Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Модомики, инсоннинг қадриятлари яхши ахлоқ ва олижаноблик устига қурилмас экан, бу инсонлар ҳеч қандай қадр-қиймати қолмайди. Агар киши эзгу хислатлар билан сифатланган бўлмаса, таълим ва бойлик унга ҳеч нарса бера олмайди. Илм толибларига интизом ва яхши хулқни сингдира олмаса, таълимнинг асл мақсади юзага чиқмайди. Шунингдек, бойлик ҳам, агар жамиятга тартибсизлик ва ташвиш келтирадиган бўлса, бефойдадир.
Бугунги дунёда инсонлар таълим олишда ва моддий фаровонликка эришишда анча илгарилаб кетганлар, бироқ маънавий қадриятлар ва олижаноб хислатлар борасида орқада қолишяпти. Замонавий мусулмон оламига назар ташласак, бу ҳолат янада яққол кўринади. “Мусулмонлар нима учун тараққиётдан орқада?” деган мавзудаги ниҳоясиз баҳслар, эҳтимол, ўзимиздаги, ўзимизнинг ичимиздаги айбларни тан олиб, тўғрилай бошлаганимизда ўз ечимини топар?!
Қанчалар уятли бўлмасин, ҳолатимизни инкор қилиб бўлмайди. Кўпчилик мусулмонлар омма олдида оташин нотиқ бўлсалар-да, бироқ ўзлари ёлғиз ҳолда буткул муваффақиятсизликдалар. Улар Ислом сиёсати, шариат қонунлари, исломий даъват каби улкан мавзуларни муҳокама қилишни яхши кўришади, лекин шахсий ҳаётлари ёмон хулқ ва ёмон одатлари туфайли изтиробларга тўла. Бошқалар эса ҳам жамиятда, ҳам ёлғиз ҳолда – очиқ-ойдин фасоддалар.
Ислом таълимотларини мулоҳаза қилиб кўрайлик
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур», дедилар (Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, мўмин ўзининг ҳусни хулқи ила рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топади», деганларини эшитдим» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва ал-Ҳоким ривоят қилган).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан менга энг маҳбубингиз ва қиёмат куни мажлиси энг яқинингиз ҳусни хулқлигингиздир. Сизлардан менга энг ёқмайдиганингиз ва қиёмат куни мажлиси энг узоғингиз сергап, тили узун ва мутафайқиҳингиздир», дедилар.
Бу каби ҳадислар жуда кўп. Бироқ, афсуски, мусулмонлар уларни эътиборсиз қолдирадилар ёки кўрмаганга оладилар. Улар ҳаётда амалда ишлатилмай, назарий бўлиб қолаверади. Афсуски, бу ҳолат кўпчилик мусулмонларнинг, айниқса, ёшларнинг умидсизланишига сабаб бўлмоқда. Улардан кўпчиликларига ўз мамлакатларидаги мусулмонлар қолоқ ва маданиятсиздек кўринганидан улар ғарбга кўчиб ўтишни тўғри йўл деб қабул қилмоқдалар. Чунки мусулмон жамиятларида – ғарб жамиятларидан фарқли равишда – порахўрликнинг авж олиши, бирдамлик руҳининг йўқлиги, тўғри фикрлай олмаслик каби иллатлар гўёки мусулмонлар орасида яхши хулқнинг аҳамияти йўқдек тасаввур пайдо қилади. Шундай экан, асрлар давомида ортда қолиб кетаётган иқтисодий ва сиёсий таназзулни бир четга қўйиб, аввало, маънавий-ахлоқий жиҳатдан соғлом бўлишни ўйлаб кўришимиз лозим.
Бунинг учун тафаккур қилиш ва соғлом фикрлаш кифоя. Ерга ахлат ташлаш ёмон эканини тушуниш учун докторликни ёқлаган бўлиш шарт эмас. Машинани тез ва одобсизларча ҳайдаш ёки сўкиниш одобдан эмаслигини англаш учун мактабни аъло баҳога битирган бўлиш шарт эмас. Мусулмонлар Аллоҳга кунига беш марта ибодат қилиб, рўза тутиб, У Зот йўлида эҳсон қила туриб, инсонийлик фазилатларини намоён эта олмаслиги, эзгуликни кўрсатолмаслиги ачинарли ҳолат.
Яқинда бўлиб ўтган воқеа
Мен сизга яқинда бўлиб ўтган оддий воқеани сўзлаб бермоқчиман. Одатий оқшомлардан бирида узоқ вақт узлуксиз давом этган навбатчиликдан сўнг уйқусираган ҳолимда машина ҳайдаб уйга кетаётган эдим. Хаёлим чалғиб, олдимдаги машинанинг орқасига бориб урилдим. Ўриндиқда ўтирган жойимда музлаб қолдим. Нима қилишимни, машина эгасидан қандай узр сўрашимни билмасдим. Ҳозир у машинадан тушиб, агар дўппослаб кетмаса, қаттиқ жанжал кўтаришига ишончим комил эди. Катта шаҳарларда бу ҳолат ҳайдовчилар учун табиий эди.
Чуқур нафас олиб, судралиб машинадан тушдим. Қўлим қалтирарди. Чунки, биринчидан, 24 соатдан бери ухламаган бўлсам, иккинчидан, ҳодисага ягона айбдор мен эдим. Машинадан чиройли кийинган аёл тушиб келди ва менга қараб: «Телефонда гаплашаётганмидингиз?» деди. Мен: «Йўқ, йўқ, мен шунчаки ухлаб қолаёздим, қаттиқ чарчаган эдим», дедим. Аёл: «Бу нима деганингиз? Нима учун ухлаб қоласиз?» деди. Мен: «Узр, мен шифокорман, тунги навбатчиликда эдим», дедим. Аёл эса: «Вой, унда уйингизга тезроқ бора қолинг. Оилангиз ҳам кутиб қолгандир. Анча қийналибсиз. Мендан хижолат бўлманг», деб жавоб берди. Ҳаётимда ҳеч қачон бегона инсондан бу қадар меҳр ва ҳамдардлик кўрмагандим. Кўзимга ёш келди. У менга ташриф қоғозини берганда кўрдимки, ажнабий экан, бу ерга конференцияда иштирок этиш учун келибди. У мусулмон эмасди, бироқ мен кўрган барча мусулмонлардан ҳам кўпроқ мусулмонларча иш тутди. Ўша куни мен ундан қандай мусулмон бўлиш кераклигини ўргандим. Умрида Қуръон ўқимаган инсон менга ушбу оятларни тафаккур қилишимга туртки бўлди:
«Сен эса ёмонликни гўзал нарса ила даф қил. Биз нима васф қилаётганларини яхши билгувчимиз» (Муъминун сураси, 96-оят).
«Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ажрлари икки марта берилган. Улар яхшилик ила ёмонликни даф қилурлар ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар» (Қасос сураси, 54-оят).
«Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир. Ким афв этиб, ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У Зот золимларни севмас» (Шўро сураси, 40-оят).
Агар барча мусулмонлар Қуръони каримни, ундаги ҳикматларни қалбларига жо қилиб, амал қилганларида эди, ҳолат, эҳтимол, бошқачароқ бўлган бўларди. Балки мен агар ўша ажнабий аёлнинг ўрнида бўлганимда у каби олижаноблик билан жавоб қила олмаган бўлардим. Бироқ бу ҳодиса мен учун шу қадар аҳамиятли бўлдики, Аллоҳ таоло Исломга эргашмайдиган инсон туфайли менга Исломни тафаккур қилишни илҳом қилди. Ўша куни мен ўзимни мағлуб бўлгандек ҳис этдим!
Равза Юнус,
инглиз тилидан эркин таржима