Қушдек енгил
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Тайёрлан, кетамиз! – дедилар отам.

Мен отамни жуда яхши кўраман. Чунки улар тез қарор қабул қилиб, зудлик билан ишга кириша оладилар. Мана ҳозир ҳам ҳатто қаергалигини сўрамасдан тез тайёрланишни бошладим.

Тун юлдузларини ёқди, ойбобо эса худди улкан фонардек нур сочишда давом этмоқда. Биз қийинчилик билан кетаётган йўл ҳар доимгидек қоронғу. Аммо ойбобо ўзининг ёруғ нурлари билан йўлимиздан адашмаслигимизга ёрдам бермоқда. Юлдузлар ҳам гоҳида бир кўз қисиб қўймоқдалар. Узоқлардан итнинг вовуллаши эшитиляпти, мен эса ҳар эҳтимолга қарши отамнинг қўлларидан янада кучлироқ тутаман.

Кичик бир ёғочдан ясалган уй олдида тўхтадик. Отам эшикни тақиллатдилар, эшикни эса кекса бир аёл очиб, бизни уйга таклиф қилди. Уйга кирдик, саломлашиб, кичик бир диванга ўтирдик. Тортинчоқлик билан мезбоннинг кулиб турган ёруғ юзини ўрганишни бошладим. Аёл чой тайёрламоқчи бўлди.

– Илтимос, Хадича опа, овора бўлманг, биз ҳозир кетамиз, – дея отам миннатдорчилик билдирдилар. Отам Хадича опадан ҳаётлари, соғликлари ҳақида сўрадилар. Хадича опа жавоб берар, аммо уларнинг сўзлари худди дуо каби эшитилар эди. Қўлларида эса тинмай тасбеҳ санардилар.

Сездирмай хонани кўздан кечирдим: иккита диван, иккита ёстиқ, ёғоч лавҳда эса Қуръон китоби, кичик стол. «Бу уй бунчалар шинам!» деб ўйладим. Отам эса шу пайт чўнтакларидаги конвертни олиб, столнинг бир бурчагига қўйдилар. Хадича опанинг кўзларига ёш тўлиб, дуо қила бошладилар. Уйдан чиқиб кетдик. Уйимизга ўша-ўша йўлакдан қайтардик. Лекин бу сафар йўл ёришиб кетгандек эди гўё.

– Отажон, Хадича опа ким? Уларга қолдирган конвертингиздаги нима эди? – деб сўрадим.

Отам қўлимни қаттиқ ушлаб, жавоб бера бошладилар:

– Хадича опа – кекса ва ёрдамга муҳтож аёл, ўғлим. Уларнинг ҳеч кими йўқ. Кексаларни зиёрат этишни динимиз талаб қилади. Кексаларга ёрдам бериш, уларга эътибор ажратиш, ҳаётларини қўлдан келганча енгиллаштиришга ҳаракат қилишимиз лозим. Бу бизнинг бурчимиз, тушуняпсанми, ўғлим?

– Ҳа, отажон. Конвертда нима бор эди?

Отам жилмайиб дедилар:

– Эҳ менинг қизиқувчан ўғлим! Конвертдаги закот эди.

– У нима? – деб қизиқиб сўрадим мен.

– Закот – бу динимизнинг арконларидан бири. Ҳар бир мусулмон молининг белгиланган қисмини камбағал ва муҳтожларга ёрдам учун бериши лозим. Бу йил эса закотимизни Хадича опага пул кўринишида бердик.

– Закот фақат кекса одамларга бериладими, отажон? Закотни қанча миқдорда беришни хоҳласак, шунча беришимиз мумкинми?

Отам сабр билан саволларимга жавоб бердилар:

– Закот фақат кексаларгагина эмас, балки муҳтожлар, камбағаллар, етимларга, мусофирчиликда юрганлар ёки сафардагилар, қарзи бор кишиларга берилиши лозим. Закотнинг белгиланган меъёри бўлади.

Отам закот ҳақида кўп гапириб бердилар. Баъзиларига тушунганим йўқ, лекин, майли. Менга ўрганганларимнинг ўзи кифоя. Масалан, энди шу нарсага аминманки, агар барча бой инсонлар закот тўласалар, бу дунёда камбағал инсонлар сони камайиши мумкин экан. Мен бир сура оятини ҳам билиб олдим: «Намозни тўкис адо этинг, закот беринг». Шунингдек, шуни ўргандимки, закот берган ҳар бир инсонга Аллоҳ икки-уч баробар кўпроқ берар экан. Закот мулкни тозалаб, уни кўпайтирар ва барокатли қилар экан.

Ойбобо нур сочишда давом этар эди, биз эса янада узоқлашардик, отам тушунтиришни давом эттирдилар:

– Закот кишиларни очкўзлик ва ҳирсдан сақлайди. Ўткинчи дунё ҳаётига боғланиб қолмасликка ўргатади. Инсонлар закот бериб, қалбларида енгиллик ҳис қиладилар.

«Қандай яхши! Закот берган киши қуш каби енгил бўлиб қолар экан-да!» дея хурсандчилик билан ўйладим. Миямга қизиқ фикр келди:

– Отажон, мен ҳам закот берсам бўладими?

Отам менга диққат билан қарадилар. Нима дейишларини тахмин қилишим мумкин: «Албатта, берсанг бўлади, лекин бунинг учун катта бўлиб, ўзинг пул топишинг лозим. Лекин нега бирданига буни хоҳлаб қолдинг?» Ўйлаб ҳам кўрмай жавоб бераман: «Мен ҳам енгил бўлишни хоҳлайман, худди қуш каби!»

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Қуръонни ёдлашга ёрдам берадиган таомлар Уламолар тавсия қилган ва Аллоҳнинг тавфиқи ила ёдлашга ёрдам давоми...

09:36 / 29.11.2016 7331
Ҳабибинг соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз фазлингдан кўрсатиб, у зотга қиблани ўзгартириб берганингдек давоми...

10:28 / 07.03.2023 2394
Шайх Солиҳ Абул Қосим Ҳаззоз Сўфий Бағдодий ривоят қилади. Қози Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдул Боқий ибн давоми...

10:36 / 24.12.2016 4023
Иброҳимнинг вафоти Ҳижратнинг ўнинчи йили бошланганди Пайғамбар алайҳиссаломнинг кенжа фарзанди давоми...

10:38 / 29.12.2016 3838