Халқ табобати
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халқ табобати
Шарқда минг йиллардан буён одамларни табиблар даволаб келишади. Олимларнинг таъкидлашларича, сунъий йўл билан дори тайёрлашни ўйлаб ҳам кўрмаган ўтмишдаги барча номдор табиб-ҳакимлар амалиётида доривор ўсимликлар 70-80 фоизни ташкил этган, қолгани ҳайвонлар ва уларнинг маҳсулотлари, озгина қисми эса табиий маъданлардан иборат бўлган.
Ҳозирги пайтда Хитой, Япония, Виетнам, Корея, Лаос, Малайзия каби мамлакатларда халқ табобатига давлат мақоми берилган. Биргина Хитойда тиббий хизматнинг 40 фоизи халқ табиблари томонидан кўрсатилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро Соғлиқни сақлаш Ташкилоти (ВОЗ) ўтган асрнинг охирги йилларида халқ табобатини чуқур ўрганиш ва бу соҳадаги тадқиқотларни янада кенгайтириш бўйича бир неча қарорлар қабул қилди.
Халқ табобати беш минг йилдан буён одамларни даволаб келар экан, нега энди бугунга келиб унинг ютуқларидан ва самараларидан кўз юмиш керак? Айримлар халқ табобати деса, дарров бурунларини жийиришади, руҳиятимизга, табиатимизга ва иқлимимизга мос даволаш усулларини билиб-билмай инкор қилиб, фақат замонавий тиббиётнигина тан олишади. Лекин бу борадаги аҳволга холис кўз билан чуқурроқ назар ташланса,  улар ўйлаганидай гап у ёки бу усулнинг афзаллиги ёки номатлублигида эмас, балки самаралироқ, арзонроқ ва безарарини танлашда экан. Яқинда телевидение орқали ажойиб хабарни айтиб қолишди: немис доришунослари узоқ йиллик тажрибалардан сўнг шундай хулосага келишганмиш: «юз йилдан ортиқроқ вақтдан буён манави дорини (аспиринми ё пенициллин, эслолмадим) ишлаб чиқарамиз. Даво бўлувчи шифобахш ўсимликнинг тариқ донасидай миқдорига қўшиб одамларга шу пайтгача тонна-тонналаб бўр едирибмиз, уларга шу неъматнинг ўзини берақолсак бўлмасмиди!» Бу гапда қанчалик жон бор-йўқлигини билмадим, аммо дорихоналарда сотилаётган турфа дори ва дармондориларнинг салгина қисмида ҳақиқий шифо берувчи кўкат ёки мева улуши бор, қолган катта қисми эса касалликка мутлақо дахли йўқ кимёвий моддалардан иборат. Лекин минг-минглаб одам шу нарсаларни кўра-била туриб ҳам сал мазаси қочса, дарров дорихонага чопади: тузаламан, деб қанча қўшимча касалликларни орттиради, тана аъзоларига ўзи сезмаган ҳолда зарар етказади. Чунки ҳар қандай кимёвий дори тўлалигича фойдали бўлолмайди, бир аъзога шифо берса, бошқасини албатта зарарлайди. Аксинча, табиий нарса ҳам даво, ҳам фойдалидир. Масалан, мутахассислар тажрибада сурункали истеъмол қилинган антибиотиклар тананинг турли касалликларга қарши курашувчи иммун тизимига салбий таъсир кўрсатиши, яъни ташқаридан кирувчи зарарли микроб ва вирусларга қарши курашувчи фойдали вирусларни ҳалок этишини аниқлашди ва бу  ҳақда кўпдан бери огоҳлантириб келишади. Буни кўриб-билиб ҳам шифонинг табиийси, фойдалиси турганда уни инкор этиш, кимёвий моддалардан шифо ахтариш қайси мантиққа тўғри келишини тушуна олмайсан киши. Урфга қул бўлиш, алдов рекламага мубталолик шу даражага етиб борганки, айрим беморларга минг йиллардан буён халқ синовидан ўтиб келган оддийгина муолажа усулларини айтсангиз, сизни қолоқликда, замондан орқада қолганликда ва ҳатто «шарлатан табиблар»нинг ноғорасига ўйнаётганликда айблашади. Бу тоифа кишилар оқ халатли врачлар ичида ҳам «шарлатанлари», ғирт саводсизлари, ўз устида ишламайдиганлари, сизни тузатиш ҳақида эмас, фақат чўнтагингизни қоқлашни кўпроқ ўйлайдиганлари ҳам борлигини, балки, билишмас?! Эҳтимол, кимдир «бундай фойдали кўкат ва мевалар ҳамма юртларда ҳам топилавермайди-ку», дея эътироз билдирар?! Барча ўлкаларда ҳам ўша жойнинг касалликларига шифо бўлувчи неъматларни ахтарса, топилади. Масалан, юртимиз Ўзбекистонда 4500 хилдан зиёд ёввойи ўсимлик ўсса, бундан 600 хили шифобахш ўсимликлардир. Агар қайсидир наботот бу ерларда ўсмаса, ҳар ерда ҳозиру нозир тижорат аҳли, албатта, етказиб келади. Масалан, қон босимига шифо бўлувчи судан атиргули япроғи (каркадей) кўплаб дўконларимизда сотиляпти-ку! Аллоҳ яратган махлуқотларнинг энг комили ва мукаррами бўлган инсон яшаш умидида тинмай ҳаракат қилишга мажбур. Ҳаракат қилиш учун эса у мунтазам равишда танага етарли озуқа ва ичимлик суви етказиб беришга маҳкум. «Бўш қоп тик турармиди» деган мақол ҳам бор. Табиатда, Аллоҳ яратган неъматларда инсон саломатлиги учун зарур ва фойдали ҳамма дармондорилар (витаминлар) мавжуд. Агар улар камайиб кетса ёки умуман, бўлмаса, инсоннинг боши хасталикдан чиқмайди, ҳатто у ҳалок бўлиши мумкин. Атроф муҳитнинг инсон саломатлигида катта аҳамияти бор. Айниқса, йил фасллари алмашинувида кишилар ўз саломатликларига кўз-қулоқ бўлиб туришлари даркор. Сабаби, иқлим, об-ҳаво инсон танаси ҳолатига ва соғлиғига жиддий таъсир кўрсатади. Масалан, ҳаво совуқ ва ёғинли бўлса, сиз юпун кийиниб кўчага чиқсангиз, бирорта касалликни «илаштириб» келишингиз нақд. Ёки кўча иссиқ бўлса-ю, сиз қалин кийимларда чиқсангиз, бунда ҳам тана ҳарорати бузилиб, соғлиғингизга хатар бўлади. Абу Али ибн Сино бундай ёзган: «Йил фаслларининг ўзгаришлари ҳар бир иқлимда бирон-бир касални қўзғайди. Йил фасллари ўзига хос бўлган хусусиятлари билан келиши керак. Агар бу мувозанат бузилса, ёмон касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлади». Олимларнинг таъкидлашича, йилнинг куз ва қиш ойларида тананинг қаршилик кучи бу муҳитга мослашмагани учун тери томирлари тораяди, уларда қон айланиши бузилиб, терининг устки қатламида иссиқлик камаяди. Бу ҳолат юқори нафас йўллари томирларининг торайишига олиб келади. Агар бу жараён узоқ давом этса, тананинг совуққотишга қарши кучи пасайиб, организмнинг қон билан таъминланиши ёмонлашади. Бу эса шамоллаш, грипп, нафас йўли яллиғланиши каби хасталиклар келиб чиқишига, айрим аъзоларнинг мушаги ва асаби касалланишига сабаб бўлади. Айниқса, фасллар алмашинувида оёқлар ва нафас йўлларини совуқдан асраш керак. Инсон ўзига омонатга берилган табиатдан асло айри яшолмайди, узилиб кетолмайди. Табиатдаги ҳар бир неъмат, жонзот инсоннинг яшаши ва саломатлиги учун ато қилиб қўйилган. Одам фарзанди касалига муолажани ҳам табиатдан излашга маҳкум. Энг оддий хасталикдан оғир дардгача ҳаммасининг шифосини Аллоҳ ер юзида яратиб қўйган. Масалан, улуғ ҳакимлар кўзингиз толиқса ёки хира тортса, чиройли манзараларга – ям-яшил ўтлоқларга, мовий осмонга, зилол сувларга тикилиб туришни маслаҳат беришган. Ёки баҳор келиб, танангизда ҳолсизлик, толиқиш, камқувватлилик бошланса, мавсумга боғлиқ касалликлар эшик тақиллатиб келиб қолса, дарров ялпиз, отқулоқ, жағ-жағ, исмалоқ, шивит каби баҳорнинг илк кўкатларидан турли таомлар тайёрлаб ейсиз, сумалак ва ҳалим пиширишга киришасиз. Инсонларга ато қилинган улуғ инъом бўлмиш оддийгина сувнинг ҳам инсон саломатлиги борасида катта аҳамияти ва ўрни бор. Вояга етган инсон танасининг асосий қисми: қоннинг 83 фоизи, тўқималарнинг 75, миянинг 74, суякларнинг 22 фоизи сувдан иборат. Ҳатто кўзимизнинг асосий қисмини ҳам фақат сув ташкил этади. Танамизда жами қирқ-эллик литр сув мавжуд. Шундай бўлгач, инсон ҳаётини сувсиз тасаввур ҳам қила олмайди. Очликка тўқсон кун мобайнида чидаш мумкин, аммо инсон ташналикка икки-уч кундан ортиқ дош бера олмайди. Агар танадаги сувнинг йигирма фоизи йўқолса, одам ҳалок бўлади. Россия Фанлар академияси Медико-биология муаммолари институти мутахассисларининг айтишича, инсон танасида модда алмашинуви рисоладагидай кечиши ва буйракда тош пайдо бўлмаслиги учун у кунига камида икки ярим-уч литр сув истеъмол қилиши керак. Бунга чой, қаҳва, мева шарбатлари, суюқ таомлардаги сувлар ҳам киради. Бошқача қилиб айтганда, бир килокалория қувват учун ўртача бир миллилитр сув зарур бўлади. Киши ўртача кунига уч минг килокалорий қувват сарфлаши инобатга олинса, демак кунига уч литр сув ичиш зарур экан. Бу ўринда инсон сарфлайдиган қувватни ҳам ҳисобга олиш лозим. Далада ишлаётган деҳқонлар, темирчилар, спортчилар, қурилиш ишчилари каби кўп куч сарфлайдиган кишиларнинг организми сувни кўпроқ талаб қилиши табиий. Булар кўп тер ажратгани учун ҳам суюқликни кўпроқ истеъмол қилишлари зарур. Сув, ичимлик танлашнинг ҳам ўзига яраша тартиб-қоидалари бор. Ўрик, хурмо қайнатмаси (шарбати) инсонга фойдалилиги жиҳатидан дунёдаги барча ичимликлардан устун туради. Иссиқ ўлкаларда чойга етадиган шифобахш ичимлик бўлмаса керак. Айниқса, кўк чой кўпгина касалликларнинг олдини олибгина қолмай, бир қанча хасталикларга шифо ҳамдир. Кўк чой овқатни парчалайди, ҳазмни тезлаштиради, ташналикни қондиради, ични равон қилади, асабни тинчлантиради, буйрак фаолиятини яхшилайди, чарчоқни кетказади, хотирани мустаҳкамлайди, қонни суюлтиради, томирларни кенгайтириб, қон юришини равонлаштиради, нафас олишни яхшилаб, балғамни кўчиради, бадан, юз терисини таранг қилиб, ажинларни йўқотади. Қанд касаллиги, тери хасталиклари, сариқ касаллиги, қон босими, оғиз бўшлиғи яралари, офтоб уриши ва бошқа хасталикларни муолажа қилишда кўк чой беминнат даводир. Яна бизнинг юртларда турли табиий  мева шарбатлари, сузмадан тайёрланган ва совутилган айрон, қимиз ва қимрон, асалли яхна чой каби ичимликлар ёзнинг иссиқ кунларида ҳам чанқовни босади, ҳам танага шифо бўлади. Аммо кўпчилик бу неъматлар билан унчалик қизиқмайди. Аксинча, чанқаса, дарров муздай газланган ичимликларни ахтаришга тушади. Ваҳоланки, кун қизиганда бундай совуқ ичимликлар ичиш, айниқса, уни шишанинг оғзидан ёки бир симиришда бўшатиш жигар, буйрак, юрак каби аъзоларга жиддий зарар етказади. Чунки юрак қисқариши сувни бўлиб-бўлиб, орада нафас олиб ичишга хосланган. Бугунги кунда кўпчилик кучли газланган маъданли сув истеъмол қилишни саломатликни сақлаш, овқат ҳазм қилиш ва ташналикни қондиришнинг энг яхши воситаси ҳисоблайди. Аслида бундай эмас. «Фойдали, маъданли, табиий чашма суви» номи билан чиқарилаётган турли-туман идишлардаги кучли газланган сувларнинг сифат ва таркиб жиҳатидан саломатликка унча фойдаси йўқ. Яқинда Россиянинг марказий газеталаридан бири ўтказган таҳлил (экспертиза)га кўра, ихтиёрий танлаб олинган ўн хил кўринишдаги маъданли сув таркиби лабораторияда текшириб кўрилганида улардаги маъданли ва фойдали моддалар миқдори таҳририят биносидаги крандан олинган водопровод сувидан деярли фарқланмас экан. Етарли миқдорда сув ичилмаса, мия фаолияти сусайиб, инсон лоқайд, дангаса ва ҳафсаласиз бўлиб қолади, томирлардаги қон қуюлиб, юриши секинлашади, қоринда дам (қабзият) пайдо бўлади, овқат ҳазми ёмонлашади, тана ҳарорати мўътадиллиги йўқолади, жигар ва буйракда заҳарли моддалар тўплана бошлайди, жароҳатлар пайдо бўлади,  ҳужайралар қуриб, ҳалокатга учрайди ва умуман, инсон организмига катта зарар етади. Мабодо ички аъзоларимиз сувга ташна бўлса, танада чанқоқлик сезамиз ва унинг сувга бўлган эҳтиёжини дарров қондиришга киришамиз. Аммо тананинг ташқи тарафи ҳам ҳамиша «чанқаб» туришини кўпчилик яхши билмаса керак. Ташқи аъзоларнинг эт усти ҳужайралари ҳам сув истеъмол қилгиси келиб туради. Бироқ улар буни билдира олмай, оқибатда қуруқшаб, тери ташқариси тиришади, ёрилади ёки рангини ўзгартиради. Шунинг учун ташқи аъзоларни ҳам тез-тез намлаб, «ташналиги»ни қондириб туришимиз керак бўлади. Бунинг энг яхши йўли ҳар куни эрталаб ва кечқурун душ қилиш, юз-қўл ва оёқларни кунига бир неча марта ювиб туриш лозим. Мусулмонларнинг ҳар куни тўрт-беш марта таҳорат олишлари ибодат учун покланишдан ташқари бу борада ҳам фойдали экани маълум бўлди. Замонавий тиббиёт ҳар қадамда уқтирадики, одам соғлом бўлиши учун танасининг дармондорига эҳтиёжини мунтазам қондириб бориши керак. Мутахассислар фикрича, танангиз соғлом бўлса, модда алмашинуви жараёнида бузилишлар рўй бермаса, бу дармондориларни алоҳида истеъмол қилишга ҳеч қандай зарурат йўқ. Аммо соғлиқ ҳақида қайғурмаётган бўлсангиз, тананинг «шикоятлари»га қулоқ солмасангиз, овқатланиш мароми ва мижозига риоя қилмаётган бўлсангиз, организм дармондорига эҳтиёж сезади. Бироқ бунинг учун дарров шифокорга чопишнинг, дорихоналарда изғишнинг кераги йўқ. Инсонни яратган Парвардигор унинг саломатлиги учун зарур бўлган барча шифо, даво, малҳам ва дармондориларни ҳам муҳайё қилиб қўйган. Фақат табиатдаги, дастурхонимиздаги қайси неъматда, ўсимлик ёки ҳайвонотда бу дармондорининг борлигини яхши ўрганиб, шифокор маслаҳати билан истеъмол қилишга киришсангиз, бас. Масалан, бундан бир неча йил муқаддам бутун дунёда, ҳатто юртимизда ҳам инсон қалқонсимон бези учун ниҳоятда зарур бўлган йод тахчиллиги муаммоси катта ташвиш туғдирган эди. Одамлар таомида йод етишмаслиги оқибатида бўқоқ, ақлий жиҳатдан орқада қолиш каби турли касалликлар келиб чиқиши мумкин. Ваҳоланки, хориждан катта маблағ эвазига сотиб олинадиган йод моддаси юртимизда ўсадиган турли набототда: масалан, маккажўхори, нўхат, ловия каби дуккакли экинларда, сабзавотлардан бодринг ва бақлажонда, мевалардан ўрик ва хурмода, наъматакдан қилинган чой дамламасида етарлича бор экан. Демак, болаларимизга ана шу неъматлардан иложи борича бериб турилса, бу муаммодан хавфсирашга ҳожат бўлмайди. Олимлар тадқиқотига кўра, инсон тўлақонли ва соғлом ҳаёт кечириши учун С, Р, В-1, В-2, В-6, В-12, РР, А, Д, Е дармондориларига доимий эҳтиёж сезади. Масалан, одам вужудида С дармондориси (аскорбат кислота) етишмай қолса, унинг ақлий ва жисмоний қобилияти пасайиб кетади, меъда-ичак фаолияти бузилади, у тез-тез шамоллайдиган бўлиб қолади. Бунга йўл қўймаслик учун киши С дармондорисига бой  тузланган карам, петрушка, исмалоқ, қулупнай, наъматак, лимон, помидор, пўртахол, сабзи каби неъматларни истеъмол қилиши керак бўлади. Тана аъзоларида В-1 ҳамда В-2 дармондориларига танқислик сезилганида иштаҳа йўқолади, ич қотади, юрак уриши секинлашади, кўз хиралашиб, соч тўкила бошлайди, асаб тизими фаолияти бузилади, инсон ланж, лоқайд бўлиб, озиб кета бошлайди. В-1 дармондорисини гўшт, жигар, қора нон, кепакли нон, дуккакли донлар (нўхат, мош, ловия кабилар)да, барча турдаги сабзавот, бодом ва ёнғоқда топасиз. В-2 дармондориси кўпроқ сут маҳсулотларида, тухум, донли экинлар, турли сабзавотлар ва ёнғоқда бўлади. Бордию танада В-6 (перидоксин) етишмай қолса, туғилажак бола нимжон ва касалманд бўлиб қолади, одамдаги модда алмашинуви бузилади, асаб тизимига зарар етади. Бу дармондори эса кўпроқ балиқ, сут, жигар, хамиртуруш ва ўсимликларда бўлади. А дармондориси эса ёш болаларнинг яхши ўсишига, кўзнинг кўриш қобилиятини кучайтиришга, модда алмашинувининг бир меъёрда бўлишига ёрдам беради. Бу дармондори гўшт, балиқ, сут, сариёғ, тухум, сабзи, помидор, кўк нўхат ва кўкатлар таркибида бор. Киши организмида Е (токоферол) дармондорисининг камчиллиги оқибатида унинг умумий ва жинсий қобилияти сусайиб кетади, оқсил ва қувват берувчи моддалар алмашинуви издан чиқади. Бундай дармондори ўсимлик мойида, донли экинлар, янги кўкатлар, ёнғоқ, писта ва бодомда учрайди. Яна энг муҳим Д дармондориси болалар ривожланишига омил бўлиб, унинг етишмаслиги рахит хасталигини келтириб чиқаради. У балиқ мойи, сариёғ, тухум, сут таркибида учрайди. Қувват бўладиган дармондорилар гўшт, ёрмалар, жигар, тухум, денгиз неъматларида бор. Иммун ҳужайраларини тиклаш учун керак бўладиган темир моддаси ҳам гўшт, жигар, дуккакли донлар, гречка, анорда кўп. Организмнинг касалликларга қаршилигини кучайтириш учун эса гречка, туршак, ҳолва, денгиз карамини кўпроқ истеъмол қилиш лозим бўлади. Табиатдаги ҳар бир неъматнинг инсон саломатлигини сақлашда, турли касалликларга қарши курашишида алоҳида ўрни, аҳамияти ва фойдаси бор. Масалан, одамлар унчалик эътибор қилмайдиган анорни олиб кўрайлик. Кўпчилик унда темир моддаси кўплиги учун қондаги гемоглобинни кўтариб, камқонликни даволайди, деб ўйлайди. Аслида бундай эмас, ундаги темир моддаси бошқа неъматларга қараганда жуда оз: етилган бир бош анорда бор-йўғи 0,2-0,3 мг. темир моддаси бор, холос. Аммо бу гапдан кейин дарров ундан юз ўгиришга шошилманг. Таниқли парҳезшунос олим, тиббиёт фанлари номзоди Константин Спаховнинг ёзишича, анорнинг бошқа хасталикларни даволашда шунақанги фойдаси кўп эканки, буни тушунган одам анорзордан чиққиси келмай қолади. Ундаги полифенол моддаси бошқа бирорта неъматда учрамайди. Ана шу полифенол туфайли анор бошқа меваларга қараганда қон томирларини турли тиқилмалардан ҳимоя қилади, юрак хуружи (инфаркт), мияга қон қуйилиши (инсулт) ва ҳатто мижоз сустлиги (жинсий алоқага ярамаслик)нинг ривожланишига йўл қўймайди. Яна буларнинг устига анорда шундай шифобахш моддалар борки, улар простата безида саратон (рак) хасталиги пайдо бўлишига тўсқинлик қилади, бордию пайдо бўлишга улгурган бўлса, унинг ривожланишини тўхтатади. Аёлларни эса кўкрак ракидан ҳимоялайди. Унинг шарбати эса бошқа жуда кўп хасталикларда шифо бўлади. Фақат бир нарсани эслатиб қўяйлик, унинг сув ва шакар билан кўпайтирилган сотувдаги шарбати эмас, ўзингиз уй шароитида олган шарбат яхши фойда қилади. Ёки ҳаммамизга яхши таниш помидорни олиб кўрайлик. 94 фоизи фақат сувдан иборат бўлган бу неъматда маъданли моддалар шунақанги кўпки, уни бемалол «дармондорилар хазинаси» деб аташ мумкин. Бир истакон томат шарбати кишининг С дармондорисига бўлган бир кеча-кундузлик эҳтиёжининг ярмини бемалол қондиради. Бу дармондорининг эса киши иммунитетини фаол ушлаб туришда катта хизмати бор. Бундан ташқари унда В-1, В-2, В-3, В-6, В-9 ва Е дармондорилари (витаминлари) мавжуд. Помидор ёки томат шарбатини тузсиз истеъмол қилиш юрак-қон томирлари ва қон айланиш тизими касалликлари келиб чиқишининг олдини олади, ўпка, ошқозон ва ошқозон ости бези фаолиятини яхшилайди, кўз касалликлари пайдо бўлишига тўсқинлик қилади. Энг асосийси бу эмас. Унинг таркибидаги серотонин деган модда кайфиятни кўтариш, руҳий зўриқиш (стресс) ҳолатларини йўқотишда мислсиз фойда беради. Бундан ҳам муҳимроғи, помидорни мунтазам истеъмол қилиш ёмон (саратон) шишлар пайдо бўлишининг олдини олади. Унча назаримизга кирмайдиган бодринг эса юрак-томир, буйрак, сурункали йўтал, сил хасталикларига энг яхши шифодир, чунки унинг таркибида А, С, РР, В дармондорилари, калий, магний, фосфор, натрий, темир, олтингугурт ва энг муҳими йод каби зарур моддалар бор. Хорижлик олимлар дастурхонимиздаги кўпгина сабзавотларнинг саломатлик учун нақадар фойдали эканини бугунги кунда ҳам тез-тез «кашф этиб» туришибди. Масалан, Сеул (Жанубий Қурия) миллий университети олимлари тадқиқотига кўра, аччиқ тузланган карам «парранда тумови» деган касалликка энг яхши даво экан. Буюк Британиядаги овқатланиш тадқиқот институти олимлари картошкада ғоят камёб какоамин моддасини кашф қилишди. Бу модда қон босими касаллигини даволашда муҳим воситадир. Авваллари какоамин фақат Хитой табобатида қўлланиладиган кўкатлардагина мавжуд, деб ҳисоблаб келинган эди. Оддийгина укроп халқ табобатида ич дам бўлишида, шамоллашда, балғам кўчиришда энг яхши шифо деб топилган. Яқиндан бошлаб эса табиблар унинг майдаланган ҳолда қайноқ сувга дамлаб тиндириб қўйилган сувини ичириб, аллергик дерматит касаллигини муваффақиятли даволашни бошлашди. Ғарбда минглаб кишилар уйқусизлик хасталигидан азоб чекиб, бундан қутулиш учун қанча килолаб кимёвий дориларни ичиб юрган бир пайтда шарқ табобати мухлислари ётиш олдидан бир донагина олма истеъмол қилиб, ҳар қандай тинчлантирувчи воситалардан кўра кўпроқ самара олишаётгани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат! Бунинг устига олма овқат ҳазмини яхшилайди, қон қуюлишининг олдини олади, саратон (рак)дан ҳимоялайди, сийдик йўлини равонлаштиради, буйракда тош пайдо бўлиши, подагра, боднинг олдини олади, қондаги холестерин миқдорини камайтиради. Яна бир нарсага алоҳида эътибор бериш лозим бўлади. Кўпгина оилаларда хориждан келтириладиган турфа меваларни истеъмол қилишга ўчлик бор. Эмишки, уларнинг саломатликка фойдаси катта эмиш, ҳатто бир хил мева ёки шифобахш ўт бир неча касалликни батамом йўқ қилиб юбориши мумкин эмиш. Бир нарсадан огоҳлантириб қўяйлик: кокос ёнғоғи, ананас, банан, пўртахол, мандарин, киви, грейфрут каби «экзотик» меваларнинг, кўпчилик ўйлаганидай, юртдошларимиз саломатлигига унчалик фойдаси йўқ. Чунки иқлим, ер, сув шароити бошқача олис ўлкалардан келтирилган бу неъматлар ўша жойдаги аҳолига шифо бўлиши мумкин, фақат биздагиларга эмас. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир иқлим ва минтақа учун шифо бўладиган алоҳида мева, сабзавот ва шифобахш кўкатларни яратиб қўйган. Бир шароитда етиштирилган бу мева-кўкатлар бошқа ўлкалардаги кишиларга фойда қилмаслиги, аксинча, баъзи ҳолларда ҳатто зарари тегиши мумкин. Баъзи кишилар ананас таркибидаги бромелайн ферменти тери остидаги ёғларни йўқотади, деган гапларга ишониб, бозорга чопади. Ваҳоланки, биринчидан ананасда бунақа модданинг ўзи йўқ, иккинчидан, бромелайн фақат оқсилни парчалайди, унинг ёғга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Грейфрут (лимонга ўхшаш нордон мева) озишга ёрдам беради, деган хаёлда кунига бу мевадан қанчасини еб, шарбатини ичиб юрганлар кўп. Тўғри, бу меванинг оздириш хусусиятидан ташқари, қондаги инсулин даражасини камайтириш ва қандли диабетдан ҳимоя қилишда маълум фойдаси бор. Аммо яқинда «Британия рак журнали» ҳайратланарли тадқиқот натижаларини эълон қилди: Жанубий Калифорния ва Гавай университетлари олимлари ўтказган тажрибаларга кўра, кунига грейфрутнинг чорак қисмини мунтазам еб юрган аёлларда кўкрак раки билан оғриш хавфи тахминан 30 фоиз кўп бўлар экан. Бунинг устига бу мева таркибида аёл гормонларини (эстроген) парчалаб ташловчи ферментни «тинчитиб» қўювчи зарарли модда борлиги ҳам аниқланди. Бошқа бир ғарб олими эса саратон касаллигининг олдини олишда сут-қатиқ энг яхши ва самарали омил экани ҳақида ёзди. Франциядаги Пастер институти профессори, тиббиёт фанлари доктори Флоранс Колбер-Гарапин фикрича, сут-қатиқ маҳсулотларидаги фойдали бактериялар саратон тўқималари пайдо бўлишини назорат қилиши кашф этилган. Яқинда эса олимлар айрим мева ва сабзавотлардаги пектин моддасининг саратон шишларининг ривожланишига тўсқинлик қилишини аниқлашди. Пектин қора смородина, олма ва қизилчанинг ҳар юз граммида бир граммдан, олхўри, ўрик, апельсин, нок, карам, тарвуз, олча, пиёз ва ошқовоқда эса 0,4-0,9 граммдан мавжуд экан. Бундай мисолларни яна керагича келтириш мумкин.
Аҳмад Муҳаммад
Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchv2D67H24duXsfeatureyoutu.beembed

14:10 / 13.03.2018 3161
embedhttpswww.youtube.comwatchvO5OjBaLdifEembed

14:56 / 11.03.2017 4110
ЭътирофАссалому алайкум,устоз.Сизнижуда яхши кўраман. Аёлларимиз учун қилган барчакўрсатувларингиз давоми...

01:56 / 15.04.2020 3936
  Масаллиқ 1 кг ун, 50 гр хамиртуруш, 2 стакан сув, 300 гр жизза, 2 чой қошиғида туз солинади. Уй нонининг тўқ давоми...

13:06 / 29.11.2016 3749