Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
ДИНИМИЗГА ХИЗМАТ ҚИЛИБ ЎТДИЛАР
Баҳор ойининг изғиринли илк кунларида яшин тезлигида тарқалган шум хабардан юртимиз ларзага келди: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари тўсатдан вафот қилибдилар... Аввалига кўпчилик каби мен ҳам ишонмадим, дарров таниш-билишларга қўнғироқ қилиб, сўраб-суриштирдим. Бу совуқ хабарнинг ёлғон бўлиб чиқишини ич-ичимдан истардим. Аммо афсуски, Шайх ҳазратларининг умр дафтарлари ёпилиши ҳақида Илоҳий Даргоҳдан берилган ҳукм ижро бўлган эди. Барча каби мен ҳам карахт аҳволда эдим. Ҳа, ўша куни Исломнинг забардаст устунларидан бири қулади, мусулмонлар учун катта йўқотиш бўлди.
Бир мухлис армони: «Қани эди, имкони бўлсағю, умримдан йигирма йилини Шайх ҳазратларига олиб берилса, аҳли Ислом яна йигирма йил устознинг илм булоғидан сабоқ олса!”
Аммо бунинг иложи йўқ. Ўлим ҳақ, тирик жон борки, ўлим шарбатини тотади. Боқийлик фақат Аллоҳга хос. Устоз бу ва бошқа ақидавий масалаларни ҳар бир мусулмон ақлига жойлаб олиши кераклигини доимо таъкидлар, бунинг учун «Сунний ақидалар», «Ҳадис ва ҳаёт» силсиласининг 2-жилди ва ›Ақидатут-Таҳовия» шарҳининг талхийси каби зарур ва бирламчи манба, адабиётларни ҳам тайёрлаб бергандилар.
Ақида Исломнинг пойдеворидир. Шунинг учун ҳам улуғ олим бу масалани шиор даражасига кўтаргандилар: «Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш...»
Устоз билан боғлиқ хотиралар кўз ўнгимда бир-бир жонлана бошлади. Хаёлим талабалик давримга кетди. Мен Шайх ҳазратларидан таълим олган бахтиёр шогирдлардан бириман. Ислом университетида таҳсил олаётганимизда устоз бизга ақида ва усули фиқҳ фанларидан араб тилида сабоқ берганлар. У зот ўзбек тилида қандай моҳир нотиқ бўлган бўлсалар, араб тилида ҳам шунчалик равон, бир текис ва эркин маъруза ўқирдилар. Бизга дарсга келишлари шундай шов-шув бўлгандики, университетга алоқаси бўлмаган кўпчилик кишилар дарсдан баҳраманд бўлиш учун рухсат сўраб, аудиториянинг орқа ўриндиқларида ўтиришарди. Ҳатто Мисрдан келиб дарс ўтаётган араб домлалар ҳам қизиқиш билан Шайх ҳазратларининг маърузаларини тинглаётганларига гувоҳ бўлганман.
Дарслар кетма-кет икки пара давом этар, дарс тугашига ўн-ўн беш дақиқа қолганида устоз мавзуни тугатардилар. Навбат ўзбекча савол-жавобга келарди. Бунда ҳамма ўзини қизиқтирган саволлар билан бевосита ҳазратга мурожаат қилиб, жавоб олиш имконига эга эди. Аудитория ана шундай пайтларда жонланиб кетар, ҳамма бу фурсатдан имкон қадар кўпроқ фойдаланиб қолишга шошарди. Шундай кунлардан бирида саволлар берилиб, жавоблар олиб бўлингач, устоз: «Энди мен сизлардан сўрайман: хабарингиз бор, ғарблик бир бадбахт кимса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни масхаралаб расм (карикатура) чизди. Бу барча мусулмон дунёсининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Баъзи мамлакатларда ғазабларини жиловлай олмаган кишилар ҳар хил нораво ишларга ҳам қўл уришди. Юртдошларимиз ўзларини қийнаган шундай саволлар билан менга мурожаат қилишди: «Хўш, биз норозилигимизни қандай ифодалашимиз керак?» Ҳамма жим эди. Биз, талабалар, бутун мусулмон дунёсини қийнаб турган муаммо қолиб, қаёқдаги шахсий масалаларимизни сўраб, устознинг бошларини қотирганимиздан хижолат бўлдик. Синф хонасига сукунат чўкди. Ҳазратнинг ўзлари гап бошладилар: «Бундай пайтларда ҳар бир мусулмон ўзига: «Мен Пайғамбаримизни қай даражада танийман? У Зотга муҳаббатим қанчалик самимий?» деб савол бериши керак. Бунга қониқарли жавоб топилганида эса оила аъзоларига у Зот(алайҳиссалом)ни танитиш, фарзандлари қалбида муҳаббатларини уйғотиш, содир этилган жоҳилона ҳурматсизликка энг тўғри жавоб бўлади!»
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни таниш, у Зотни яхши кўриш учун, аввало, Қуръон ва суннатни қалбга жо қилиш, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) сийратларини яхшилаб ўрганиш лозим. Шайх ҳазратлари бу борада жуда кўп хайрли ишларни қилгандилар: олти жилдли «Тафсири Ҳилол», кўп жилдли «Ҳадис ва ҳаёт», Пайғамбаримиз сийратларига бағишланган «Ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)» ва яна кўпгина асарлар, веб саҳифалар... Устознинг шиорларидаги ушбу сатрлар ёдга тушади: «Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш...»
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари диёримиздаги улуғ уламолардан бири сифатида мусулмонларнинг саволларига жавоб берардилар, бунинг учун интернетда махсус саҳифа ташкил этилганди. Ушбу саҳифага ҳар куни юзлаб, минглаб кишилар саволларини қолдиришар, улар орасида самимий, билмаганини ўрганиш учун сўрайдиганлар ҳам, ҳазратнинг «илмларини ўлчамоқчи» бўлган қитмирлар ҳам, ўзи тутган нотўғри йўлидан бошқасини қабул қилмайдиган мутаассиб жоҳил кимсалар ҳам бўларди. Устоз уларнинг барчасига бирдек қаноатлантирувчи жавоблар берардилар. Чунки шиорлари: «Кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш» эди. Устоз бу билан чекланмадилар. «Ислом мусаффолиги йўлида», «Шояд, тақводор бўлсак», «Ислом маънавий жиноятларга қарши», «Ихтилофлар ҳақида», «Дин насиҳатдир», «Ижтимоий одоблар», «Мазҳаблар – бирлик рамзи», марҳум шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг «Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» номли асарининг ўзбек тилига таржимаси каби ўнлаб асарлар таълиф қилдилар. Диний адабиётларни нашр эттирибгина қолмай, интернет тармоғида ҳам бир неча диний-маърифий сайтлар ташкил этиб, улар орқали кенг жамоатчиликка Ислом зиёси ва маърифатини тарқатиб келдилар.
Кейинги пайтларда Яқин Шарқ ва бошқа минтақаларда юзага келган сиёсий инқироз ва беқарорликлар турли диний экстремистик кучларнинг бош кўтариши, бунинг оқибатида янгидан-янги террорчи гуруҳларнинг юзага келишига сабаб бўлди. Ўзини «Ироқ ва Шом Ислом давлати» деб атаб олиб, Исломдаги «ҳижрат», «жиҳод», «шаҳидлик» каби муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилаётган террорчи гуруҳни мисол қилиш мумкин.
Яқинда Ислом оламининг кўзга кўринган 120 дан ортиқ уламолари томонидан ИШИДга раҳбарлик қилаётган, ўзини Абу Бакр Бағдодий деб номлаб олган шахсга очиқ хат ёзилиб, бу жиноятчи гуруҳга нисбатан бутун дунё мусулмонлари номидан муносабат ва асосли раддиялар билдирилди. Мазкур очиқ хат муаллифларидан бири бўлган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўзининг «Очиқ хат» номли рисоласида бугунги кунда кўпгина мусулмонлар йўлиққан илмсизлик муаммоси, вазиятга қараб иш кўриш ҳикмати, зарарларнинг олдини олиш, воқелик фиқҳи каби қимматли маълумотлар, турли бузғунчи тоифаларга, хусусан, ИШИД га асосли раддиялар келтирилган.
Шайх ҳазратлари доимо одобга, маънавий камолотга катта эътибор берардилар. Устознинг «Тасаввуф ҳақида тасаввур», «Ислом маънавий жиноятларга қарши», «Ижтимоий одоблар», «Одоблар хазинаси» каби асарларида шахс камолотидан жамият камолотигача зарур бўлган барча жиҳатлар кенг ёритиб берилган.
Шайх ҳазратларининг вақтларига Аллоҳ барака берган эди. Яқин шогирдларидан бирининг эслашича, ҳазрат кун соатларини тақсимлаб олган эдилар. Эл-юрт ичидаги турли йиғинлар, қабул соати, зикр-вирдлар, турли келди-кетдилар, жисмоний машғулот учун алоҳида вақт белгилаб олган эдилар. Кунига 10 варақ янги китоб ёзиш билан бирга 30 варақ янги китобдан мутолаа қилишни ҳам вазифа қилиб олгандилар. Бу одатни бирор кун тарк қилмасдилар. Баъзан сафарлар сабабидан вазифа тарк бўлиб қолса, уйга қайтгач, ўрнини тўлдириб қўярдилар. Ҳатто баъзан кунига 30-40 вараққача таълиф қилган пайтлари ҳам бўлган.
Шайх ҳазратлари халқаро ҳаётда ҳам фаол эдилар. Робита ал-олам ал-исломийнинг таъсис мажлиси, Бутундунё тасаввуф уюшмаси, Бутундунё мусулмон халқлар бошқарувининг Бош котибияти, Бутундунё даъват уюшмаси, Бутундунё уламолари кенгаши, Бутундунё Ислом уюшмаси, Макка шаҳридаги Бутундунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутундунё масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли исломий фикрлар академияси каби ўнлаб халқаро ташкилотларнинг аъзоси эдилар.
Шайх ҳазратлари рисоладаги мусулмон, яъни, ҳақиқий мўмин учун зарур бўлган барча хислатларга эга эдилар.
Парвардигор жаннатмакон юртимизга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидек етук олимни неъмат қилиб берган эди, қайтариб олди. Уламоларнинг барчалари Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) меросхўрлари, йўлчи юлдузлардир, уларсиз халқ тўғри йўлни топа олмайди. Дуо қилайлик, Аллоҳ таоло Ўзининг назари тушган табаррук заминимизни ўнлаб, юзлаб ана шундай уламолар билан сийласин!
Нўъмон АБДУЛМАЖИД