оилавий ишлару, эру хотин давоми...

08:02 / 31.10.2016 6701
Ривоятларда айтиладики, ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом бир куни ўғиллари ҳазрати Исмоил алайҳиссаломни давоми...

21:00 / 24.12.2019 3958