Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати ила бу оламни, бу дунёни, ҳайвонот, наботот ва жамодот оламини, осмонлару ерни, яхши-ёмонни, ҳалол-ҳаромни, жаннат ва дўзахни яратишни ирода қилди. Инс ва жин оламини яратиб, уларга ўзининг сўнгги, мукаммал динини юбориб, Ўзининг муқаддас каломи бўлмиш Қуръонда икки дунё саодатига эришиш йўлини кўрсатиб берди. Инсониятга Ўзини танитиш, Қуръони Каримни қабул қилиб олиб, инсониятга етказиш ва унга амал қилиш йўлини шахсий намунада кўрсатиб бериш учун оламларга раҳмат ўлароқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам залолат ботқоғига ботган, жаҳолат жарининг ёқасига келиб қолган инсониятни ширк ва куфр зулматларидан ҳидоят нурига олиб чиқдилар. У зот туфайли инсон ўзлигини таниди, бу дунё нега яратилганини, ўзи бу дунёга қандай улуғ вазифа учун келганини англаб етди.
Аммо оламларга раҳмат қилиб юборилган бу илоҳий неъматнинг қадрини англамайдиганлар у зотга жон-жаҳдлари билан қаршилик қилишди, тазйиқлар ўтказишди, муборак шаънларига, ҳатто жонларига тажовуз қилишди.
Минг афсуски, бундай тажовузлар бугун яна давом этяпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънлари мўмин-мусулмонлар учун энг азиз муқаддасотлардан биридир, аммо буни тушунмайдиган ёки билиб билмасликка олаётганлар бугун яна ўша қабиҳ, тубан ҳунарларини бошлаб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига нолойиқ ишни қилган одамни ҳимоялаб, буни давлат сиёсати даражасига кўтариб юборишди. Бу эса мусулмонлар билан ғайридинлар ўртасида, бир давлат ҳудудида яшаётган турли дин ва миллат вакиллари ўртасида кескин зиддият пайдо қиляпти.
Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши қилинган ҳар қандай уринишлар ҳар доим ҳам маҳв этиб келган ва келмоқда, мусулмонларнинг зиддига қилинган ҳар қандай тажовузни ғанимнинг зарарига, мусулмонларнинг фойдасига буриб ташламоқда. Шундай экан, бутун дунё мўмин-мусулмонлари, мўмина-муслималари қаторида биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига қилинган ҳар қандай тажовузни кескин қоралаймиз, айни пайтда, ҳар қандай бегуноҳ қон тўкилишини ҳам қоралаймиз. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Фитна қатлдан ёмонроқдир» деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бундай ҳурматсизликнинг сабаблари кўп. Аммо асосий сабабларидан бири – ғайридинларга Исломнинг ҳақиқий моҳиятини кўрсатиб бера олмаётганимиз бўлса керак. Бугун инсоният Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари ила хулқланишга ҳар доимгидан ҳам муҳтождир. Бу борада эса бутун оламга айнан биз намуна, ўрнак бўлишимиз керак.
Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатимизни янада кучайтирайлик, у зотнинг сийратларини, муборак суннатларини янада яхшироқ ўрганайлик ва уларга амал қилайлик, токи Набий алайҳиссаломга бир умр душман бўлиб юрганлар у зотнинг гўзал ахлоқларини кўриб, энг яқин дўстга айланганидек, бугун ҳам у зотга ғанимлик қилаётган бутун дунё у зотнинг муносиб умматларини кўриб, сафларимизга қўшилсин.
Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга жонларимиз фидо бўлсин!