Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Табиатда аввалдан мавжуд бўлмаган, кейинчалик инсон томонидан ўйлаб топилган барча сунъий нарсалар одам табиатига ўтиришмайди, ёқмайди ва фойда бермайди. Масалан, нейлон ва атсетат каби сунъий матолардан тайёрланган кийим баданингизга ёқмайди.Ёки уй жиҳозлари, мебеллар ичидаги поролон нарсалар 12-15 йилдан кейин, албатта, инсон соғлигига зарар етказа бошлайди. Худди шу каби сахарин, қуруқ сут, хушбўйловчи (ароматизатор) каби кимёвий йўл билан олинган таом ва ширинликлар асло фойда бермайди, турли кимёвий моддалар қўшиб чиқарилган «мева шарбатлари»нинг мутлақо нафи йўқ.
Юқорида тилга олинган ҳолатлар сингари соғлиқни ҳимоя қилишда ҳам, турли хасталиклардан даволанишда ҳам табиий дори-малҳам ва муолажалар кўпроқ фойда келтириши, кейинчалик ҳам ҳеч қандай нохуш асорат ва зарар қолдирмаслиги ҳаммага беш қўлдай аён бўлса-да, кишилар, барибир, урф-мода кетидан қувиб ёки реклама алдовларига учиб, «ҳамма билган, ҳамма қилаётган даволаниш услублари»га ёпишиб олишган. Телевидение орқали овоза қилинаётган маҳсулотларнинг мутлақ кўпчилик қисмини дори-дармон ташкил этаётгани ҳам одамларимизни ҳушёр торттирмаётир. Табиий кўкат ёки бирор неъмат ёрдамида тузалиш мумкин бўлган жўнгина хасталикка чалинган кишиларга филни ҳам думалатадиган дозадаги антибиотиклар таклиф қилинмоқда. Айниқса, кейинги йилларда асабни тинчлантирувчи, оғриқни қолдирувчи турли кучли дори ва антибиотиклар кенг қўлланилмоқда. Бунинг эса фойдасидан кўра зарари кўпроқ. Биргина мисол: айтайлик, сиз тумов бўлиб қолдингиз. Узоқ йиллик тажрибалардан маълумки, ота-боболаримиз тумовни оддий воситалар билан даволашган, бир-икки кун ётиб, отдай бардам бўлиб кетишган. Кўпинча тумов бўлган одам терлашга ҳаракат қилган, пиёз ҳидлаган ёки уни чайнаган, асалли чой ичган, қатиқдан қайноқ айрон (қоқирим) қилиб, мурч аралаштириб истеъмол қилган ва тезда шифо топган. Донишмандлардан бири тўғри таъкидлаганидай, «Севгининг ва шамоллашнинг давоси бўлмайди, улар ўзича ўтиб кетади». Ҳозирда-чи? Тумов бўлган одам дарров дорихонага чопади, чунки телевидение аллақандай қимматбаҳо хорижий дориларни «Бемор бўлиб ётишга вақт йўқ» шиори остида тинмай овоза қилиб турибди-да! Рекламага қаттиқ ишонганидан уни текшириб ҳам, ўйлаб ҳам ўтирмай ичади-да, чала қолган юмушига чопади. Ваҳоланки, реклама ўтмай қолган молларни бозоргир, харидоргир қилиши, «реклама савдонинг мотори» экани ҳақида у пайдо бўлганидан бери тинмай ёзишади. «Фил дозасида»ги дори касалликнинг ташқи асоратларини йўқотгандай бўлади. Аммо бу дегани – у касалингизни батамом даволади, дегани эмас. Грипп ва тумов каби касалликларни келтириб чиқарадиган вирус ва бактериялар сиз ичган дорига парво ҳам қилмай кўпайишни бошлайди. Улар сизни тузалганга ўхшаб бепарво бўлиб қолганингиздан фойдаланиб, танангизни заҳарлашга киришади ва охири, барибир, касаллик асоратларини юзага чиқаради. Энг ёмони, тинимсиз ичилган антибиотиклар бора-бора танангиздаги иммун тизимга зарар етказади, ташқаридан кирадиган микроб ва вирусларга қарши курашадиган фойдали «аскарлар»ни ҳалок қилади. Оқибатда касалга тез ва осон чалинадиган, унинг асорати оғир кечадиган ва организмингиз унга қарши кураша олмайдиган ночор ҳолатга келиб қоласиз. Ҳар бир инсон танасида саратон (рак) шишларини пайдо қилувчи «ёмон» ҳужайралар мавжуд. Аммо танамизнинг иммун тизими унинг ривожланишига йўл қўймай, доимо «жиловлаб» туради. Агар Аллоҳ таоло бир инсоннинг саратон билан оғришини ирода қилган бўлса, иммун тизими «ғафлатда қолиб», саратон ҳужайраси назоратсиз равишда шиддат билан ўсиб кўпая бошлайди. Танамизни хавфли саратон ҳужайрасидан ҳимоя қилиши зарур бўлган иммун тизими нега масъулиятсизлик қилиб, касалнинг пайдо бўлиши ва ривожига «томошабин бўлиб» қолди. Сабаби, биринчидан Аллоҳ таоло бандасига шу касални ирода қилган эди. Иккинчидан, иммун тизими бузилса, ҳар қандай касаллик вужудни осонгина эгаллаб олади. Бу қоидани 1909 йили олмон бактериологи, иммунология соҳасидаги Нобел мукофоти соҳиби Паул Эрлих кашф этган эди. Унинг ҳисобсиз тадқиқотлари натижасига кўра, асосан, тана аъзосига тиғ урдирган ёки бирор аъзони кўчириб ўтқаздирган ёхуд узоқ вақт иммунитетни маҳв этувчи дориларни ичиб юрган кишиларда саратон касали тезроқ пайдо бўлар экан. Саратон касалида одам танасида ёғлар кўпайиб, эскиргани сайин ўсимта пайдо бўлишига шароит туғилади. У аста ривожланиб, яллиғланади. Бундай ҳолатда халқ табиблари кўк чой ва хом карамни энг яхши восита санашади. Кўк чой бадандаги ортиқча ёғни йўқотади, микробларни ўлдириб, ўсманинг ўсишига шароит қолдирмайди. Шунга кўра, кўк чой хавфли ўсма касалликларини даволашда муҳим дорилардан ҳисобланади. Фаранг олимлари сут-қатиқнинг ҳам бу борада беминнат шифо экани ҳақида ёзишди. Ёки кўпчилик катта фойдаси борлигига деярли эътибор бермайдиган, аслида саломатликнинг энг осон ва қулай омили бўлган оддийгина ялангоёқ юришни олиб кўрайлик. Уялмай, ростини айтинг, кейинги пайтларда ўзингиз қачон болалар каби ерда (асфалт, бетон ёхуд мармар устида эмас!) ялангоёқ юргансиз? Ҳеч бўлмаганда, ишдан келгач жонга теккан пайпоқларингизни ечиб ташлаб, уй ичидаги тахта пол устида бир неча қадам ташлагансиз? Минг афсуски, кўпчилик бу саволларга ижобий жавоб бера олмайди. Ваҳоланки, қадимий Миср, Юнонистон, Рим табиблари ялангоёқ юришни танани умумий мустаҳкамлаш ва турли хасталиклардан даволанишда тавсия қилишган. Бугина эмас, Суқрот, Сенека каби кўҳна дунёнинг машҳур файласуфлари ялангоёқ юриш инсоннинг ақлий қобилиятини ривожлантирувчи омиллардан бири эканини уқтиришган. Ўша олис замонларда болалар ўн саккиз ёшга тўлгунча, умуман, пойабзал кийишмаган. Яқин-яқингача ўзимизда ҳам кишиларнинг кўп вақти ялангоёқ юриш билан ўтган. Бугунга келиб эса бундай юриш аллақандай уятли, ғайритабиий бир машғулотга айланиб қолди. Замонавий тиббиёт олимлари ялангоёқ юришнинг асаб-мускул жарёнларини фаоллаштириш, қон босимини мўътадиллаш ва барқарор қилиш, вужуддаги модда алмашинув жараёнларини яхшилаш, хусусан тўқималарни кислород билан тўйинтиришда катта ёрдам беришини аниқлашган. Пойабзалсиз юришни афзал кўрувчилар ҳамиша яхши кайфиятда бўлишади, лабларидан табассум аримайди, бутун таналарида кўтаринкилик доимий ҳамроҳ бўлади. Вақтинчага пойабзални тарк этиш ижобий ҳиссиётларни уйғотиб, бунинг натижасида стенокардия, гипертония ва бошқа аср касалликларининг олдини олишда катта самара беради. Маълумки, оёқ товонлари остида жуда кўп асаб толаларининг учи тўпланган ва улар танадаги саломатликни асраш, хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш ва касаллик «ҳужумга ўтганида» эса унга қарши кураш олиб боришга хизмат қилади. Ерда ва табиий тўшамалар устида ялангоёқ юрганда оёқ остидан биологик фаол нуқталар «қитиқланиб», уларнинг ишлаши жонланиб кетади. Бу эса барча ички аъзолар ва умуман, танамиз фаолият тизимининг фаол ишлашини таъминлайди. Айниқса, иссиқ ёз кунларида қизиган қум, тупроқ, тош каби нарсалар устида яланг юриб оёқни чиниқтириш бутун тана аъзоларини чиниқтиради, шамоллаш ва бошқа касалликларнинг олдини олади, организмнинг иммун тизимини яхшилайди. Бунинг кўпчилик назаридан четда қоладиган яна бир хосияти бор: инсон танаси кийимга тегиб доимий ишқаланиши натижасида баданда электр заряди пайдо бўлади. Айниқса, кийган кийимларингиз сунъий синтетик матолардан бўлса, буни яққол ҳис қиласиз. Қўл бармоқларингиз бирор металл буюмга бехосдан тегиб кетса, худди ток ургандай бўлади. Техникавий соҳада электр зарядларини йўқотиш учун симнинг бир учи ерга ўтказиб юборилганидай (яъни «заземление» қилинганидай), танада тўпланган зарядлардан ҳам халос бўлиш лозим. Агар у йиғилиб-кўпаяверса, тананинг умумий ҳолатига жиддий зарар етказади. Пойабзал эса бунга тўсқинлик қилади. Агар товон бевосита ерга тегса, заряд бемалол ўтиб кетади. Ялангоёқ ҳолда пиёда юришнинг жуда кўп фойдалари борки, мутахассислар уларни саломатликнинг энг муҳим омиллари сифатида баҳолашади. Масалан, пиёда юриш қон тизими фаолиятини яхшилайди, томирлардаги қонни равонлаштиради, ҳар хил тиқилмаларга йўл очади. Иккинчидан, бунинг руҳий ҳолатимизни яхшилашда самараси катта: инсон руҳий зўриқишга (стресс) учраганида вужуддаги адреналин моддаси қон билан қўшилиб, унинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатади ва у ўзи англамаган ҳолатда кайфияти ёмонлигидан, юраги сиқилаётганидан шикоят қила бошлайди. Шунингдек, пиёда юриш инсонга хафачиликни унутиш ва хуш кайфиятли бўлишда ёрдам берадиган эндорфин гормонларининг кўп миқдорда ишлаб чиқилишига сабаб бўлади. Пиёда юриш оғриқларни қолдирувчи, танани мўътадил ҳолатга олиб келувчи энг яхши восита ҳамдир. Кўпинча кишилар «Илгари ота-боболаримиз жуда кам касал бўлишган, чунки ҳаётлари деярли табиий асосга қурилган эди» деб нолиб қўйишади. Ҳақиқатан аввалда емиш ҳам, кийим-кечак ва турар жойлар ҳам – ҳамма нарса табиий эди. Булоқ ва ариқнинг мусаффо сувлари ичилган, бу сувлар тошдан-тошга урилиб кислородга тўйинган, қуёш нурида «пишган» бўларди. Ҳозирги водопровод суви эса тиндирилиб, барча фойдали маъдан ва элементлардан «тозаланади», бунинг устига керагича хлорланади. Илгари одамлар ўзини қуёшга тоблаб, пиёда юриб, оқин сувда чўмилиб ўзини чиниқтирган бўлса, бугунга келиб бу нарсалар урфдан батамом чиқиб кетяпти. Момоларимиз ва боболаримизнинг эрта баҳорда ёки кеч кузда ўзларини офтобга тоблаб ўтирганларини кўп кўрганмиз. Улар бу йўл билан таналарини чиниқтиришган, бошланажак фаслга тайёрлашган. Бу нарса мутлақо унутилиб кетди. Бунинг ўрнига ғарбга тақлид қилиб, ёз пайтида офтобга товланиш, бадан қорайтириш урфга кирди. Агар бунда меъёрга амал қилинмаса, офтоб уриб кетиши ёки тери саратони орттириб олиш ҳеч гап эмас! Овқатланиш бобида ҳам аҳвол бундан яхши эмас. Таомларимиз ҳам тобора сунъийлашиб боряпти. Гени ўзгартирилган бозоргир маҳсулотлар бозорларимизни тўлдириб бўлди. Ўзи бўлиқ, аммо на таъми, на мазаси бор қулупнайлар, ҳандалакдан олдин сотувга чиқаётган тарвузлар, серҳосил, аммо темирдай қаттиқ, камсув бодринг ва помидорларга ҳам ўрганиб бўлдик. Қовун-тарвуз етиштираётган «миришкор» деҳқонларнинг полиз маҳсулотларини семиртириш учун нитрат билан тинмай ишлов беришаётгани туфайли ана шу тансиқ полиз маҳсулотларидан ҳамма қўрқадиган бўлиб қолди. Эмишки, ҳозирда қовун-тарвузга қанча нитрат ва бошқа зарарли ўғитлар солишни ҳосилга эрта баҳордан пул тўлаб қўядиган «сармоядорлар» белгилаб беришар эмиш. Бунинг оқибати аянчли бўляпти. Ҳар йили қовун-тарвуздан заҳарланаганлар сони тинмай ортиб боряпти. Оқибатда бир қанча шифохоналарда «Беморларга қовун-тарвуз келтириш ман этилади» деган эълонлар пайдо бўлди. Сунъий йўл билан «семиртирилган» парранда, қўй-молларнинг гўштидан ошхоналарда тайёрланаётган овқатлар ичимизга шифо бўлиб эмас, хасталик бўлиб киряпти. Мутахассислар таъкидлашича, уйда хонаки усуллар билан етиштирилган жўжада атиги икки фоиз ёғ бўлган, замонавий бройлерда эса ёғ миқдори 22 фоизни, яъни роппа-роса 11 баравар кўп миқдорни ташкил этади. Бу эса юрак хасталиклари, айрим онкологик касалликларни келтириб чиқариши ҳақида ташвишланиб ёзилмоқда. Ҳайвон, балиқ ва паррандаларни семиртириш учун соя ва айрим сунъий емлар ишлатилаётгани ҳам кишилар саломатлигига катта хатар бўлади. Ҳозир дунёда музлатилган товуқ-жўжа гўшти тановул қилиш урфга кирган. Чунки парранда гўшти тез ҳазм бўлиши, фойдали моддаларга бойлиги ва етиштириш қулайлиги учун барча ўлкаларда кенг тарқалган. Аммо бу ҳолатда ҳам табиийликдан узоқлашилгани учун кишилар соғлиқларига катта хавф солинаётганидан бехабар бўлишяпти. Маълумки, парранда, айниқса, товуқ гўштининг музлатилганини истеъмол қилиш инсон соғлиғига фойда келтириш ўрнига турли касалликларга гирифтор қилиши мумкин. Масалан, товуқ гўштини музлатишда уни дезинфексия қилиш мақсадида хлордан фойдаланилар экан. Бу эса бора-бора танада тўпланиб, инсон соғлиғи учун зарарли бирикмаларга айланаркан. Тиббиёт ходимлари агар бир марта музидан тушган гўшт қайтадан яна музлатилса, умуман, инсон соғлиғи учун хатарли маҳсулотга айланишини исботлаб беришди. Биргина Россияда истеъмол қилинаётган парранда гўштидан 75 фоизини музлатилган товуқ гўшти ташкил этаётгани инобатга олинса, бу хатарнинг кўлами янада ойдиналашади. Ҳамма суюб истеъмол қиладиган, айниқса, ўсаётган болаларга ниҳоятда зарур ва фойдали бўлган сигир сути ҳам тобора «сунъийлашиб» боряпти. Бундан бир неча йил муқаддам дўконларда бевосита сигирдан соғиб олинган ва шифокорлар текширувидан ўтган сут сотилган бўлса, бугунги кунда дўконлардаги сут таркиби табиийликдан анча узоқлашиб кетган. Музқаймоқ, айрим сутли таомлар ҳам кўпдан буён «қуруқ» сутдан тайёрланмоқда. Ҳаром нарса асло шифо бўлмайди, шунинг учун давони ҳалолдан излаш лозим. Аммо айрим кишиларимиз дардларига ҳаром нарсадан шифо ахтаришга одатланиб кетишган. Ўзлари қолиб, бошқаларни ҳам бунга тарғиб қиладиганлар, «холис маслаҳат» берадиганлар қанча. Сурункали йўтал касалига чўчқа ёғини тавсия қиладиган «табиб»ларга нима дейсиз? Бир танишим ўпкасини шамоллатган шеригига ит гўштини истеъмол қилишни маслаҳат берганида, гапнинг рости, ҳайратдан тилимга сўз келмай қолди, чунки иккови ҳам мусулмон кишилар, намоз ўқишади. Бўғимлари оғриганга пешоб боғлашни, овқат ўтмай қолганга илон, типратиконни шўрва қилиб беришни шифо санайдиганларнинг ҳам борлиги ҳақиқат! Ҳаром саналган жонзотлар ва нарсаларни ҳалол санаб, урфга киритаётганлар бирор касалингиздан шикоят қилиб қолсангиз, дарров ўзлари даволанган усулларни сизга ҳам тавсия этишади: «Агар айиқ ёғини офтобда сурсангиз, оёқ оғриғидан батамом қутиласиз», «бу касалингизга типратикон шўрваси хўп шифо-да, шундоққина терлайсизу кўрмагандай бўлиб кетасиз», «Тўнғиз ёғидай шифобахш нарса йўқ экан, ўзим тузалганим учун айтяпман», «шамоллашдан қутилиш учун юз граммдан ароқ ичиб туринг, уч кунда дард чекинмаса, мана мен кафил» ва ҳоказо ва ҳоказо. Бир куни ҳамкасбим «Уринотерапия сирлари» деган китобчани топиб келиб, шу китобдан камина муҳаррир бўлган газетада парчалар беришни тавсия этди. Танишиб кўрсам, китобча инсон пешоби ёрдамида дунёдаги жамики касалликларни «даволаш» мумкинлиги ҳақида экан. Шундай ўқимишли зиёлининг бунақа чўпчакларга ишониб юришидан энсам қотиб, унга: «касал бўлган одам дўхтир ё табибга учрамай, дорихонага чопмай пешоб ичиб юраверса бўлар экану, дунёдаги ҳамма одам аҳмоқ бўлиб тиббиётдан даво излаб юрган экан-да» дея олдим, холос. Бир шифокор ҳикоя қилади: «Бир беморни даволашимга тўғри келди. Томирига нина санчиш учун пахтани спирт билан ҳўллаш эҳтиёжи туғилди. Бемор эса буни рад этди. Ёнидан фуратсиллин олиб узатди. Спирт ўрнига шуни ишлатдим. Бўғинлари шамоллагани учун тиб банкаси қўйишим керак эди. Яна спирт ишлатмаслигимни сўради. Хом картошкани кесиб унинг крахмалини сурдим…». Уламолар даволаш жараёнида суртишга спирт ишлатишга рухсат беришганига қарамай, у ўзига хос парҳезкорлигини кўрсатди. Турли ҳаром ва шубҳали нарсалардан шифо ахтариш ўрнига Аллоҳ инсонлар даволаниши ва соғлиғи учун яратиб қўйган минглаб шифобахш ўсимликлар, ҳайвонот маҳсулотлари, табиий маъданлар ва неъматлардан фойдаланилса, нур устига нур бўлур эди. Қуйида ана шундай даволаш воситаси бўлмиш омиллардан асал, зулук, седана, наъматак ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтишни лозим топдик.