Ният ва рўзадорга мустаҳаб амаллар ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким фажрдан олдин рўзани қасд қилмаса, унинг рўзаси йўқдир», дедилар. Сунан эгалари, Ибн Хузайма ва Ибн ҳиббон ривоят қилган ва саҳиҳ, деган. Шарҳ: Кўпчилик уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб, фарз рўзаларда ниятни тонг отмасдан олдин қилиб олмаса бўлмайди, дейдилар. Айниқса, қазо рўзада қатъиян кечаси ният қилмоқ керак, дейдилар. Нафл рўзада эса заволгача ният қилиб олса бўлади. Ҳанафий мазҳаби бўйича фарз рўза ниятини ҳам заволгача қилиб олса бўлаверади. Чунки Рамазон рўзасини тутиш ҳаммага фарз, ҳамма доимий ниятда бўлади. Ҳар кунги ниятни янгилаш заволгача бўлса ҳам, бўлаверади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни олдимга кириб: «Ҳузурингизда бирор нарса борми?» дедилар. «Йўқ», дедик. «Ундоқ бўлса, мен рўзадорман», дедилар. Сўнгра бошқа бир куни олдимизга келган эдилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳийс ҳадя қилинди», дедик. «Қани, менга кўрсат-чи, рўза ният қилган эдим», дедилар ва ундан едилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Шарҳ: «ҳийс» арабларнинг хурмо, сариғёғ, қурут ёки унни аралаштириб тайёрлайдиган таомлари. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Гоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида егулик таом бўлмаслиги. 2. Аввал рўза тутиш ниятида бўлмаган одам кундузи рўзани бузувчи нарсани қилмай туриб, ният қилиб олса бўлавериши. 3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига баъзи вақтларда таом ҳадя қилиниб турилиши. 4. Нафл рўза тутувчининг ихтиёри ўзида экани, хоҳласа, очиб юборавериши мумкинлиги. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар. Албатта, саҳарликда барака бордир», дедилар. Бешовларидан фақат Имом Абу Довуд ривоят қилмаганлар. Шарҳ: Демак, саҳарлик қилиш – фазилатли иш. Шунинг учун баъзи бир ривоятларда айтилганидек, бир қултим сув билан бўлса ҳам, саҳарлик қилиш керак. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизнинг рўзамиз ила аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик емагидадир», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаганлар. Шарҳ: Бу ҳадис рўзада саҳарлик қилиш зарурлиги аҳамиятини яна ҳам оширади. Чунки саҳарлик қилмай, аҳли китобларга ўхшаб қолмаслик учун ҳам уриниш керак бўлади. Ушбу ҳадисларга амал қилган ҳолда, эринмасдан доимо саҳарлик қилиб, рўза тутишга одатланишимиз лозим. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдик. Сўнгра у Зот намозга турдилар», деди. «Азон билан саҳарлик орасида қанча бор эди?» дедим. «Эллик оят миқдорича», деди». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган. Насаий ва Абу Довуд ривоятларида: «Саҳарлик емагини лозим тутинглар. Чунки у муборак емакдир», дейилган. Абу Довуднинг бир ривоятида: «Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик», дейилган. Шарҳ: Ушбу ривоятлардан олинадиган фойдалар: 1. Биргаликда, жамоат бўлиб саҳарлик қилиш одати яхши эканлиги. 2. Саҳарликни бомдод азонидан олдин тугатиш яхшилиги. 3. Саҳарлик билан бомдод азони орасида эллик оят тиловат қилгунча вақт қолиши яхшилиги. 4. Саҳарлик ейишни лозим тутмоқ яхшилиги. 5. Саҳарлик емакда барака борлиги. 6. Иложи бўлганида саҳарликда хурмо ейилса, яхши эканлиги. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳар таомидан наҳор рўзасига, қайлула уйқусидан кечанинг қиёмига ёрдам олинглар», дедилар». Ибн Можа, ҳоким ва Табароний ривоят қилишган. Шарҳ: Саҳарлик қилишдан мақсад кундузи тутадиган рўза учун тайёргарлик кўриб, бақувват бўлиб олмоқдир. Агар саҳарлик қилинмаса, киши наҳорнинг рўзасини тутишга қийналади. Шунингдек, кундузи ухлаб олмаса, кечаси бедор бўлиб, ибодат қилишга қийналади. Ким кечаси ибодат қилмоқчи бўлса, кундузининг ўртасида ухлаб олиши керак. Кундузнинг ўртасида ухлашни арабчада «қайлула» дейилади. Кўриниб турибдики, Ислом жорий қилган ибодатларни адо этиш учун ўзини қийнаш шарт эмас. Балки тадбир ила, ҳеч қийналмасдан ибодат қилиш керак. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайрликда бўлурлар», дедилар. Бешовлари ривоят қилишган. Абу Довуд лафзида: «Модомики одамлар ифторни тез қилишар экан, дин устун бўлур. Чунки яҳудий ва насронийлар уни кечга сурурлар», дейилган. Термизий ва Аҳмаднинг ривоятларида эса: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир», деди» дейилган. Шарҳ: Ушбу ривоятларда вақт бўлиши билан дарҳол ифторлик қилиш тарғиб этилмоқда ва бу туфайли қуйидагича яхшиликлар бўлиши ваъда қилинмоқда. 1. Кишиларнинг хайрликда бардавом бўлишлари. 2. Ислом динининг устун бўлиши. 3. Аллоҳ таоло учун маҳбуб бандалардан бўлишлик. Шунинг учун ифтор вақти кириши билан дарҳол оғизни очишга одатланишимиз керак. Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Масруқ иккимиз Оишанинг олдига кириб: «Эй мўминларнинг онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши, икковлари ҳам яхшиликка бўш келмайдилар. Бирлари ифтор билан (шом) намозни тезлатади. Бошқаси эса ифтор билан (шом) намозни ортга суради», дедик. «Икковларидан қай бири ифторни ва намозни тезлатур?» деди. «Абдуллоҳ ибн Масъуд», дедик. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилур эдилар», деди. Бошқаси Абу Мусо эди». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Шарҳ: Тобеинлардан Абу Атийя ва Масруқ розияллоҳу анҳулар икки катта саҳобийларнинг ифторни тез қилиш ва шом намозини эрта ўқиш бўйича икки хил иш қилаётганларини мулоҳаза қилганлар. Шу билан бирга, икковларидан қай бирларининг тутаётган иши суннатга мувофиқ, тўғри эканини билмоқчи бўлганлар. Бунинг учун эса, Оиша онамизга мурожаат қилганлар. Оқибатда, ифторни вақти кириши билан қилиш ва шом намозини ҳам эртароқ ўқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экани маълум бўлган. Шунинг учун биз ҳам ўз ҳаётимизда шунга одатланишимиз лозим. Вақт кириши билан оғизни очиб, нафсни бир оз қондиргандан кейин дарҳол шом намозини ўқиб олмоғимиз даркор. Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қачонки бирингиз ифтор қилса, оғзини хурмо билан очсин. Чунки у баракадир. Ким топмаса, сув билан очсин. Чунки у покловчидир», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилишган. Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийи Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: Салмон ибн Омир ибн Авс ибн Ҳажар ибн Амр ибн Ҳорис аз-Забий. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлиб, бир неча ҳадислар ривоят қилганлар. Бу кишидан Муҳаммад ибн Сийрин, Абдуллоҳ ибн Башир ва бошқалар ривоят қилишди. Дўлобий бу зот 100 йил умр кўриб, «Жамал» уруши куни вафот этдилар, дейди. Кун бўйи рўза тутиб юрган инсон жисмида катта ўзгаришлар юз беради. Шунинг учун ифтор вақти бўлганида оғизни нима билан очиш ўта аҳамиятлидир. Чунки маълум муддат давом этган очликдан сўнг биринчи тановул қилинадиган нарсанинг таъсири жуда ҳам каттадир. Ана шу жиҳатдан хурмо ёки сув ўта мувофиқ нарсалар экан. Буни ҳозирги замон илми ҳам қаттиқ таъкидламоқда. Бу борада илмий тажрибалар ўтказган олимларнинг кўплари мусулмон бўлмаганлари, хурмоли минтақадан эмасликлари учун, асосан, сув билан оғиз очиш яхши эканини таъкидламоқдалар. Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилароқ, хурмо ёки сув ила оғизни очишга одатланмоғимиз лозим. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини намоз ўқишдан олдин бир неча ҳўл хурмо билан очар эдилар. Агар ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан, у ҳам бўлмаса, бир неча ҳўплам сув ичар эдилар». Термизийнинг ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қишда хурмо билан, ёзда сув билан оғиз очар эдилар», дейилган. Шарҳ: Бу ривоятларда ҳам нима билан оғиз очиш яхши экани ҳақида сўз кетмоқда. Хурмо билан сув бу борада асосий нарсалар экани таъкидланмоқда. Рўзанинг мустаҳаблари ҳақидаги барча далилларни диққат билан ўрганиб чиққан ҳанафий уламолар қуйидаги амалларни рўзанинг мустаҳаблари сифатида қайд этганлар: 1. Бирор нарса ила, бир қултум сув билан бўлса ҳам, саҳарлик қилмоқ. Саҳарликни кечанинг охиригача сурмоқ. 2. Қуёш ботиши билан тезда, шом намозини ўқишдан олдин оғизни очмоқ. Ширин ва ҳўл нарса ила оғизни очиш афзал. 3. Оғизни очишда ривоят қилинган лафзлар ила дуо қилмоқ. 4. Рўзадорларга ифтор қилиб бермоқ. 5. Жунублик, ҳайз ва нифосдан қилинадиган ғуслни кечга қўймай, тонг отишдан олдин қилиб олмоқ. 6. Ортиқча гап-сўз ва амаллардан тил ва тана аъзоларини тиймоқ. 7. Рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш бўлган нарсаларни тарк қилмоқ. 8. Оила аъзолари ва қариндошларга кенгчилик қилиш. Бева-бечора ва камбағалларга хайри эҳсонни кўпайтириш. 9. Қуръон қироати, илм суҳбатлари, зикр ва салавотларни кўпайтириш.  
Мавзуга оид мақолалар
Ер Соати инг. Earth Hour ҳар йили  Умумжаҳон ёввойи табиат фонди WWF томонидан ўтказиладиган халқаро воқеадир. У давоми...

10:43 / 02.03.2017 4211
Муваффақиятли мураббийнинг сифатларидан яна бири гўзал намунадир. Гўзал намуна ҳам сўзда, ҳам амалда давоми...

20:43 / 09.01.2017 3244
Тиллонинг нисоби йигирма мисқол, кумушники икки юз дирҳам. Дирҳамларнинг ҳар ўнтаси етти мисқол. Ишланган давоми...

22:03 / 07.03.2017 4655
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган давоми...

10:46 / 29.11.2016 10469