Таяммум қилиш жоиз бўлган ҳолатлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Энди, таяммум қилиш қайси ҳолатларда жоиз бўлишини ўрганиб чиқайлик.

Сув бир мил узоқда бўлгани, беморлик, совуқ, душман, чанқоқ, асбоб йўқлиги, ийд намози ёки валийдан бошқага жаноза намози каби ўринбосари йўқ нарсанинг ўтиб кетиши хавфи туфайли сув ишлатишдан ожиз бўлганда.

  Демак, таҳорат ва ғуслнинг ўрнига таяммум қилишга шариат рухсат берадиган сабаблар, асосан, сув ишлатишга ожизлик ориз бўладиган қуйидаги ҳолатлардан иборат экан:

 1. Сув бир мил узоқда бўлиши.

Мусофирми, мусофирмасми, шаҳарнинг ичидами, ташидами – барибир, бир мил атрофида сув топа олмаса, таяммум қилишга рухсат. Бир мил 1848 метр ёки тўрт минг қадам бўлади.

Чунки Аллоҳ таоло ояти каримада:

«Сув топа олмасаларингиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинглар», деган («Моида» сураси, 6-оят).

 2. Беморлик.

Чунки таяммум қилишга рухсат берувчи оятда «Агар бемор бўлсангиз» дейилган.

Биров бемор бўлса-ю, сув ишлатиб таҳорат ёки ғусл қилганда, ҳалокатга учраши, бирор аъзоси талофат кўриши, беморлиги зиёда бўлиши, чўзилиб кетиши, тузалиш кечга қолиши кабилардан аниқ хавф бўлса, таяммум қилиши жоиз.

Бунда одатга ёки билимдон мусулмон табибнинг хабарига эътибор қилинади.

 3. Совуқ.

Қаттиқ совуқ туфайли жонига ёки бирор аъзосига зарар етишидан ёхуд бемор бўлиб қолишидан қўрққан одам сувни иситишга имкон топмаса, таяммум қилиши жоиз.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Fусл қилсам, ҳалок бўламан, деб қўрқиб таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга Бомдод намозини ўқиб бердим. Улар буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. Ул Зот:

«Эй Амр, жунуб бўлиб туриб шерикларингга намозга ўтдингми?» – дедилар.

Мен ўзимни ғусл қилишдан манъ қилган нарсанинг хабарини у кишига айтдим ва:

«Аллоҳнинг «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта меҳрибондир», деганини эшитганман», – дедим.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва бирор нарса демадилар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.

 4. Душман хавфи.

Таҳорат ёки ғусл қилиши лозим бўлган одам сув олишга борганда душман унга зарар етказиши хавфи бўлса, таяммум қилади. «Душман»га йиртқич ҳайвонлар ҳам қўшилади.

 5. Чанқоқ хавфи.

Агар ўзида бор сувга тағорат ёки ғусл қилса, кейинчалик ўзи ёки шериклари чанқоққа қолиш хавфи бўлса ҳам, таяммум қилиш жоиз.

 6. Асбоб йўқлиги.

Таҳорат ёки ғусл қилиши лозим бўлган одамнинг яқинида сув бор. Аммо ўша сувни олиш учун асбоб йўқ. У ҳам суви йўқ одамнинг ҳукмига киради ва таяммум қилиши жоиз бўлади.

 7. Ийд намози, валийдан бошқага жаноза намози каби ўринбосари йўқ нарсанинг ўтиб кетиши хавфи туфайли сув ишлатишдан ожиз бўлганда.

Ийд намози ўтиб кетса, уни қазо қилиб ўқиб бўлмайди. Ёки унинг ўрнига бошқа бирор ибодат жорий қилинмаган. Шунинг учун таҳоратсиз одам таҳорат қилгунича намоз тугаб қолишидан қўрқса, таяммум қилиб, ийд намозига қўшилади.

Агар ўликнинг валийи(эгаси) жаноза намозига кеч қолса, у таҳорат қилгунича кутиб турилади. Аммо ўлганга валий бўлмаган одам кеч қолса, уни кутилмайди. Шунингдек, жаноза намозини қазо қилиб ҳам бўлмайди. Бинобарин, валий бўлмаган одам жаноза намози ўтиб кетишидан қўрқса, таяммум қилиб намозга тураверади.

 Ибн Абу Шайба, Тоҳовий ва Насаий қилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар:

«Қачонки жаноза ўтиб кетишидан қўрқсанг ва таҳоратинг бўлмаса, таяммум қил»,

Имом Байҳақий қилган ривоятда:

«Ибн Умар бир жанозага келди. Унинг таҳорати йўқ эди. Бас, таяммум қилиб, жаноза ўқиди», дейилган.

Имом Дора Қутний мазкур икки саҳобийнинг ийд намозида ҳам худди шундоқ қилганларини ривоят қилган.

 
Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvO8eybsz0eSsembed

16:36 / 24.06.2017 20267
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Вассолату вассаламу аъла хойри холқиҳи давоми...

19:57 / 05.02.2017 9402
Азон саси остида қолган осуда шаҳарни бир парча деразадан томоша қилар эканман, томоғимга аччиқ бир нарса давоми...

20:33 / 01.08.2020 2954
embedhttpswww.youtube.comwatchvehCELJaE6SAembed

09:45 / 15.09.2016 4003