Наъматакнинг фойдалари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

 Инсон соғлиғини асраш, касалликларнинг олдини олишда табиат неъматлари ичида оддийгина наъматак (шиповник)нинг қанчалар фойдали эканини кўрган ҳар бир киши Аллоҳ одамларнинг шифо топишлари учун ҳамма нарсани яратиб қўйганига тўла амин бўлади.

 Бу неъмат шунчалик фойдали, шифобахш ва зарур неъматки, унинг битта ўзи бутун бошли дорихона ўрнини босиши мумкин. Ўтмишдаги ва ҳозирдаги халқ табиблари китобларида наъматакнинг ўнлаб шифобахш хусусиятларини келтириб ўтишган.

Наъматак таркибида инсон саломатлиги учун ниҳоятда зарур бўлган   С, В-2, Р, Е, К дармондорилари мавжуд. Шунингдек, у каротин, қанд, ёғ, органик кислоталар, флавоноидлар, пектин, маъданли тузлар ва бошқа моддаларга ниҳоятда бой. Мевасида маъданли тузлардан калий, темир, марганец, фосфор, калций, магний бор.
Улуғ олим ва табиб Абу Али ибн Сино таърифича, наъматакнинг барча тури тозаловчи ва суюлтирувчи хусусиятига эга. У қулоқдаги қуртларни ўлдиради, қулоқ шанғиллаши ва ғувиллашига, тиш оғриғига фойда қилади. Ёввойи хили пешонага чапланса, бош оғриғини босади. Унинг барча турлари бурун тешикларидаги тиқилмаларни очади. У томоқдаги ва бодомсимон безлардаги шишларга ҳам фойдалидир.
Наъматак гули, меваси, уруғи, барги ва илдизи халқ табобатида қадимдан бери кенг қўлланиб келиняпти. Мевасидан тайёрланган дамлама ва қайнатмалар халқ табобатида ўпка сили, қизилча, терлама (тиф), ўт қопчасининг яллиғланиши, меъда-ичак, буйрак, қовуқ касалликларини даволашда ишлатилади.
Унинг меваси танага қувват бағишлайди, модда алмашинувини яхшилайди, ёнғоқчалари эса буйрак ва сийдик йўли касалликларини даволашда сийдик ҳайдаш учун ишлатилади. Ўсимлик илдизидан тайёрланган дамлама ва қайнатма халқ орасида меъда ва жигар касалликларига, кукуни эса яраларга даво сифатида қўлланади.
Наъматак мевасининг қайнатмаси, яъни шарбати халқ табобатида жуда кўп касалликларни даволашда тавсия этилади. Шарбат олиш учун унинг мевасидан 10-15 тасини олиб ювиб ташланади ва сирли идишда ўн дақиқагача қайнатилади ва тиндириб истеъмол қилинади.
Наъматак дамламаси тайёрлаш учун эса ярим литрли термосга тўрт-бешта наъматак мевасидан солиб, устига қайнаган сув қуясиз ва бир кеча қолдириб, кейин эрталаб сузиб оласиз. Дамлама овқатдан йигирма дақиқа олдин кунига уч маҳалдан ичилади. Мазкур дамлама бутун танага қувват беради, унинг чидамлилигини оширади, йўтални кетказади, ҳазм йўллари яллиғланишини даволайди, жигар оғриғидан халос қилади. Оғиз бўшлиғи шамоллаганида у билан бир неча бор ғарғара қилиб ташланса, фойдаси тегади.
Аёлларда учрайдиган бачадондан қон кетиши касаллигида наъматакни узоқ қайнатиб, шарбати ичирилади, меваси қайнатилган сувда аъзони ювиш ҳам фойда беради. Чипқонни даволашда ҳам наъматак қайнатмаси энг яхши даво саналади. Ундан беморга чой қилиб ичирилса, қони тозаланиб, ярадан қутулади, яранинг тез етилиши учун эса унинг ширасини суртган маъқул.
Совуқ мизожли ва қон босими паст бўлган беморларга наъматак дамламаси энг шифобахш чой ўрнини босади. Қаттиқ совуқда қўл, оёқ ва бошқа аъзоларини шамоллатган кишилар унинг қайнатмасини тез-тез ичиб туришса, танани қиздириб, заҳарли моддаларни пешобга ҳайдайди. Кўз шамоллаб ёшланганида, шапоқланса ёки говмижжа чиқса наъматак қайнатмаси билан кўзни кўп ювиш тавсия этилади.
Қовуқ, буйрак шамоллаганда ҳам наъматак қайнатмасидан бетобга бот-бот иссиғида ичирилса, шифо бўлади. Қайнатмада қовуқ устини бир неча бор ювиш ҳам мумкин. Мушаклар шамоллаганда, қорасон хасталигида наъматак қайнатмасини оғриқ қўзғолган, хаста жойларга суртиш дардни енгиллаштиради. Бу қайнатма, шунингдек, болалар шамоллаши туфайли баданига тошган майда қизил, сувсиз тошмаларни даволашда ҳам қўл келади. Бунинг учун бола қайнатмада чўмилтирилади ёки кун давомида у билан бир неча бор эмланади. Наъматак меваси болалар иштаҳасини очади ва уларга қувват бўлади.
Бу неъмат семизликни аста-секин даф қилади, чунки у ични суриб, ювиб-тозалайди, кичик таҳоратни тезлаштиради. Камқувват, тинкаси қуриган одамлар унинг баргларини чой ўрнига дамлаб ичишса, фойда қилади. Иккита ош қошиқдаги наъматак мевасини қайноқ сув қуйилган термосга солиб, бир кеча-кундуз дамланади ва сўнг сузиб олинади. Ундан ҳар куни икки-уч маҳал овқатдан олдин 100 мл.дан ичилса, камқонлик, қувватсизлик, атеросклероз, буйрак ва жигар хасталиклари, шамоллаш, авитаминозда шифо бўлади.
Бир ош қошиқдаги майдаланган наъматак баргини 300 мл. қайноқ сувда икки-уч соат ёпиқ идишда дамлаб қўйилади ва сузилади. Буни икки ош қошиқдаги асал билан икки-уч маҳал овқатдан олдин ичилса, битиши қийин яраларни даволашда қўл келади. Агар кунига икки грамм қуритилган наъматак мевасидан майдалаб истеъмол қилинса, инсон умрини узайтириш, жинсий қувватини сақлашга ёрдам беради.
Иссиқ мизожли кишиларга эса наъматак дамламаси ва қайнатмаси тўғри келмайди, чунки у бундай одамларнинг ошқозон ости безига салбий таъсир кўрсатади.  Шунингдек қон босими – хафахон, қанд касаллиги, шақиқа, жигар касалликлари, тахт, бавосир, темиратки каби бемор иссиғи ошиб кетиши туфайли пайдо бўладиган хасталикларда ҳам наъматак қайнатмаси фойда бермайди.
Наъматакдаги С дармондориси тишнинг эмал қатламини емириши боис, уни истеъмол қилгандан кейин оғизни, албатта, илиқ сув билан чайиб ташлаш керак.
Замонавий тиббиётда наъматак мевасидан дамлама, экстаркт ва ҳўл мевасидан шарбат ҳамда ҳапдори ва холосис каби доривор воситалар тайёрланади. Мазкур дорилар авитаминоз хасталиги ва атеросклерозни даволашда ўт ҳайдаш мақсадида ишлатилади. Каротолин препарати битмайдиган яралар, дерматитлар, қўтир, қичима, экзема, псориаз каби тери касалликларини даволашда қўл келади. Наъматакнинг барча турлари мевасидан витаминли ва поливитаминли йиғма чойлар, озиқ-овқат саноатида эса витаминга бой аралашма, конфетлар ва қандолат маҳсулотлари тайёрланади.
«Шифобахш дорининг кўпи заҳарга айланади», деганларидай, наъматакдан фойдаланишни суиистеъмол қилиш даво ўрнига зарар келтириши мумкин. Профессор А. Д. Туров тавсияларига кўра, наъматак шарбатлари ва дориларини узоқ вақт сурункали истеъмол қилганда меъда ости безининг инсулин ишлаб чиқаришига салбий таъсир кўрсатиши, лангерганс оролчаларининг мўътадил фаолияти бузилишига сабаб бўлиши мумкин экан.
     
Мавзуга оид мақолалар
Исломий либослар IV халқаро конференцияси жорий йилнинг 1316 сентябрь кунлари Туркиянинг Истамбул шаҳрида давоми...

08:02 / 28.11.2016 5181
Бу бахтли оила эди. Она мамнун, ота хотиржам, болакай отаонаси билан ўйнайди, конструктордан бир нималар давоми...

11:37 / 26.10.2018 3236
Истиғфор ҳақида айтилган фикрларни баъзи бир кишилар нотўғри тушуниб, инсон ҳар қанча гуноҳ ишларни қилса давоми...

16:28 / 11.11.2016 5123
.. Мусулмонлар Бадрга йўл олишганида «Балоларга гирифтор бўлсин ва биттаси ҳам қайтмасин», деган орзуда давоми...

12:45 / 11.10.2016 6391