Умрингизга барака
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Одам боласининг қанча умр кўриши унинг ўзига эмас, Яратганнинг хоҳиш-иродаси, банданинг қадардаги ёзилган тақдирига  боғлиқ. Аллоҳ қанча умр берган бўлса, инсон бундан бир соат ортиқ ёки кам яшай олмайди. Аллоҳ бировга узоқ умр берган, бошқасига қисқа. Туғилган заҳоти ўлиб кетадиган чақалоқлар ҳам, юз йилдан ортиқ яшаб, қариб-қартайиб юрганлар ҳам бор. Нуҳ, Шис алайҳиссалом каби пайғамбарлар минг йил атрофида, Иброҳим алайҳиссалом 275 йил умргузаронлик қилишган бўлса, Исо алайҳиссалом 33 йил, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом 63 йил умр кўришган. Ҳозирги пайтда японлар ўртача саксон йил яшаётган бўлишса, Гаити, Свазиленд, Намибия каби айрим ўлкаларда ўртача умр 30 ёшдан ошмаётир.
Ҳақиқат шу бўлгач, аслида узоқ умр тўғрисида орзу қилмаса ҳам бўладиганга ўхшайди. Аммо барча сабабларнинг Сабабчиси бировга узоқ умр ато қилган бўлса, киши турли сабабларга кўра уни қисқартириб юбориши, бошқа биров эса тақдиридаги қисқа умрни дуо-илтижолар ва хайрли ишлар билан баракали қилиб, «узайтириб» олиши ҳам мумкин экан! Шунинг учун Аллоҳ берган умрни қай даражада мазмунли, рисоладагидай қилиб яшаш кўп ҳолларда инсоннинг хоҳиши, яшаш муҳити, ахлоқий хусусиятларига ҳам боғлиқ бўлади. Ўтмиш донишмандларидан Сенека бундай деган: «Ҳеч ким умри қисқа бўлиб туғилмайди, уни ўзимиз қисқартирамиз. Умримиз тугал, аммо уни ўзимиз елга совурамиз. Агар оқилона фойдаланилса, умр жуда узоқ нарса». Инсоният тарихи қатларига назар солсангиз, одамлар азалдан узоқ умр кўриш сирларини англашга интилиб келишган. Олимлар, ҳозиқ табиблар «умрбоқийлик малҳами»ни, узоқ яшаш сирларини излашдан бир зум ҳам тўхташмаган. Еттинчи аср ўрталарида хитойлик машҳур табиб Сун Симяо саломатлик ва кўп яшаш омилларини бундай келтиради: «Узоқ яшашни орзу қилсангиз, шовқинли товушларни эшитманг, бекорчи сўзларни айтманг, ортиқча ҳаракат қилманг ва каллангизда ғўр, бўлмағур фикрларни кўтариб юрманг. Ҳаёт бизга завқланиб яшаш учун берилган, шундай экан, ўзни ортиқча зўриқтиришдан на фойда?! Ҳар бир оддий воқеадан безовта бўлавериш керакми? Бу билан фақат қўшиқ айтиб, байрам қилинг, демоқчи эмасмиз. Ҳар бир нарса ўз ўрнида яхши, ҳар бир ишда меъёр бўлгани яхши. «Ҳаёт» деган сўзнинг хитой тилидаги асл маъноси «ҳаракатсиз ҳаракат» деганидир. Демак, иш фаолиятингиз ва ҳаракат-ҳолатингизни ўз вақтида ўзгартира билинг!» Буни қандай қилиб амалга ошириш мумкин? Бу борада ҳам хитойликларнинг ўзлари маслаҳат беришади: «Узоқ ўтириш танага зарар келтиради. Узоқ ётиш эса нафас олишни қийинлаштиради. Узоқ вақт тик туриш суякларга, айниқса, умуртқага зиён етказади. Узоқ масофага пиёда юриш мушаклар ишини мушкуллаштиради». Ўн биринчи асрнинг машҳур хитой табиби Хуан Тинзян эса бундай маслаҳат беради: «Тўйиб овқатланиб чой ичганингиздан сўнг, албатта, дам олинг. Кундузги ташвишлардан холи бўлгандан сўнг ҳам, албатта, дам олинг. Ҳасадгўйликдан йироқ бўлиб, дилозорликдан ўзингизни тийишга улгурган бўлсангиз, дам олиш сизга янада роҳат-фароғат келтиради». Машҳур қомусий олим ва улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино умрбоқийлик сирларини бундай баҳолайди: «Узоқ умр кўриш учун танани мунтазам равишда чиниқтириш, вақтида тўғри овқатланиш, меҳнат қилиш, дам олиш ва айниқса, бекордан-бекорга асабий бўлмаслик даркор». Ибн Сино умрни баракали қилиш ва сермазмун ҳаёт кечириш учун жоҳил бўлмаслик, изтиробга тушмаслик, ширинсухан бўлиш, таомга ўч бўлмаслик, шароб ва хамр ичмаслик, тамаки чекмаслик зарур эканини аниқлаган эди. У: «Агар мунтазам равишда бадантарбия машқлари билан шуғулланилса, дори-дармон истеъмол қилишга эҳтиёж қолмас эди», деган. Қадимда яшаб ўтган донишмандлардан бири узоқ умр кўриш ва ҳамиша соғлом бўлиш омиллари сифатида қуйидаги ўн бешта тавсияни беради: «Юзни кўпроқ уқаланг. Сочни мунтазам тараб туринг. Кўзлар муттасил ҳаракатда бўлсин. Қулоқлар доимо ҳушёр турсин. Юқори ва паст қатордаги тишлар доимо бир-бирига тегиб турсин. Оғизни ҳамма вақт ёпиб юринг. Оғизда ҳамиша сўлак бўлиши шарт. Енгил нафас олишга ўрганинг. Юракни осойишта сақланг. Онгли равишда ҳаракат бошланг. Елкани тўғри тутинг. Қоринни тез-тез силаб туринг. Кўкрак ичкарига ботган бўлсин. Қисқа ва равон сўзланг. Терида мунтазам намликни сақланг». Юқоридаги тавсиялардан кўриниб турибдики, инсон узоқ умр кўришни орзу қилса, энг аввало, ҳаётини маълум меъёрга солиб, ҳар ишда мўътадил йўл тутиши керак бўлади. Бунинг учун меъёрида таомланиш, меъёрида ухлаш, кам гапириш, ҳаракатдан қолмаслик, одамлар билан яхши муносабатда бўлиш, танани тоза ва покиза тутиш, зарарли одат ва қилиқларни тарк этиш, энг асосийси, ҳаётга муҳаббат, ўзгаларга раҳм-шафқат билан қараш каби омилларга риоя қилиш лозим. Ўтмиш донишмандлари инсон ҳаётини табиатдаги фасллар каби  тўрт босқичга бўлишади: болалик ҳаёт баҳори бўлиб, у баҳор каби беғубор, мусаффо, беташвиш, серҳаракатлилик билан кечади, киши болалик даврида дунёга хассослик билан боқади, ҳаётини тафтиш қилишни билмайди, воқеликни ташналик билан ўрганади. Ёшлик инсон ҳаётининг ёзидир, у бу даврда руҳан, жисмонан ва ахлоқан шаклланади, тоза ва мукаммал ҳислар соҳибига айланади. У ҳамма нарсани билишга уринади, ҳаётда ўз ўрнини топиш учун курашади ва ҳамма нарсага тийран кўз билан назар солади. Балоғат даврини донишмандлар инсон ҳаётининг кузига тенглашади. У умрининг бу палласида меҳнат ва изланишлари самарасини кўришга интилади, зиммасидаги ишларни рўёбга чиқаришни истайди, орзулар ва мақсадлар йўлида ғайрат кўрсатади. Кексалик эса одам ҳаётининг қиши бўлиб, бу даврда кишида кўнгил софлиги, ҳаётий тажрибалар, диққатни бир жойга жамлаш, ҳар бир нарсадан ҳикмат излаш каби туйғулар уйғун ҳолатда алмашиниб туради. Инсон бу паллада камолот ва маънавий юксакликнинг чўққисига чиқа олади. Инсон ҳаётининг мазмунини донишмандлар жуда кўп омилларда кўришади. Аждодлар ҳаётини кузатсангиз, умрбоқий кексалар турмушда руҳий хотиржам бўлиш, ҳеч нарсада шошмаслик, кам ейиш, кам ухлаш ва кам сўзлаш, ҳамиша жисмоний меҳнат ёки ҳаракатда бўлиш каби хислатларни эгаллашга кўп эътибор қилишган. Камтарона, ҳою-ҳавасларга берилмай, қаноат билан яшаш ҳам узоқ умр кўриш шартларидан ҳисобланган. Хорижий ўлкаларнинг бир гуруҳ олимлари, шифокорлари, руҳшунос ва парҳезшунос мутахассислари узоқ ва мазмунли умр кўришнинг олтита «олтин» қоидасини ишлаб чиқишдики, булар билан танишиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди:
1. Тўйгунча овқатланмаслик. Тановул вақтини камида йигирма дақиқага чўзиш ва ҳар бир луқмани камида саккиз-ўн марта чайнаш керак. Шунда меъда тўла қувват билан ишлаб, тўқлик ҳисси пайдо бўлади. Таом еб бўлиш биланоқ ётишни ўйламанг, овқат бироз ҳазм бўлишини кутинг. Ёшингизга ва йил фаслига қараб овқатланишни ўрганинг. 2. Салқин хонада ухлаш. Ҳарорати 17-18 даражадан ошмаган хонада ухлаганлар узоқ йиллар ёш ва бардам ҳолларида қолишади. Сабаби, танадаги модда алмашинуви, айниқса, ёш хусусиятлари атроф-муҳитга кўп жиҳатдан боғлиқ. 3. Доимо ҳаракатда бўлиш. Жисмоний ҳаракат ёки саккиз-ўн дақиқали енгил бадантарбия машқлари ҳар қандай муолажа ва дори-дармондан фойдалироқдир, умрни мазмундор қилиш омилидир. 4. Севиш ва меҳр-муҳаббатли бўлиш. Ҳаётга, атрофингиздагиларга муҳаббат қўйиш, ўзгаларга меҳр-шафқат кўрсатиш, одамларга кераклигингизни ҳис этиб яшаш ҳам умрингизни безайди. 5. Аъзоларни бот-бот уқалаб туриш. Кўз-қош атрофи, пешона, чаккалар, қулоқ, қўл-оёқ каби аъзоларни вақти-вақти билан уқалаб, массаж қилиб туриш ҳам танадаги ҳимоя кучларини фаоллаштиради, кўнгилсиз ҳис-туйғулардан халос қилади, кайфиятни яхшилаб, муддатидан олдин қаришнинг олдини олади. 6. Хотиржам бўлиш ва одамларга яхшилик қилиш. Кўпгина касалликларнинг бошланиши асабдан эканини ҳамма яхши билади. Ҳамма нарсада шошилиш, ўзгалар билан муроса қилолмаслик, худбинлик, ҳасадгўйлик, ишидан кўнгил тўлмаслик, сал нарсага асабийлашавериш каби иллатлар инсон умрини кемирувчилардир. Кўнгилсизликлар ва ташвишлар гирдобида ўралашиб қолманг, одамлар билан хуш муомалада бўлинг, ҳаётга некбинлик билан қаранг, бошга ташвиш тушганда сабр қилишни ўрганинг. Шунда ҳаётингизни безаб, умрингизни файзли ўтказасиз.
Умрининг баракали бўлишини истаган киши ўзининг дастурхонига алоҳида эътибор қилиши зарур. Катта ёшдагилар қувват берувчи, танага «ёқадиган», латиф, табиий таом ва егуликларни истеъмол қилишгани маъқул. Қувват бўлиши учун табиблар бир пиёла майиз, иккита лимон, бир пиёла ёнғоқ мағизи ва бир пиёла туршакни аралаштириб яхшилаб туйишни, сўнг устидан май ойида олинган тоғ асалидан бир ярим пиёла қуйиб яхшилаб аралаштиришни, кунига уч маҳал овқатдан бир соат олдин бир ош қошиқдан еб туришни маслаҳат беришади. Умуман, ҳамиша бардам ва соғлом бўлишни истаган киши дастурхонидан асални узмаслиги лозим. Ибн Сино: «Агар навқирон бўлишни истасанг, албатта асал е!», деган. Асал таркибидаги гул чанги айниқса, қариётган танани тетик қилиб, ёшартиради. Минг дардга шифо бўлувчи асал озиб кетган, заифлашиб қолган кишиларнинг умумий ҳолатини яхшилаб, қонини тозалайди, тетик-бардам қилади. Асални соғ одам ҳам мунтазам еб туриши керак, у жуда кўп хасталиклар ва дардларнинг олдини олади. Наманганда Иброҳим махдум исмли билимдон ва тақводор бир табаррук зот ўтганлар. У киши анча узоқ умр кўрдилар. Турмуш тақозосига кўра ёшлари анча улғайганида қайта уйланиб, кейинги завжаларидан уч ўғил кўрдилар. Бу зотнинг ҳаёт тарзларига қизиқиб, бир куни нонушталарига бордим. Дастурхонда қайроқи буғдойдан сув тегирмонида тортилиб, тандирда ёпилган ва суви қочирилган қора нон, бир ҳовуч сариқ майиз, бир коса қатиқ, бир бўлак новвотгина бор эди… Соғлом ва тетик юришни истасангиз, қайнатма суюқ таомлар, ширгурунч ва бўтқа таомларни истеъмол қилишга ўтинг. Тибет табобати: «Умрингизни сут ва бўтқа билан бошлаган эдингиз, шулар билан тугатинг», деб маслаҳат беради. Ёши қирқдан ўтган одам кунига ҳеч бўлмаганда бир неча қошиқ манна бўтқасидан еб туриши керак, у суяк, ошқозон, ичак ва мушакларга ижобий таъсир кўрсатади. Ҳаётда рисоладагидай яшаб ўтиш, соғлом турмуш тарзини танлаш ҳам узоқ умр кўриш сабабларидан саналади. Баъзилар ёшликда ҳаёт қадрига етмай, умр йилларини бефойда, самарасиз, айш-ишрат ва бекорчиликларга сарф қилиб юборишади. Оқибатда барвақт қариб, ёш улғайганда нотавон ва мажруҳ кимсаларга айланишади. Улуғ файласуф ва нотиқ Ситсерон таъбири билан айтганда: «Кишининг кучдан қолиши йилларнинг эмас, кўпинча бебош ёшликнинг асов ғалаёнлари оқибатидир. Бебош ва саёқ ёшлик кексаликка шалвираган танани ҳадя этади». Замонавий мутахассислар одам барвақт қаришининг, умри қисқаришининг сабабларини тўрт нарсада кўришади: булар – инсонни ҳаётга қизиқтирувчи бирор машғулот ёки мақсаднинг бўлмаслиги, одамлардан узилиб, ўз қобиғига ўралиб олиш, ҳамма нарсадан жиғибийрон бўлиб, нохуш кайфиятда юриш, жисмоний меҳнат ва ҳаракатларни бутунлай тарк этишдир. Шу ўринда Ҳофиз Шерозийнинг қуйидаги сўзларини  келтириб ўтиш ўринлидир: «Эй фарзанд, бир китобда ўқиган эдим: одамнинг қуввати то ўттиз тўрт ёшгача ҳар куни зиёда бўлаверади. Ўттиз тўрт ёшдан қирқ ёшгача қувват кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам – бир хил тураверади. Қирқдан эллик ёшгача одам ҳар йили қуввати камайиб бораётганини сеза бошлайди. Элликдан олтмиш ёшгача киши ҳар ойда ўзида қандайдир жисмоний камчилик топади: ҳали у ери, ҳали бу ери оғрийди. Умрнинг энг қувватли чўққиси қирқ ёшдир. Бу ёшдан кейин аста-секин пастга тушиш бошланади. Эй фарзанд, мана, қариликнинг нима эканини англадинг, қариларни доим ҳурмат қил…» Кексайишнинг асосий кўриниши заифликдир. Қариялар бошқаларга қараганда грипп, тумов, шамоллаш, бронхит, юрак хуружи каби хасталикларга тезроқ чалинадиган бўлишади. Бу эса ёш улғайганда саломатлик ҳақида кўпроқ қайғуришни, касалликлар олдини олишни тақозо қилади. Ҳаёт ва ўлим чегарасининг қаердан ўтишини Яратгандан ўзга ҳеч бир зот билмайди. Шунга қарамай, инсонлар умр бўйи саломатлик ва узоқ умр кўриш ташвишида бўлишади. Навқиронлик, бардамлик ва куч-қувватни йиллар давомида сақлаб қолиш, эрта қаримасликни қадим замонлардан буён орзу қилиб келишган.

 

     
Мавзуга оид мақолалар
Қуръон мусобақаси ҳакамларига зарур тавсиялар берилди 18 апрель куни Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта махсус давоми...

19:31 / 19.04.2018 2037
Cаудия уламолари аёлларнинг автомобиль бошқаришларига рухсат берилганини қандай изоҳлади    Узоқ давом давоми...

15:16 / 30.09.2017 11429
Рамазон ойи рўзасидан кейин Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишлик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи давоми...

06:28 / 02.05.2019 6173
.Аллоҳ сизларга ўзларингиздан жуфтлар қилди..., Наҳл сураси, 72оят. Аллоҳ таоло сизларни эрхотин бўлиб, жуфт давоми...

22:42 / 18.07.2023 2802