Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
У икки зарбадан иборат бўлиб, бир зарбадан кейин юзга масҳ тортилади. Яна бир зарбадан кейин икки қўлга, чиғаноқларини қўшиб, масҳ тортилади.
Таяммум қилмоқчи бўлган одам енгини тирсакларидан юқоригача шимаради. Икки қўлини тупроққа ёки тупроқ жинсидан бўлган нарсага уриб, юзига суртади. Икки қўлини иккинчи марта уриб, аввал чап қўлининг кафти ила ўнг қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ қилади. Кейин ўнг қўлининг кафти ила чап қўлини чиғаноқлари ила қўшиб масҳ тортади.
Энди далилларга ўтайлик.Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар. У ила юзларингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар», деган (6-оят).
Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига бир одам келиб:
«Мен жунуб бўлдим ва сув топа олмадим», – деди.
Бас, Аммор ибн Ясир Умар ибн Хаттобга:
«Эслайсанми, мен билан сен икковимиз сафарда бўлган эдик. Сен намоз ўқимаган эдинг. Мен эса тупроққа ағанаб, сўнгра намоз ўқидим. Кейин эса буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим. Бас, у Зот:
«Албатта, сенга мана бундоқ қилмоғинг кифоя қилар эди», деб, ерга икки кафтларини уриб, уларга пуфлаб туриб, сўнгра улар билан юзларига ва икки кафтларига масҳ тортган эдилар», – деди».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисдан жунуб одам ҳам таҳорати йўқ одамга ўхшаб таяммум қилиши кераклиги чиқади.
Ер жинсидан бўлган ҳар бир пок нарсага, агар чанги бўлмаса ҳам, зарба берса, бўлади.
Уламоларимиз, тилло ва кумушга ўхшаш, оловда эрийдиган ва юмшайдиган ҳамда куйиб кул бўладиган нарса ер жинсидан эмасдир, деганлар.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, тупроққа, чангга, тошга, оҳакка, оҳактошга, сурмага таяммум қилса, бўлади.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бошқа Анбиёлардан олти нарса ила афзал қилиндим. Менга жамловчи калом берилди. Менга душманимга қўрқинч солиш ила нусрат берилди. Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Менга ер покловчи ва масжид қилинди. Мен ҳамма халойиққа юборилдим. Мен билан Набийлар тугатилди», – дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Тупроқни ишлатиш имконига эга бўлатуриб, чангга таяммум қилса, бўлади.
Яъни қўлини кўрпагами, кийимгами ёки шунга ўхшаган бошқа нарсаларгами уриб, ундан кўтарилган чангга таяммум қилса, бўлади.
Уни намозни адо қилиш нияти ила қилинади.
Таяммумнинг нияти тўғри бўлиши учун бетоҳаратликдан покланишни, намознинг мубоҳлигини талаб қилишни ва таҳоратсиз адо этиб бўлмайдиган намоз, тиловат, жаноза намози каби аниқ бир ибодатни ният қилиш лозим. Агар фақат таяммумнинг ўзини ният қилса, у билан намоз ўқиб бўлмайди. Шунингдек, масжидга кириш ёки Мусҳафни ушлаш ниятида қилинган таяммум ила намоз ўқиб бўлмайди.
Жунуб одам Қуръон қироати учун таяммум қилса, у билан намоз ўқиса, бўлади.
Бунинг далили:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир! Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўладир», деган ҳадислари.
Уни вақт киришидан ва рафиқдан сув сўрашдан олдин қилса ҳам, тўғри бўлади.
Чунки таяммум ҳақида келган оят ва ҳадисларда вақт шарт қилинмаган.
Рафиқдан сув сўраш эса бировнинг мулкини сўрашдир.
Битта таяммум ила истаганича намоз ўқийверади.
Фарзми, қазоми ёки нафлми – барибир.
Таяммумни унинг аслини (таҳорат ва ғуслни) синдирадиган нарса ва кишининг покланишига кифоя қиладиган сувга қодир бўлиши синдиради.
Яъни таҳоратни синдирувчи нарсалар таяммумни ҳам синдиради. Шу билан бирга, таяммум қилган одам покланиш учун сув ишлатиш имконини топиши билан таяммуми синади. Энди у сув билан таҳорат ёки ғусл қилиши вожиб бўлади.
Муртад бўлиши синдирмайди.
Яъни таяммум қилган одам муртад бўлса, таяммуми синмайди.
Сув топишдан умиди бор киши учун намозни охирги вақтида ўқиши мандубдир.
Чунки сув ила қилинган таҳорат афзалдир. Бу худди жамоат билан намоз ўқимоқчи бўлган одамга ўхшайди.
Агар яқин жойда сув борлигини тахмин қилса, уни бир камон ўқи етадиган масофагача қидириши вожибдир.
Камон ўқи етадиган жой энг қисқа масофадир. Имом Косоний, бир мил (1848 метр)гача сув излаши керак, деганлар.
Юкида сув борлиги эсига тушиб қолса, намозни қайта ўқимайди.
Сувни юкка ўзи қўйган ёки биров қўйганини билган бўлса, Имоми Аъзам ва имом Муҳаммаднинг наздида, намозни қайта ўқимайди. Аммо юкига сув қўйилганидан тамоман бехабар бўлса, намозни қайта ўқимаслигига ҳамма иттифоқ қилган.
Юкидаги сувни тугаган деган гумон билан таяммум қилган бўлса, кейин сув борлиги аён бўлса, намозни қайта ўқийди.