Аёлларнинг ҳаёсизлиги – эркакларнинг ғурурсизлигидандир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

АЁЛЛАРНИНГ ҲАЁСИЗЛИГИ – ЭРКАКЛАРНИНГ ҒУРУРСИЗЛИГИДАНДИР!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Бир куни қабулимга бир йигит ҳаяжон билан кириб келиб, мулоҳазали мавзуни кўтариб қолди: «Қори ака, жума маърузаларида қизларнинг тарбияси тўғрисида кўпроқ гапирмасангиз бўлмайди, шекилли. Аёллар, айниқса, турмушга чиқмаган қизлар жуда беҳаё, тарбиясиз бўлиб боряпти».

«Нима бўлди?» деб сўрадим.

У: «Кўчада кира қилиб юрган бир машинани тўхтатдим. Йўлга тушгач, беихтиёр олд ўриндиқдаги қизга кўзим тушди. Унинг кийимлари бир аҳволда, деярли ярим-яланғоч. Шу вақт қиз магнитафон тугмаларини боса бошлади. У қилди-у бу қилди, анча уринди, истаган нарсасини тополмагач, ҳайдовчига: «Ада, ўзингиз фалон нарсага қўйинг, мен тополмаяпман», деб қолди. Эътибор берсам, тугмаларни босишига узун тирноқлари халал бераётган экан. Энг ажабланганим шуки, ота қизининг кийинишига мутлақо бепарво эди. Бу менга қаттиқ таъсир қилди. Наҳотки, ота ўз қизини шу ҳолатда кўчага чиқаришга, ўз ёнида олиб юришга рози бўлса?! Балки, қизини ўқишга, ишга, бозор ёки бошқа ерга олиб кетаётгандир. Эҳтимол, ўзини замонавий оталардан ҳисоблаб, қизининг бундай кийинишидан фахрланар ҳам!

Жума намозларига, асосан, оталар, хонадон раҳбарлари келишади. Балки, улар орасида ҳам қизи, турмуш ўртоғининг очиқ-сочиқ кийинишига эътиборсизлари бордир. Эътиборсизлар ёки бунинг катта маъсият эканини билмаганлар бўлса, ўргатиш, унутганларнинг ёдига солиш учун ҳам барчамизга қизлар тарбиясидаги энг нозик томонлар тўғрисида, қиз-жувонларнинг иффати, ҳаёси, иймон-эътиқоди, ахлоқ-одобини сақлаш учун ҳақиқий эр йигитлар, оталар, ака-укалар нималар қилмоғи тўғрисида маъруза қилинса», деди.

Ҳақиқатан ҳозирги кунда шаҳримизнинг ҳар қадамида бундай ҳолатларни учратиш мумкин. Бозорда ишлайдиган сотувчилар томонидан ҳам худди шундай гаплар тез-тез тилга олинмоқда. Айрим ота-оналар қизларини кийим-кечак дўконига олиб кириб, бир-биридан тор, елкаси, орқаси очиқ ажнабий либосларни кийдириб кўраётгани, ҳатто отаси буларни кийдириб кўриб: «Йўқ, бу ярашмади, бу унчалик одамни жалб қилиб, ўзига тортадиган эмас экан, беўхшов бўлиб қолдинг, яна ҳам яхшироғини, яна ҳам торроғини, яна ҳам калтароғини кийгин», деб тавсия қилаётганига ҳам гувоҳ бўлаётганлар бор.

Йўқ, азизлар, замон талаби шу экан-да, деб нима бўлса, қабул қилиб кетавермаслик керак. Ота-оналар, аввало, болалар учун масъул. Улар фарзандлар соф фитратда дунёга келишини, ота-оналар уларни ўзларидан келиб чиқиб ё бузишлари, ёки тузатишлари мумкинлигини унутмасликлари лозим.

Орамизда бу каби бидъат-хурофотлар, гуноҳ-маъсиятлар пайдо бўлса, уларга лоқайд қарамаслигимиз, қўлимиздан келганича уларга қарши чиқишимиз шарт. Акс ҳолда гуноҳкор бўламиз, нафақат у дунёда, балки бу дунёнинг ўзида ҳам жазомизни олмасдан ўтмаймиз. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар, Қуръон оятлари келган.

Кези келганда яна бир иллат ҳақида тўхталиб ўтсам. Яқинда жиҳоз сотадиган танишларимиздан бири шикоят қилиб қолди: «Қори ака, анча-мунча амри маъруфлар бўлиб турибди, бу ҳақда кўп айтасиз, лекин барибир, такрор-такрор гапириш керакка ўхшайди. Тўйда уй жиҳозларини олиш харажатлари келин томонга юкланганлиги барчага маълум. Ҳозирда онасининг этагини ушлаб катта бўлган йигитчалар номардларча келин тарафдан ҳамма жиҳозларни, сарфу харажатларни талаб қилаётгани ачинарли. Асосан, аёлларимизнинг тизгинсиз «орзу-ҳаваси» деб, чегарадан чиқиш ҳолатлари кўпайгандан-кўпайиб боряпти. Биз, эркаклар эса бундай гап-сўзларга ҳеч қандай муносабат билдира олмаяпмиз, буларнинг ёмонлигини билиб туриб ҳам қаршилик кўрсата олмаяпмиз.

Яқинда янги бир одат пайдо бўлиб қолди. Жиҳоз танлашга энди келин ва унинг онаси билан бирга куёв ҳам онаси билан келадиган одат чиқардилар. Куёв билан унинг онаси жиҳоз дўконида айланиб, у ерда ўнлаб ҳар хил кўринишдаги, ҳар хил мамлакатлардан келтирилган, турли қийматга эга жиҳозларни кўриб чиқади. Шуларнинг ичидан бир жиҳозни кўрсатиб: «Мана бу жиҳоз бўладими?» деса, куёв билан онаси кўриб: «Йўқ, бу бўлмайди, бизга ёқмади, бошқасини танлаймиз», дейди. Қизнинг онаси бошқасини танлаб: «Мана буни кўринглар-чи, шу бизга ёқди», деса, куёв билан онаси яна: «Йўқ, бу ҳам бўлмайди, уйимизнинг ҳажмига тўғри келмайди. Хонамиз ниҳоятда катта, уйимизни ҳайбатига, савлатига ярашадиган жиҳоз бўлиши керак», дейишади. Ахийри келин томон: «Майли, ўзларингга маъқул бўлганини танланглар, кейин гаплашармиз», дейишади. Куёв билан онаси эса ўзлари айтгандек, уйларининг савлатига, ҳажмига тўғри келадиган ўта қимматбаҳо, хориждан келтирилган жиҳозни танлайди. Келин билан онаси мажбур бўлиб, қурби етса, ўша ерда тўлаяпти, етмаса, насия қилиб: «Шуни банд қилиб қўйинглар, биз эрта-индин пулини тўлаб, олиб кетамиз», деб кетишяпти.

Биз-ку, жиҳоз сотганимизга хурсандмиз. Лекин янги пайдо бўлаётган бу одат бориб-бориб юртимиз, миллатимиз, мўмин-мусулмонларимизнинг, айниқса, эркакларнинг номига доғ бўлиб тушади-ку! Шу кетишда келажак авлодимизни нималар кутяпти экан?! Беш-ўн йилдан кейин қандай ҳолат юзага чиқар экан, деб ҳайратдамиз. Шу муаммони яна ва яна кўтариб чиқсангиз. Куёвларимиз ўз йигитлик ғурурини, оталар эркаклик ғурурини, оналар эса ўзларининг аёллик, қайноналик мақом-мартабасини билса, ҳурмати, обрў-эътиборини сақлашга ҳаракат қилса. Арзимас молу дунё учун, арзимас уйнинг жиҳози учун бор-йўғидан воз кечиб юборавериш одамгарчиликка ҳам тўғри келмайдиган иш эмасми?» деб мулоҳаза билдирди.

Минг афсуски, ҳақиқатан ҳозирда бу каби ҳолатлар кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Тўғри, улар ҳақида кўп маротаба айтилмоқда, амри маъруфлар қилинмоқда. Эшитиб, амал қилаётганлар озроқ бўлса ҳам бор, алҳамдулиллаҳ. Айрим ижобий ўзгаришлар ҳам кўзга ташланмоқда.

Аммо, нисбатан олиб қараганда, булар, барибир, жуда озчиликни ташкил қилади. Истардикки, шариат талабларига мувофиқ иш тутувчилар кўпайса, ҳақиқий йигитлар, ҳақиқий эркаклар, ҳақиқий мусулмонлар ўзларининг мусулмончилик, эркаклик ғурури, шаъни, обрў-эътиборини арзимас молу дунёга, чой-чақага ёки хориждан келтирилган жиҳозларга алмаштириб юбормасалар. Булар келажакда ботмонлаб, қанча-қанча мол-дунё сарф қилиб бўлса ҳам топилмайдиган обрў, маънавий тарбия, қолаверса, иймон-эътиқод шартидир.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

   
Мавзуга оид мақолалар
Аввал маълум қилганимиздек, «Ҳилолнашр» матбаанашриёти пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва давоми...

17:50 / 14.02.2017 4084
     Никоҳнинг рукни масаласида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар. давоми...

09:45 / 27.10.2016 14443
embedhttpswww.youtube.comwatchv4dR2TowMRk0featureyoutu.beembed

19:29 / 07.02.2018 2362