Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
НИКОҲ МАРОСИМИГА ТЕГИШЛИ БИДЪАТ-ХУРОФОТЛАР
(ёхуд ғарбдан кириб келаётган урф-одатларга кўр-кўрона тақлиднинг салбий оқибати)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жуфт-жуфт бўлиб истиқомат қилишимиз учун эркак ва аёл қилиб яратган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, шаръий йўл билан оила қуриб, ҳамжиҳатликда яшашимиз учун Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ҳукмларни бекаму кўст етказган икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин.
Халқимиз ўз ҳаётини тўйсиз тасаввур қила олмайди. Демак, ҳар куни бўлаётган тўйлар ҳаётимизнинг ажралмас қисми, десак, хато қилмаймиз.
Аслида, бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг саҳобийларига тўй қилиш борасида турли кўрсатмаларни бериб борганлар. Жумладан:
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْه أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى عَلَى عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ أَثَرَ صُفْرَةٍ فَقَالَ: مَا هَذَا قَالَ: يَا رَسُولَ الله إِنِّي تَزَوَّجْتُ امْرَأَةً عَلَى وَزْنِ نَوَاةٍ مِنْ ذَهَبٍ قَالَ: بَارَكَ اللهُ لَكَ أَوْلِمْ وَلَوْ بِشَاةٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқлик аломатини кўриб:
«Бу – нима?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллога бир аёлга уйландим», деди у.
«Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қилгин», дедилар» (Бешовлари ривоят қилишган).
Бизни ташвишга солган ва сўз юритмоқчи бўлган мавзу мазкур тўйлар ҳақидаги тушунчани суиистеъмол қилиб, ундан душманларимизнинг усталик билан фойдаланиб қолишларидир. Қандай қилиб, дейсизми?
Буни тушунишимиз учун, тахминан, 80 йил орқага назар солишимиз керак бўлади. «Октябрь» инқилобидан кейин секин-асталик билан туб аҳолини ўзлигидан, маданиятидан, миллийлигидан ва динидан айириб, тарихини, ўтмишини унутган, у ҳақда қизиқиши ҳам йўқ бўлган тайёр хизматкор, итоаткор қул ва чўриларга айлантириш сиёсати амалга оширила бошланди. Бу худосизлар тузумининг узоқ йилларга мўлжалланган, пухта режалар билан мустаҳкамланган асосий ғояларидан бири эди.
Биз сўз юритмоқчи бўлган никоҳ тўйлари ҳам уларнинг мазкур режаларини амалга ошириш учун жуда ҳам қулай ва жуда ҳам тез натижа берадиган имконият эди. Шўролар бу имкониятдан унумли фойдаландилар.
Биринчидан, никоҳ тўйларини тунда ўтказишни жорий қилдилар.
Иккинчидан, бу тўйда келин-куёвнинг бевосита иштирок этиши таъминланди.
Учинчидан, тўйда эркак ва аёлларнинг биргаликда, аралаш ҳолда бўлиши жорий қилинди.
Тўртинчидан, уларга русларни ўрнак қилиб, эркак-аёл биргаликда рақс тушиш одатини киритдилар.
Бешинчидан, мазкур ишларнинг барчаси кўнгилдагидек амалга ошиши учун даврани ўзларининг шаҳвоний куй ва қўшиқлари билан қиздириб турадиган санъаткорлар билан таъминладилар.
Олтинчидан, тўйларнинг вақтини чегараламай, балки тонг отгунгача давом этадиган қилдилар.
Еттинчидан, энг асосийси, зиёфат дастурхонларидаги ноз-неъматларнинг «кўрки» сифатида спиртли ичимликлар тортилди.
Бу рўйхатни хоҳлаганча давом эттириш мумкин. Лекин шуниси ҳам етарли, деб ўйлаймиз.
Натижа қандай бўлди, дерсиз? Шўролар ўйлаганидан ҳам кўпроқ самара берди. Халқимиз бу бидъатларни чин қалбдан ва очиқ чеҳра билан қарши олди. Шунинг самараси ўлароқ, халқимизга: «Мазкур бидъатлар бизнинг миллий урф-одатларимиздан эмас, балки бизнинг маънавиятимизга, маданиятимизга, динимизга ёт нарсалар!» десангиз, улар сизга: «Бекорларнинг бештасини айтибсан, ота-боболаримиз шундай қилиб келишган», деб ёқа йиртиб талашадиган бўлиб кетдилар.
Бу борада ҳар қанча далил-исботлар келтирсангиз ҳам, халқимизни асл ҳақиқатга ишонтириб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолдилар. Энг ачинарлиси, мазкур бидъат ҳали-ҳануз ўз-ўзидан урчиб, халқимизнинг қон-қонига «ота-боболаримиз маънавияти» тарзида сингиб кетмоқда.
«Ёмон қовуннинг уруғи кўп бўлади», деганларидек, мазкур ёмонлик ҳам кундан-кунга болалаб, кўпайиб бормоқда. Авваллари ушбу ёмонликни кўпайтириш учун шўролар жонбозлик кўрсатган бўлсалар, ҳозирда «оммавий маданият» ходимлари томонидан урчитилиб, юртимиз ёшларини ўз гирдобига тортмоқда. Қуруқ бўлмаслиги учун тунги базми жамшидларда пайдо бўлаётган баъзи бир ёмонликлардан мисол келтирамиз:
Обрў керак бўлганидан кейин пулнинг юзига қарамайдиганлар кераклича топилади. Қарабсизки, бу иш ҳам битди. Келин-куёв сабр билан қимматли вақтларидан 2-3 ойни ажратсалар бўлди. Хизмат ҳаққи ҳам унчалик кўп эмас. 400-500$ бўлади, холос. Ҳа, нима қилибди, умрида бир маротаба бўладиган нарса-да, қарзга ботиб бўлса ҳам, қилиши керак, ахир уларнинг бировдан кам жойи борми?
Аслида, буларнинг барчаси ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти бўлиб, бу тўғрисида одамларга лавҳалар кўрсатиш пасткашлик, ориятсизлик ва даюсликдир.
Тўғри, бир неча йиллар олдин худди шунга ўхшаш ҳолат ойнаи жаҳон орқали алоҳида кўрсатув қилиниб, намойиш этилган эди. Кейинчалик бу бачканаликка барҳам берилганди ҳам. Лекин илдизи билан қўпориб ташланмаган, шекилли, ҳозирда тўйхоналарда ўша иллат яна бўй чўзиб қолди.
Бу ҳам «оммавий маданият» номи ила ғарбликлардан кириб келган бир бидъат. Шу билан бир қаторда, ўлжани қўлга киритиш мақсадида қўйилган қопқондир. «Ваҳима қилмасангиз-чи, бунинг нимаси ёмон?» дерсиз, эҳтимол. Тўғри, зоҳирий кўринишидан ҳеч қандай ёмонлиги йўқ, оддий хурсандчиликнинг бир кўринишига ўхшаб туйилади. Аслида-чи? Бир пайтлар турмушга чиқиш тўғрисида гап-сўз бўладиган бўлса, юзлари анордай қизариб, кўзлари ер чизиб қочгани жой топа олмай қоладиган Ўзбекнинг, Мусулмонларнинг ҳаёли, иболи қизлари ҳозирда бир неча эркак томошабинларнинг кўз ўнгида «Мен эрсираб қолганман», дегандек гулдастага ташланиши тўғрими?
Балки, бу одат кимларгадир фахр, обрўдир. Лекин бизларнинг миллатимизга эмас. Бизларнинг қизларимиз Иймону Ислом, Дину Диёнат, Ахлоқу одоб, Ҳаёю Иффат ва Ор-номус билан безангандирлар. Ҳаттоки, улардан ўз оналари: «Фалончидан совчи келибди, қизим, нима дейсан?» деб сўраганларида очиқчасига жавоб беришга ҳаё қилганлар.
Мазкур ҳақиқат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ўз ифодасини топган.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْها قَالَتْ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَرَادَ أَنْ يُزَوِّجَ شَيْئًا مِنْ بَنَاتِهِ جَلَسَ إِلَى خِدْرِهَا فَقَالَ إِنَّ فُلَانًا يَذْكُرُ فُلَانَةً يُسَمِّيهَا وَيُسَمِّي الرَّجُلَ الَّذِي يَذْكُرُهَا فَإِنْ هِيَ سَكَتَتْ زَوَّجَهَا وَإِنْ كَرِهَتْ نَقَرَتْ السِّتْرَ فَإِذَا نَقَرَتْهُ لَمْ يُزَوِّجْهَا .
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон қизларидан бирортасини узатмоқчи бўлсалар, унинг пардаси олдига ўтириб, «Фалончи Фалонани зикр қилмоқда», деб, унинг ҳам, уни зикр қилган эркакнинг ҳам исмини айтар эдилар.
Агар у сукут сақласа, никоҳлар эдилар. Агар у қиз ёқтирмаса, пардани чертар эди. Қачон қиз пардани чертса, уни никоҳламас эдилар».
(Имом Аҳмад ривоят қилган).
Халқимиздаги «сукут – аломати ризо» деган нақл ушбу ҳадиси шарифдан олингандир. Азизлар, бу маданият, маънавият, ахлоқу одобни, қизларнинг ҳаёси, иффатларининг қандай бўлганини томоша қилинг! Ўрганинг ва амал қилинг!
Мана, азизлар, биргина бидъат бир неча маротаба болалаганининг гувоҳи бўлдингиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас! Мазкур бидъат болалашда давом этмоқда.
Энг ачинарлиси эса унинг кундан-кунга кўпайиб боришига ўз ҳиссасини қўшаётган инсонлар халқимиз ичидаги энг таниқли кишилар эканлигидир. Мазкур рўйхатнинг биринчи ва иккинчи ўринларида, албатта, ўйлаганингиздек, хонандалар ва актёрлар туради (ҳозирги кунда бу икки тоифа аралашиб кетган).
Булар томонидан қилинадиган барча яхши ва ёмон ишлар халқимизга тезда етиб боради ва таъсир кўрсатади. Зотан, ойнаи жаҳон, матбуот ва кўпгина ахборот воситалари ҳам тинмай уларни ташвиқот қилишга хизмат қилмоқда. Лекин уларга бу воситаларнинг ҳам хизмати камлик қилмоқда, шекилли, ҳозирги кунда ўз никоҳ тўйларини ойнаи жаҳонда кўрсатишликнинг имконияти бўлмаганлиги туфайли алоҳида дискларга ёзишиб, уларни ноқонуний йўллар билан бўлса ҳам, тарқатиш пайида бўлишмоқда. Тўғрироғи, уларни «оммавий маданият»нинг жарчилари ҳамда ходимлари, десак адашмаган бўламиз. Бундан бошқа нима деб ҳам аташ мумкин?!
Мазкур иллатларнинг барчасини бошида илмсизлик ёки билса-да, унга амал қилмаслик турибди. Шу ўринда билганлар учун эслатма, билмаганларга эса билиб амал қилишлари учун хулоса ўрнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шарифни нақл қилиб келтирамиз:
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَصْدَقَ الْحَدِيثِ كِتَابُ اللهِ، وَأَحْسَنَ الْهَدْيِ هَدْيُ مَحَمَّدٍ، وَشَرُّ اْلأُمُورِ مُحْدَثَاتُهَا، وَكُلُّ مَحْدَثَةٍ بِدْعَةٌ، وَكُلُّ بِدْعَةٍ ضَلاَلَةٌ، وَكُلُّ ضَلاَلَةٍ فِي النَّارِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ واللَّفْظُ لَهُ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, энг содиқ Калом, Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят, Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони, янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш, бидъатдир. Ҳар бир бидъат, залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар».
(Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган. Насаийнинг лафзи).
Исҳоқжон БЕГМАТОВ,
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси