Тибетликларнинг бадантарбия машқлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, инсоннинг жисмоний ҳаракатчанлиги кўпчилик касалликларда, айниқса, юрак-ишемик касаллигида, неврологик ва руҳий касалликлар, онкологик ва суяк, бўғим, умуртқа касалликларини даволаш ва олдини олишда муҳим ва асосий ролни ташкил этади. Одатда, нафақа ёшидаги беморларда кам ҳаракатлилик инсоннинг руҳий тушкунлик кайфиятини кўпайтирар экан. Олимларнинг илмий текширишлари натижасида бу ёшдаги беморлар ёз даврида ўзини яхши ҳис килиб, қиш мавсумида «ишсизлик»дан барча касалликлари қўзғалиб, ўзини анча ёмон ҳис қилиши аниқланган. Улaрга кўпинча доимий равишдаги тушкунлик кайфияти ҳамроҳ бўлган. Шифокорларнинг узоқ йиллик тажрибаси шуни кўрсатдики, юрак-ишемик касаллиги билан оғриган беморларга жисмоний ҳаракат ва сувда сузиш машқлари қон босимни туширувчи, юрак томирларини кенгайтирувчи, юрак соҳасидаги оғриқларни камайтирувчи, қонни суюлтирувчи бўлиб хизмат қиларкан. Ва яна бундай машқлар руҳий тушкунликнинг ҳам йўқолишига олиб келар экан. Ўзбек аёли қайнона бўлгач, «анчагина» ҳаракатлардан ўз-ўзидан чекланади. Унинг устига кўп қаватли уйларда яшайдиган аёлларимиз ҳаракатини кузатсак, ўз аҳволимиз ўзимизга маълум. Опажонлар, қайнонажонлар, ҳаракатларингизни кўпайтиринг. Бу билан касалликлар сизнинг устингиздан ҳукмрон бўлишини олдини олган бўласиз! Шу ўринда сизга тибетликларнинг бадантарбия машқларини тавсия қиламиз. Бу машқлар оддий бўлиб, уларни бажариш учун бор-йўғи 15-20 дақиқа вақт ажратиш керак, холос. Бу машқларни давомли бажариб борганда қоматни яхшиланиши, бардамлик, тетиклик ҳамда одам энергияси ва соғлигининг самарали яхшиланиши кузатилади. Бу машқлардан тибетликлар соғликни мустаҳкамлашда ҳамда доимий ёшлик ва навқиронликка эришиш мақсадида фойдаланганлар. Одам танасида 19 қувват марказлари мавжуд бўлиб, улар айланма ҳаракат қилгани учун гирдоб, «қуюн» деб номланган. Уларнинг асосийлари 7 та бўлиб, бир-бири билан уйғун боғланган.

Ёш, соғлом танада барча қуюн катта тезликда бир-бирига мутаносиб ҳолатда айланма ҳаракат қилади ва бу билан инсон барча муҳим тизимларни ҳаётий қувват билан таъминлайди. Ёш организмда 7 та асосий қуюн ва 12 та иккинчи даражали қуюнлар гормоник мутаносибликда ҳаракат қилиб, улар битта зич пиллани эслатувчи энергия оқимига эга бўлади. Ўрта ёшли одамда асосий ва иккинчи даражали қуюнлар ўртасидаги гормоник мутаносиблик бузилади ва уларнинг зичлиги камаяди. Бу эса моддалар алмашинувининг бузилишига олиб келади. Халқ орасида кенг тарқалган ибора билан айтганда, бўғимларда, умуртқада туз йиғилишига сабаб бўлади. Кексаларда эса барча қуюнлар қуввати гормоник мутаносиблиги бузилиши, улар энергиясининг камайиши организмда жиддий қарилик томон ўзгаришларга олиб келади. Бу машқларининг бажарилиши 19 та қувват қуюнларининг гормоник мутаносиблигига олиб келади. Кейинчалик эса уларнинг зичлиги ёш одамларникига яқинлашиб боради. Барча қуюнлар билан танадаги моддалар алмашинув жараёнлари ўртасидаги уйғун мутаносиблик ўрнатилади. Бу эса организмнинг ёшаришига олиб келади. Қуйида сизларга тибетликлар сир тутган бешта машқларини келтирамиз. Албатта, уларни бажаришга ҳаракат қилиб кўринг. Натижаси ҳақида эса бизларга ёзиб юборасиз, деган умиддамиз. Машқларни камида 6-7 ой бажаргандан кейин натижаси ҳақида гаплашсак бўлади. Дард берган Аллоҳ, давосини ҳам Ўзи бергувчидир. Фақат биз унинг воситаларини бажарувчимиз, холос. Шифо бергувчи фақатгина Аллоҳнинг Ўзидир. Биздан фақат чин ихлос ва ишонч бўлса, бас. Аллоҳ Ўзи барча дардмандларга шифои комил, шифои кулли, шифои ғоиб ато этсин, омин. 1-машқ. Тўғри туринг. Кафтларни пастга қаратган ҳолда қўлларни елка даражасида ён томонга кўтаринг. Қўл ҳолатини ўзгартирмаган ҳолда оёқларни ҳатлатиб, соат стрелкаси бўйича секин айланинг. Айланиш 3 мартадан 21 мартагача такрорланади. Вақт ўтиши билан айланиш тезлигини ошириш мумкин. 2-машқ. Бу машққа биринчи машқ тугаши билан ўтилади. Дастлаб елкада ётган ҳолатда нафас чиқарилиб, кафтлар пастга тиралади. Шу заҳоти нафас олиб, бош кўтарилиб, ияк кўкракка босилади ва тос полдан ажралмаган ҳолда оёқ тўғриланиб, юқорига кўтарилади. Агар оёқларни тўғирланган ҳолатда кўтариш оғирлик қилса, тиззани бироз эгишга рухсат этилади. Нафас бир неча дақиқа ушлангач, оёқ ва бош секин полга туширилади ва бўшашиб, нафас чиқарилади. Машқ 3 дан 21 мартагача такрорланади. 3-машқ. Дастлабки ҳолатда оёқ учларига таянган ҳолатда тиззада тик турилади. Тиззалар ва оёқ панжалари елка кенглигида бўлиб, кафт тоснинг орқа томонига қўйилади. Бош олдинга эгилиб, иякни кўкракка босиб, нафас чиқарилади. Бош орқа томонга ҳаракатлантирилиб, қўл белга таянган ҳолда нафас олинади. Машқлар 3 дан 21 мартагача такрорланади. 4-машқ. Дастлаб полда ўтирган ҳолатда товонлар елка кенглигида тўғрига узатилади, қўл бармоқлари учини олдинга қаратган ҳолда кафтлар билан полга таянинг. Бошни олдинга эгиб, иякни кўкракка босиб, нафас чиқарилади. Шундан кейин бошни юқорига кўтариб, тана билан бирга горизантал (мостик) ҳолатга келгунча нафас олинг. Барча мушакларни қаттиқ таранглаштиргандан кейин бўшаштириб, дастлабки ҳолатни эгалланг. Қўллар ҳар доим тўғри ҳолатда бўлиб, товон сирпанмаслиги лозим. Машқларни 3 дан 21 мартагача такрорланг. 5-машқ. Дастлаб пастга қараб ётган ҳолатда кафтга ва бармоқ учига таяниб тиззаларни ерга теккизмасдан орқага эгилинг. Кафтлар ва товонлар орасидаги масофа елка кенглигидан сал кенгроқ. Бош орқага эгилганда нафас чиқарилган ҳолатда бўлинг. Шундан кейин қўллар ёрдамида пастга эгилган ҳолатга келиб, иякларни кўкракка босиб, нафас олинг. Таянч ҳар доим панжа ва товонда бўлиши лозим. Машқларни 3 тадан 21 мартагача такрорланг. Бу машқлар ҳар куни бажарилиши керак. Биринчи ҳафтада ҳар бир машқ 3 мартадан, кейинчалик ҳар 7 кунда 2 тадан қўшиб борилади. Шундай қилиб, 2 ҳафтада ҳар бир машқ 5 тадан, 3 ҳафтада 7 тадан такрорланиб, улар токи 21 мартагача кўпайтириб борилади. Машқлар бажарилгач, бўшашиб бир неча дақиқа дам олиш яхши натижа беради ва самараси юқори бўлади. Машқларни қолдирмасликка ҳаракат қилинг. Машқлар фақат бир кунгагина қолдирилиши мумкин, 2 ва ундан ортиқ кун қолдирилса, яна бошидан, яъни 3 мартадан бошланади. Чунки қуюнлар ҳаракатидаги уйғун мутаносиблик бузилган бўлади. Шуғулланиш вақти тонгдан қуёш тикка келгунга қадар бажарилади, лекин қуёш ботгунча ҳам бажарилиши мумкин. Шуғулланиш оч қоринга бўлгани маъқул. Сув муолажалари машқларни бажаришдан олдин ёки машқлар бажарилгач, 1 соатдан кейин бўлгани маъқул. Барча машқлар бошланиши нафас чиқарилган ҳолатда бошланади. Барча машқлар сериясига, албатта, барча 5 та машқлар кириши ва қатъий белгиланган кетма-кетликда, ўринлари ўзгартирилмасдан бажарилиши лозим. Машқларни 2 ёки 3 га бўлиб ҳам бажариш мумкин. Масалан, 9 марта эрталаб ва 12 марта кечқурун. Лекин бу ўта машаққат ва чарчашга олиб келмаслиги лозим. Бунинг учун ҳар икки уч машқлардан кейин озгина дам олинади. Нафас ростланиб, кутилади ва кейин машқлар давом эттирилади.

Раъно Тожибой қизи

Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, қўшниларга яхшилик қилиш жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли, қудратли давоми...

06:46 / 29.12.2016 3908
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кечанинг зулмат давоми...

15:23 / 17.11.2016 3917
  Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди, Ҳар ишники, айладим хатолиғ бўлди. Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим, Ё давоми...

20:37 / 17.02.2017 5140
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги хорижий зиёратчилар ва Подшоҳлик аҳолисини Ҳаж2024rdquo мавсумида давоми...

23:45 / 02-mart 5814