Витамин Д… сизда етарлими?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Бугунги кунда кўплаб оммавий ахборот воситаларда Д витамини етишмаслигини ҳижобнинг зарарларидан бири сифатида қайд этилмоқда. Шу боисдан муслима опа-сингилларимиз учун бу мавзу қизиқарли бўлса керак. Аввало витамин Д ҳақида бироз маълумот бериб ўтсак. Д гуруҳи витаминлари кўплаб биологик фаол моддаларни ўз ичига олади. Улар орасида инсон саломатлиги учун энг аҳамиятлиси холекалсиферол бўлиб, витамин Д дейилганда, одатда, у назарда тутилади. Калциферол (витамин Д) моддаларнинг минерал алмашинувига таъсир кўрсатади. Унинг асосий функцияси эса ичакларда калций ва фосфорнинг сўрилишини таъминлаб туришдан иборат бўлиб, бу моддаларнинг бирикишидан янги суяк тўқималари ҳосил бўлади. Бу жараён реминерализация деб номланади. Бу, айниқса, синган жойларнинг битиб кетиши ва остеопороз аломатлари мавжуд бўлганда муҳим аҳамиятга эга. Организмда бу витаминнинг етишмовчилиги аста-секин остеопороз – суяк тўқималари зичлигининг камайишига олиб келиши мумкин. Калцийнинг организмга кам миқдорда сўрилиши асаб ҳужайралари фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Умуман олганда, юрак-томир ҳамда мускул тизимларининг фаолияти организмда калцийнинг нормал сўрилишига боғлиқ. Д витамини болалар учун алоҳида аҳамиятли бўлиб, уларда Д витамин етишмовчилиги рахитни келтириб чиқаради. Бу эса бола суякларининг юмшаб кетиши, деформацияланиши, оқибатда бола қоматининг нотўғри ривожланишига олиб келади. Соғлом кишининг витамин Д га бўлган суткалик эҳтиёжи 15 мкг (600 халқаро бирлик) ни ташкил қилади. Муаммо нимада? Д витаминининг асосий манбаи қуёш ҳисобланиб, қуёш нури инсон баданига бевосита таъсир қилиши керак. Кўпчилик муслима аёллар эса кўчага кам чиқади, чиққанда ҳам сатри аврат билан чиқишади. Бу эса қуёш нуридан баданимиз тўсилиб, витамин Д танқислигига олиб келиши мумкин. Натижада организмга калций моддаси сўрилиши камайиб, юқорида айтиб ўтилганидек қатор муаммолар вужудга келади. Нима қилиш керак? Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Д витамин ҳосил бўлиши учун қуёш нури бутун баданга таъсир қилиши шарт эмас. Мазҳабимизда аёлларга юзини ва икки кафтини очиб юришга рухсат берилган. Бу мазкур витаминни олиш учун кифоя қилади. Уй бекаларига эса ҳафтада икки марта қуёшли кунда тушгача 15 дақиқалик сайрни тавсия қиламиз. Шунинг ўзи инсоннинг суткалик эҳтиёжини қондириш учун етарли ҳисобланади. Шу билан бирга, тунес ва бошқа балиқ мойлари ҳамда сут маҳсулотлари таркибида ҳам витамин Д мавжуд бўлиб, улар сизга ёрдамчи манба бўлиши мумкин. Қўшимча маълумот Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, витамин Д етишмаслиги билан бирга организмда унинг миқдори кўпайиб кетиши ҳам муаммоларга сабаб бўлади. Натижада мушак ва тўқималарда оғриқ, моддалар алмашинуви ҳамда юрак-томир фаолиятининг бузилиши кузатилиши мумкин. Хулоса Баъзи мутахассисларнинг муслима аёлларга бу борадаги маломатлари ўринсиз. Чунки бу муаммо кўпроқ қуёш кам чиқадиган жойларда кузатилади. Алҳамдулиллаҳ, Ватанимиз – серқуёш ўлка. Шунинг учун, хавотирга ўрин йўқ, десак ҳам бўлади.
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Ҳақиқий эркакларни эр кишилар вояга етказади Аллоҳ таоло Бани Одамни эркак ва давоми...

14:21 / 11.02.2017 6338
gallery linkfile ids6240,6193,6254,6255,6241,6097,6158,6033,6026,5959 Гарчи шоирликни қилмасман даъво, Лекин сиғмаётир дилга давоми...

19:14 / 05.02.2017 8285
Мен католик роҳибаси бўлиш учун ўқидим, кейин эса Исломни қабул қилдим «Ирена Ҳандоно Индонезияда Ислом давоми...

21:00 / 16.12.2019 2918