Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Термизийнинг лафзида:«Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиклари ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилгувчи:
«Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!» деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган(банда)лари бўлур. Ҳар кеча шундоқ бўлур», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган ҳолатлар ҳам рўзанинг фазилатлари қанчалар улуғ эканини кўрсатиб турибди. Келинг, улар билан бир-бир танишиб чиқайлик: «Қачон Рамазон келса:
1. «Жаннат эшиклари очилур».
Термизийнинг ривоятларидаги қўшимчада келганидек, ўша эшиклардан бирортаси ҳам ёпилмас.
Демак, Рамазон ойида рўзадор ҳолида вафот этганлар жаннати бўлурлар. Шу билан бирга, ўша ойда жаннатга кириш учун асқотадиган савоб амаллар кўп қилинур. Жаннатнинг барча эшиклари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир.
2. «Дўзахнинг эшиклари ёпилур».
У эшиклардан бирортаси очилмас. Шунинг учун ҳам Рамазонда вафот этган осийларни дўзахга киритиш ҳам Рамазон ичи кечга сурилиб туради. Рўза тутган бандалар дўзахга тушишга сабаб бўладиган ишларни қилмайдилар.
3. «Шайтонлар кишанланур».
Улар бирор кишига иғво ҳам қилмайди, озор ҳам бермайдилар. Бу ишларнинг ҳаммаси Рамазони шарифнинг ҳурматидан бўлади.
Имом Термизийнинг ривоятларида келган «ўзбошимча жинлар» ҳам кишанланиши ҳақидаги қўшимчадан жин бошқа, шайтон бошқа эканлиги тушунилади. Шунингдек, жинларнинг ичида ўзбошимчалари бўлиб, кишиларга озор етказиши мумкинлиги англанади.
Имом Термизийнинг лафзларидан Рамазони шарифнинг қўшимча фазилатлари ҳам тушунилади.
4. «Бир нидо қилгувчи: «Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!» деб нидо қилур».
Демак, Рамазони шарифда яхшиликка тарғиб ва бериладиган савоб яна ҳам кўпайтирилади. Ёмонликдан қайтариш ва унинг олдини олиш яна ҳам кучайтирилади.
5. «Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган (банда)лари бўлур».
Яъни аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган бандалардан баъзилари Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинурлар. Бу ҳам Рамазон ҳурматидан бўлади.
Демак, Рамазони шариф ҳар бир банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда ҳам қулай фурсат. Бу фурсатдан ҳар бир ўзини билган инсон унумли фойдаланиб қолиши керак. Бунинг учун эса у муборак ойнинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхши ишлар қилиб қолиши керак.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар».
Бешовлари ва Аҳмад ривоят қилган. У киши «ва қолганлари ҳам»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда рўзанинг нақадар улкан ибодат эканлиги, унинг қадри нақадар улуғлиги очиқ-ойдин баён қилинмоқда. Шу билан бирга, рўзани иймон, ихлос билан, фақат Аллоҳнинг Ўзидан савоб умид қилган ҳолда тутиш зарурлиги таъкидланмоқда. Банданинг ўтгану қолган гуноҳларининг мағфират қилиниши Аллоҳнинг улуғ марҳаматидир. Бу марҳаматга эса банда Рамазон рўзасини тутибгина эришиши мумкин.
Албатта, мусулмонлар бу ҳақиқатни яхши тушунган ҳолда Рамазондан унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилурлар.
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас.
«Рўзадор қаерда?» деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у беркитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас», дедилар».
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда охиратда рўза ибодатининг фазли бошқа ибодатлардан кўра қанчалик улуғ бўлиши баён қилинмоқда.
Қиёмат куни рўзадорлар жаннатга киришлари учун алоҳида «Райён» исмли эшик очилади экан. Ўша эшикда «Рўзадорлар қани?!» деб чақириб юриб, улар жаннатга киритилади экан. Рўзадорларнинг ҳаммалари кириб бўлганларидан кейин бошқа ҳеч ким киритилмай, у эшик беркитиб қўйилар экан. Рўзадорларга алоҳида ҳурмат кўрсатилиб, алоҳида эшик очилиб, алоҳида киритилар экан.
Бу ҳозирги кунда ҳамма киришни хоҳлаган жойларга маълум сабабларга кўра, баъзи кишиларга имтиёз бериб, алоҳида эшикдан киритилганга ўхшайди.
Қиёмат куни ҳамма жаннатга тезроқ киришга уриниб турган бир пайтда рўзадорларга имтиёз берилиб, «Райён» номли махсус эшикдан киритилишлари, ҳаммамиз бу дунёда рўзадорлардан бўлиб, ўша эшикдан ҳурмат билан жаннатга кириш бахтига эришиш учун астойдил ҳаракат қилмоғимиз кераклигини билдиради. Илоҳим, ҳаммамизни ўшалар жумласидан қилсин!