Хина - ажойиб восита
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шимолий ва Шарқий Африкадан тортиб то Ҳиндистонгача бўлган тропик иқлим ҳудудида дербенниковые оиласига мансуб бўлган лавсониянинг ёввойи бутазорлари ястаниб ётади. Биз билган сирень (настарин) катталигида бўлган ушбу бута кенг япалоқ баргларга ва пушти ёки оқ майда-майда, ўткир ҳидли гулларга эга. Тепа томондаги новдалардан терилган ёш барглар энг кучли бўяш хусусиятига эга, улар газлама бўёқлари ва мехнда (тана бўёғи) ишлаб чиқаришда қўлланилади. Қолган барглар эса соч бўёғини ишлаб чиқариш учун қайта ишланади. Ўсимликнинг бўяш хусусиятига эга бўлмаган поясидан эса рангсиз хина олинади. Гулларидан жуда юқори сифатли эфир мойи олинади, лавсониянинг ҳамма қисми эса турли дори-дармонлар тайёрлашда ишлатилади. Хина – ажойиб даволаш воситаси ҳисобланади. Ҳиндистонлик ва умуман Шарқ аёлларининг у билан фақат сочларини эмас, балки оёқ ва қўл кафтларини ҳам бўяшлари бежиз эмас. Хина қадимдан ҳалқ табобатида қўлланиб келинади. Қадимда хина яраларга қўйилган, суяк, тери касалликларида, бош оғриғида, қон босимини тушириш учун, қон тўхтатиш учун қўлланилган. Хина – Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) томонидан соч ва терини бўяш учун тавсия қилинган воситадир. Терида хинанинг бўлиши унга сув етишига тўсқинлик қилмайди, шунинг учун хинани қўллаш таҳоратни ҳам, ғуслни ҳам бузмайди. Замонавий медицинада қандай маълумотлар бор? Хина тозаловчи, ҳимоя ва соғломлаштириш хусусиятларига эга. Хина юз ва тана терисига ёшартирувчи ва юмшатувчи таъсир кўрсатади. Хина соч тузилмаларини яхшилайди, уларни тўкилишини олдини олади, қазғоқни йўқотади, соч ўзагини мустаҳкамлайди (соч пиёзчасини озиқлантириш орқали), табиий жило беради, сочни шамоллатиб, унга қалинлик кўринишини беради ва турмаклашни осонлаштиради. Хина яллиғланиш ва дағаллашишни йўқотишга ёрдам беради, терини тозаланиши ва юмшашини таъминлайди, қичишиш, йирингли ярачаларни йўқотади, замбуруғ касалликларини даволашга ёрдам беради. Бундан ташқари, хина жуда яхши антисептик (микробга қарши восита) ҳам ҳисобланади! Хина терини фаол ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилади. Хина таркибида органик кислоталар, танинлар, полисахаридлар, смола ва ёғ моддалари, С ва К витаминлари, эфир мойи қолдиқлари мавжуд. Қизиқ жойи, оддий синтетик бўёқлар сочннинг ичига кириб боради, хина бўёғи эса соч тузилмалари ичига кирмасдан, уни сув ўтказувчи плёнка билан қоплаб олади ва узоқ муддатга бўялишини таъминлайди. Хинанинг бир неча сирлари Сочни бўяш Реклама бизни соч бўёқлари хавфсиз ва ҳатто фойдали, деб ишонтиришга астойдил уринади. Лекин химия,барибир ,химиядир. Унинг ёрдамида яратилган гўзаллик қисқа муддатлидир; бироқ унинг таъсири натижасидаги сочнинг тўкилиши ва нозиклашиши билан анча узоқ курашишга тўғри келади. Ваҳоланки, косметологияда соч бўяш амалиёти минг йиллардан буён мавжуддир. Қадимги Миср ва Бобил, Ҳиндистон ва Араб Шарқи гўзаллари бунинг учун хинадан фойдаланганлар. Қайси ҳолларда хина сизга тўғри келмайди: 1. Сизнинг сочингиз яқинда химиявий модда билан бўялган ёки рангсизлантирилган бўлса. Ўсимлик асосидаги бўёқлар химиявий бўёқлар билан мувофиқ келмайди. Бу ҳолда натижа умуман кутилмаган бўлиши мумкин. Сочингиз ҳар қандай рангга – апельсин рангидан тортиб яшил ранггача – кириб қолиши мумкин. 2. Агар сочингиз химиявий жингалакланган (кокилланган, завивка) бўлса. Бунга ҳам юқоридаги омиллар сабаб бўлади. Хина билан бўялгандан сўнг ҳам химиявий жингалаклаш мумкин эмас. 3. Агар сочингиз табиатан ёрқин рангли бўлса. Албатта, агар сиз сочингизни малла рангга киришини хоҳласангиз, бу бошқа гап. 4. Агар сиз сочингиз рангини тез-тез ўзгартиришга кўникиб қолган бўлсангиз. Хина билан бўягандан кейин сиз узоқ муддат химиявий жингалаклай олмайсиз, химиявий бўёқлар қўллай олмайсиз, сочингизни рангсизлантира олмайсиз. 5. Агар сочингизни 40 % дан кўп қисми оқарган бўлса (бу ҳолда соч сабзи рангига кириб қолиши мумкин). Сизга зарур бўладиган нарсалар: 1 тадан 3 тагача пакетчадаги хина (сочингизнинг узунлигига боғлиқ), эски сочиқ, кичикроқ косача, кенг сартарошлик чўткаси (кисточка), резина қўлқоплар, пахта, крем, пластик плёнка (оддий ўртача катталикдаги целлофан пакет ҳам бўлаверади), агар сочингиз узун бўлса, шпилькалар. Соч бўяш босқичлари: 1. Хинани қуюқ сметана ҳолатига киргунча қайноқ сув қуйиб аралаштиринг. Хинада бўлакчалар қолмаслиги керак (бунинг учун сув қўшишдан аввал хинани элаб олинг, ёки тайёр қоришмани сузгичдан ўтказиб олинг). Яхшироқ суртилиши учун ва ниқоб хусусияти пайдо бўлиши учун қоришмага тухум сариғи, календула мойи, жожоба ёки хинанинг мойидан қўшиш мумкин. 2. Елкангизга эски сочиқни ёпинг. Хина доғларини кийимдан кетказиш амалда иложи йўқ. Пешонангизнинг соч ўсиш чизиғи бўйича крем суртиб олинг; бу терини бўялиб қолишини олдини олади. 3. Бўёқни қуруқ, тоза сочга суртиш керак. Бўяшни энса қисмидан бошлаган маъқул. Бошнинг энса қисми энг паст ҳароратга эга, шунинг учун энса қисмидаги соч толалари узоқроқ бўялади. Кейин бўёқни бошнинг тепа ва чакка қисмларига суртинг, охирида эса сочнинг бутун узунлиги бўйлаб суртиб чиқинг. Хинанинг терига тушмаслигига эътибор беринг. Агар бу ҳолат юз берса, дарҳол нам пахта тампони ёрдамида артиб ташланг. 4. Сочнинг ҳамма қисмини бўягандан сўнг, сочингизни уқалаб чиқинг (массаж), шунда хина бир текис ётади. Агар сочингиз узун бўлса, шпилька билан қадаб олинг. Бошингизни пластик плёнка билан ёпинг, бунда пешонанинг соч ўсиш чизиғи бўйлаб пахтадан қилинган жгут боғлаб олинг, плёнканинг устидан эса сочиқ билан ўраб олинг. 5. Хинани қанча вақт қўйиб туриш керак? Бу сочнинг дастлабки рангига, унинг қалинлигига ва қандай жилога эришмоқчи эканлигингизга боғлиқдир. Энг яхшиси, сочни бўяшдан аввал бир тутамида синаб кўриш керак. Бу амал тажриба хинани қанча вақт қўйишни бехато аниқлашга ёрдам беради. Агар сизда бу амал учун вақт ва хоҳиш бўлмаса, ва сочингизнинг дастлабки ранги ёрқин ранг бўлса, малла рангга кириши учун 5-10 минут, тўқ рангли соч учун 30-40 минут, қора сочлар учун 1,5-2 соат керак бўлади. 6. Бўяш вақти тугагандан кейин сочни яхшилаб ювиш керак бўлади. Бу жараён анча мураккаб ва қувват талаб қилади. Сочни ундан оқаётган сув мутлақ тоза ва тиниқ ҳолга келгунча ювиш керак. Сочдан хинанинг қолдиқларини ювиш учун чайқовчи малҳамдан (бальзам-ополаскиватель) фойдаланиш мумкин ёки кейинроқ, қуритиш давомида фен ёрдамида тозалаш мумкин. Шуни ёдда тутиш керакки, хинанинг хақиқий ранги одатда икки-уч кундан кейин, айниқса, қуёш нурида юзага чиқади. Шунинг учун солярийга борилса ёки шунчаки қуёш нурида турилса, айни муддао бўлади; бу нарса сочни ажойиб тарзда товланишига имкон беради. Агар фақатгина сизда мавжуд бўлган рангни пайдо қилмоқчи бўлсангиз, унда тажриба ўтказиб кўриш мумкин. Масалан, агар қадимги ҳинд рецептига амал қилиб, 100 грамм хинага 10 грамм оддий майдаланган гвоздика қўшиладиган бўлса, сочнинг ранги янада тўқлашиб, ёрқинлашади. Лавлаги суви ҳам ўзига хос жило пайдо қилиши мумкин. Қуюқ қилиб дамланган чой сочни ёрқин-сариқ рангга бўяйди. Агар 4 чой қошиқ кофе қўшиладиган бўлса, бу сочга оқ-малла ранг ёки каштан рангини беради. Турли жилога эга бўлиш учун хинани 3-4 қошиқ какао билан аралаштириш кифоя қилади. Бунда соч кўпчиликка таниш бўлган қизил дарахт рангини олади. Мойчечак дамламаси эса (1 қошиқ мойчечак гулидан ½ стакан сувга қўшилади) сочни ёрқин олтин рангга киритади. Хина қоришмасига бироз каркаде чойи қўшилса, соч қизғиш рангга киради. Агар хинани пиёз пўчоғи билан қайнатиб қўлланилса, мисранг ёки олтинранг жилони пайдо қилиш мумкин. Яна баъзи бир сирлар ёки басмали хина. Хинани басма (индиго) билан бирга қўллаш натижасида ёрқин қизғиш рангдан тортиб қора ранггача пайдо қилиш мумкин. Басмани ўзини эса қўллаш тавсия этилмайди, чунки басманинг табиий ранги – тўқ яшилдир. Хина ва басманинг баробар нисбатдаги аралашмаси ёрдамида сочни каштан ранга бўяш мумкин. Сочни ёрқин-қизғиш рангга киритиш учун унга 1 қисм хина ва 3 қисм басмадан иборат аралашмани 1 соат муддатга суртиш керак. Агар аралашма кўпроқ вақт (1,5 соат) ушлаб турилса, табиий каштан рангини олиш мумкин. Ёқимли бронза рангини ҳосил қилиш учун 2 қисм хинага 1 қисм басма қўшиш керак бўлади. Хина билан басма қоришмасини қора ранг ҳосил қилувчи нисбати ҳам маълум, бироқ хадисларга биноан, сочни қора рангга бўяш мумкин эмас. Энди сочларингиз чирой ва соғломлик билан товланмоқда! Ушбу товланишни сақлаб қолиш учун нима қилиш керак? - Хина рангсизланиш хусусиятига эга. Бироқ хинани икки ойда бир мартадан кўп қўлламанг. Тез-тез қўллаш натижасида аксинча таъсир юз бериши мумкин: соч хира рангга кириб қолади. - Агар сиз эски хина бўёғини янгилашни ҳоҳласангиз, буни чайқаш ёрдамида амалга оширинг. Бунинг учун 50 грамм хинани 1,25 литр қайноқ сувга аралаштиринг. Қоришмани сузгичдан ўтказиб, совутинг. Шундан кейин у билан сочингизни чайқашингиз мумкин. Ортиқча ёрқин рангни қандай кетказиш мумкин? Озгина ўсимлик мойини қиздиринг ва уни сочингизга яхшилаб суртинг. Фен билан бироз қуритиб, сўнг мойнни шампунь билан ювиб юборинг. Мой хинани ўзига шимиб олади. Агар бир мартадан сўнг натижа унчалик бўлмаса, муолажани такрорланг Мехнди Сочни хина билан бўяш ҳаммага таниш ҳолат. Бироқ хинани яна ҳам «шарқона» қўллаш усуллари мавжуд. Бу – мехнди, яъни хина билан терига расм солиш. Европада бу бироз бошқача кўриниш олган – яъни хина билан татуаж қилиш; бу нарса моҳиятига кўра нотўғри ҳисобланади. Бу нарсанинг татуаждан фарқи, у инсоннинг табиий ҳолатини ўзгартирмайди. Исломда татуаж ман қилинган, хинани терини безаш учун қўллашга рухсат берилибгина қолмасдан, балки бу маҳбуб амаллардандир. Одамлар қадимдан танасини турли нарсалар билан безатиб келган. Хина билан расм солиш қадимги Бобил, Ассирия, Месопотамия, Юнонистон ва Рим империяси ҳудудларида маълум бўлган. Хина ёрдамида солинган расмлар аёллар учун ажойиб безак бўлиб ҳисобланган. Бу нарса ҳозирда ҳам Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Хиндистон, Покистон томонларда кенг қўлланилади. Хина билан расм солиш – қатъий қоидаларга эга бўлмаган санъатдир, чунки ҳаттоки расмнинг ранги ҳам пастанинг таркиби ва одамнинг терисига қараб турлича бўлади. Шунга қарамасдан, ҳар бир маданият ўз анъаналари ва нақшларига эга. Энг соддалари – чизиқчалар, нуқталар ва илмоқчалардан иборат график тарздаги расмлар Шимолий Африка берберларида учрайди. Ислом маданиятида йирик ўсимлик кўринишидаги нақшлар афзал кўрилади. Ҳиндистонда эса каштага ўхшаш жимжимадор расмларни яхши кўрадилар. Пастани тайёрлаш: Расмнинг сифати пастанинг сифатига боғлиқдир. Пастани бир кун олдин тайёрлаш лозим, чунки у тайёр бўлиши учун тахминан 24 соат керак бўлади. Бу рецепт 20 грамм хинага мўлжалланган, ундан 100 граммча паста чиқади. Бу иккала қўлни тирсаккача безаш учун етарлидир. Сизга керак бўладиган нарсалар: -Хина кукуни. - Янги сиқиб олинган ва сузғичдан ўтказилган лимон суви ёки лайма суви. - Шакар. - Хушбўй мой (майлга қараб). - Кичикроқ пластик ёки шиша косача. - Ўлчов қошиқлари. - Пластик пакетлар. - Аппликатор: медицина шприци (игнасиз) ёки кичикна тешикли пластик бутилка, расм солиш учун кенг, ясси таёқча (музқаймоқ таёқчасига ўхшаш). Кечки маҳал: Аралаштиришдан аввал хинани майда элакдан ўтказиб олиш керак. Агар сизнинг расмингизда майда чизиқлар кўп бўлса ва расмни шприц билан солмоқчи бўлсангиз, бу нарса муҳимдир. Ингичка чизиқлар яхши элаб олинган хинадан тайёрланган пастада яхши чиқади. Фойдаланишдан тахминан 24 соат олдин 20 грамм хинани шиша косачага тўкиб, ¼ стакан лимон сувидан қўшинг. Хина ва лимон сувини бир жинсли модда ҳолига келгунича аралаштиринг, қоришмада бўлакчалар қолмаслиги керак. Қоришмали идишни пластик пакетга ўраб, ҳаво кирмайдиган қилиб ёпинг ва камида 12 соатга илиқ жойга (22-25°С) қўйинг. Қоришмани сув ҳаммомида бироз иситиш ҳам мумкин. Хинани оддий сувга аралаштириш тавсия этилмайди, чунки, барглардан бўёвчи моддалар ажраб чиқиши учун кислотали муҳит талаб этилади. Эртасига эрталаб: Қоришмани очинг ва унга 1 чой қошик шакар қўшинг. Шакар қоришмани терига яхшироқ ёпишиши учун зарур. Бундан ташқари, 1 чой қошиқ хушбўй мой ҳам кўшиш тавсия этилади. Одатда хина гулларининг мойи қўлланилади, бироқ бошқа дарахтларнинг мойи ҳам бўлаверади: чой дарахти, апельсин, сандал, лаванда, гвоздика ёки эвкалипт мойлари. Эфир мойлари қўшилган паста тўқроқ ва турғун ранг қолдиради. Барча масаллиқни яхшилаб аралаштиринг. Энди пастани лимон суви ёрдамида керакли қуюқликка келтириш керак бўлади. Лимон сувининг аниқ миқдорини аниқлаш қийин, чунки хинанинг хусусиятлари хар хил бўлиши мумкин. Қуюқлигига кўра паста қуюқ сметана ёки тиш пастасини эслатиши керак. Қоришмага лимон сувини бир чой қошиқдан қўшиб, керакли консистенцияга келгунича яхшилаб аралаштириб туриш лозим. Паста ортиқча қуюқ бўлса, аппликатордан сиқиб чиқариш қийин бўлади, суюқ бўлса, расм «оқиб» кетади. Суюқ пастага бироз хина кукуни қўшиб, пластик пакетга ўралади ва яна 12 соатга тиндириб қўйилади. Шундан кейин яна ундан фойдаланиш мумкин. Ана энди чизишни бошлаймиз! Расм силлиқ терида яхши туради, шунинг учун олдин терини спирт билан ёғсизлантириш керак. Дағал терини пилинг ёрдамида силлиқланг. Шундан кейин терига эвкалипт мойидан 3 томчи суртинг. Эвкалипт мойи тери тешикчаларини яхши очади ва расмни яхшироқ тушишига сабаб бўлади. Агар терингиз нозик бўлса, олдин тест ўтказинг: тирсакнинг ички томонига эвкалипт мойидан томизиб кўринг. Бир вақтда хинани ҳам синаб кўришингиз мумкин. 12 соатдан сўнг терида ўзгариш бор-йўқлигини текширинг. Санъат: турлича чизиш мумкин. Шаблон техникаси. Бу усулда кўп марта ёки бир марта ишлатиладиган нақшли трафаретлар қўлланилади. Уларни ўзингиз қалин полиэтилен ёки пластирдан тайёрлашингиз мумкин. Кейин нақшли трафаретни терига скотч ёрдамида ёпиштиринг. Энди трафаретнинг бўш жойларини хинали паста билан тўлдириб чиқинг. Пастани таёқча, чўткача ёки шприц ёрдамида суртиш мумкин. Қулай усулни ўзингиз танланг. Агар тайёр пастани тюбикдан фойдаланадиган бўлсангиз, аввал тюбикни яхшилаб эзғилаб аралаштириш керак. Тюбик учидан кичкина тешикча очиб, пастани бир текисда суртинг. Агар хина толалари тешикни тўсиб қўядиган бўлса, уларни игна билан тозаланг. 2 соатдан сўнг трафаретни эҳтиёт бўлиб, олиб ташланг. Қўлда қолган хина қатламини пичоқ билан қириб тозаланг. Ювиш мумкин эмас! Хина терида туриши керак бўлган энг кам муддат – 2 соат, лекин қанча кўп турса, расм шунча ёрқин ва узоқ турадиган бўлади, шунинг учун иложи бўлса, 6-8 соат туриши керак. Бунда вақти-вақти билан хинани шакар қўшилган лимон суви билан хўллаб туриш лозим. Олдинига расм малла-жигарранг тусда бўлади, сўнг секин аста тўқлашиб, бир-икки кундан сўнг ўзининг максимал жилосига эга бўлади. Ёдингизда тутинг - Хина тананинг «ёпиқ» қисмларида узоқроқ сақланади. - Лоларанг-қизғиш ранг 24-48 соат сақланади, кейин аста-секин тўқлашиб боради. Бу вақт ичида бўялган жойни совунлаб ювиш тавсия этилмайди. - Иссиқ ҳарорат расм рангини тўйинган ва давомли қилади, шунинг учун расмни инфрақизил лампа ёки қуёш нурида қуритинг. - Энг ёрқин расмлар қўлда ва оёқнинг кафт ва панжаларида бўлади. - Пигментлар яхшироқ шимилиши учун қуритаётганда расмни вақти-вақти билан шакар қўшилган лимон суви билан хўллаб туринг. - Эртасига расмга яна хина пастасидан суртинг, бу рангни яна ҳам чуқурлаштириб, мустаҳкамлайди. - Расм ёрқинроқ ва ялтироқ бўлиши учун, хина пастаси олиб ташлангандан кейин уни бодом, хантал ёки кунжут мойи билан артинг. - Расм узоқроқ сақланиши учун қаттиқ терлашдан сақланинг. - Хинадан солинган расм узоқ вақтда, 3-4 хафтада, аста-секин оқаришиб йўқолади. Агар сизга ёқиб қолган расмни сақлаб қолмоқчи бўлсангиз, мутлақ йуқолиб кетишидан олдин расмни қайтадан янгиланг. - Хина – кучли бўёвчи моддадир! Эҳтиёт бўлинг ва ортиқча бўёқни теридан тезда пахта пилик ёрдамида тозалаб ташланг. - Кейинги 2-3 кун ичида расмни мой билан артиб туринг – шунда расм ёрқинроқ ва давомлироқ бўлади. Расм қайси рангда бўлади? Табиий хинадан солинган расмлар лоларанг, қизғиш, жигарранг тусда бўлиши мумкин. Терининг хусусиятларига қараб ҳам расм жилоси ўзгариши мумкин. Замонавийликдан бир шингил Ҳозирги пайтда хина шампунлар ва чайқовчи воситалар ишлаб чиқаришда ҳам қўлланилади. Кўпчилик ювиш воситаларидан фарқ қилиб, хина бошнинг сочли қисми кислота-ишқор мувозанатини бузмайди ва бир вақтнинг ўзида яхши тозаловчи ҳисобланади. Хина билан ванна қабул қилиш терига чиройли олтинранг тобланиш рангини беради. Яъни у солярийнинг фойдали ва ёқимли муқобилидир. Рангсиз хинадан фақат соч учун эмас, тана учун ҳам ниқоб тайёрлаш мумкин: бу нарса кўкрак ва тана орқасидаги тошмалардан қутулишга ёрдам беради. Машҳур ва бир вақтнинг ўзида номаълум хина хақидаги ҳикоямиз шундан иборат.

манба: islom.uz

Мавзуга оид мақолалар
17 « « ». « » « ». .  Ўн еттинчи ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу давоми...

11:27 / 25.05.2018 5361
САВОЛ Намозда аёлларни сочларини турмаклашлари макруҳми, агар макруҳ бўлса, улар узун сочларини қай усулда давоми...

16:53 / 16.10.2016 4296
Қурбонлик қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган ҳайвондир. Фуқаҳолар истилоҳида қурбонлик «Махсус ҳайвонни давоми...

15:27 / 10.11.2016 3144
Сафар ойи ҳижрийқамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар давоми...

21:32 / 17.03.2017 8428