Аллоҳга маҳбуб бўлишнинг аломати
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Устозимиз Шайх Ҳазратларининг таъзияларида иштирок этаётиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари ёдимга келди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жаброилга: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўргин!» деб нидо қилади. Кейин Жаброил ҳам уни яхши кўради ва осмон аҳли ичида: «Албатта, Аллоҳ таоло фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар!» деб нидо қилади. Кейин осмон аҳли ҳам уни яхши кўради. Сўнгра унга нисбатан ерда (яъни ер юзидаги одамларнинг қалбида) мақбуллик (яъни розилик ва муҳаббат) ўрнатилади.

 Муттафақун алайҳ

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Ҳадисдан олинадиган нарса одамларнинг қалбидаги муҳаббат Аллоҳнинг муҳаббатидан аломат эканидир» деганлар. Ҳадисдаги одамларнинг муҳаббатидан мурод – солиҳ кишиларнинг муҳаббатидир. Ана шу муҳаббат Аллоҳнинг муҳаббатига далолат қилади. Аммо фосиқ ва фожирларнинг муҳаббатининг эътибори йўқдир.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадисга қуйидагини зиёда қилган. «Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни ўқидилар: «Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Раҳмон муҳаббат пайдо қилур».

(Марям, 96)

Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Абу Салама Мажишун раҳматуллоҳи алайҳ Суҳайл ибн Абу Солиҳдан ривоят қилади: «Биз Арофатда эдик, Умар ибн Абдулазиз ўтиб қолдилар. У киши ҳожиларга бошчилик қилар эди. Одамлар ўринларидан туриб унга қарай бошладилар. Мен отамга: «Отажон, Мен Умар ибн Абдулазизни Аллоҳ таоло яхши кўради, деб ҳисоблайман», дедим. Отам: «Нима учун?» деди. Мен: «Одамларнинг қалбида унга нисбатан муҳаббат бор бўлгани учун», дедим. Отам: «Баракалла! Мен Абу Ҳурайрани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтаётганини эшитгандим» деб, (юқоридаги ҳадисни) айтдилар.

Муслим ривояти

Одатда, таъзия билдиришга келганлар вафот этган кишининг яқинларига, масалан, ўғиллари, набиралари, жиянлари, ака-ука ёки ота-оналарига таъзия билдиришади. Мана шу уч кун ичида эътибор қилган бўлсангиз, Шайх Ҳазратларининг вафоти учун барча халқ бир-бирига таъзия изҳор қилишди. Таниган-танимаган бир-бирига сабр тилаб, «бандалик», «Аллоҳнинг иродаси экан», «Аллоҳ раҳмат қилсин»  каби сўзларни айтишаётганига гувоҳ бўлдик.

Шайх Ҳазратларининг вафоти ҳамма учун мусибат бўлди. Бу эса устозимизнинг Аллоҳ таолога маҳбуб бўлган бандалардан эканидан хабар беради. Жаноза ўқилган куни «Шайх Зайниддин» масжидига келган одамларнинг сон-саноғи йўқ эди. Менимча, масжид бино бўлиб бунақа жамоат кўрмаган. Қабристон ҳам бунақа жамоатни кўрмаган.

Жанозага Республикамизнинг барча вилоятларидан ва қўшни давлатлардан ҳам келишди. Шу куни Тошкент шаҳримизнинг қолган масжидларида пешин намози жуда ҳам озчилик жамоат билан ўқилди. Чунки деярли барча намозхонлар устозимиз аллома шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг жанозасида иштирок этиш учун «Шайх Зайниддин» масжидига кетишган эди.

Ундан ташқари Ҳазратимизнинг руҳлари шод бўлсин деб, минглаб хатм Қуръонлар ўқилди ва ўқилмоқда. Баъзи юртларда куни кеча жума намозидан сўнг ғойибдан жаноза намози ҳам ўқилди.

Ҳикматларда шундай дейилган: Агар банда қалби билан Аллоҳ азза ва жаллага юзланса, Аллоҳ азза ва жалла унга мўминларнинг қалблари билан юзланади. (Мужоҳид ибн Жабр)

Аллоҳдан қўрққанинг миқдорича халойиқ сендан қўрқади, Аллоҳга муҳаббат қўйганинг миқдорича халойиқ сенга муҳаббат қўяди, Аллоҳнинг амрида машғул бўлганинг миқдорича ҳалойиқ сенинг ишингда машғул бўлишади.(Юсуф ибн Ҳусайн Розий)

Банда агар ўзи билан Аллоҳнинг ўртасини яхши қилиб олса, Аллоҳ у билан бошқа бандаларнинг ўртасини яхши қилиб қўяди. Агар ўзи билан Аллоҳнинг ўртасини ёмон қилса, Аллоҳ таоло ҳам у билан бошқа бандаларнинг ўртасини ёмон қилиб қўяди. Банда учун битта юз (яъни Аллоҳ таоло) билан ўзаро ўртани яхши қилиб олиш барча юзлар (яъни барча бандалар) билан ўзаро ўртани яхши қилиб олишдан енгилроқдир.

Агар сен Аллоҳ билан ўртангни яхши қилсанг, барча юзлар сени яхши кўриб қолади. Агар Аллоҳ билан ўртангни бузсанг, барча юзлар сени ёмон кўриб қолади.(Абу Ҳазим)

Ҳа, устозимиз ана шундай эҳтиромга ҳақлидирлар. У кишининг динимизга қилган хизматлари, хусусан, ўзбек, рус, қозоқ, қирғиз тилида сўзлашувчи халқларга динни ўрганишда қилган хизматлари беқиёсдир. Мен устозимизни хуштаъм, серҳосил мевали дарахтга қиёс қиламан. Унинг асли ўзларининг истиқомат қилаётган уйлари эди. Лекин новдалари ва хуштаъм мевалари барча ўзбек забон, русий забон, қозоқ забон, қирғиз забон ва бошқа мусулмонларнинг уйларидадир. Биз, мусулмонлар, мазкур неъматлардан беминнат фойдаланмоқдамиз. Ҳатто баъзиларимиз бу дарахтнинг асли қаердалиги, бу мевалар қаердан келаётганидан бехабардирмиз.

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: «Солиҳлар зикр қилинган жойга раҳмат ёғилади», деганлар. Чунки солиҳлар зикр қилинса, уларга ўхшашликка рағбат ортади ва хайрли ишга тарғиб бўлади. Инсонда яхшиликка ҳаракат қилишга муҳаббат ҳосил бўлади. Устозимиз Шайх Ҳазратлари ҳақида суҳбат қурилса ва у кишининг илмий мерослари ўқиб ўрганилса, иншааллоҳ, шу жойга Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб туради.

Аллоҳ таоло устозимизнинг хизматларини муносиб тақдирласин, охиратларини офиятли қилсин. Жойларини олий Фирдавс жаннатларида қилсин! Ортларида қолган яқинлари, фарзандлари ва шогирдларига устоз олиб борган хизматларни давом эттиришда Ўзи кўмакчи бўлсин! Омин!

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Мавзуга оид мақолалар
Намозни қуйидаги нарсалар бузади Мутлақ калом. Намозда қасдданми, унутибми, билмасданми, хато давоми...

11:53 / 18.05.2017 4557
Ҳижоблар дизайнери НьюЙоркдаги Мода ҳафталигининг кашфиёти бўлди Индонезиялик Анниса хоним Ҳасибуаннинг давоми...

15:25 / 20.02.2017 3560
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин Ортларидан Набий йўқ Зотга салавотлар бўлсин Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи давоми...

10:46 / 14.11.2016 3044
Аёлига бола тарбиясида яқиндан ёрдам беради, бу соҳада унинг ишларини енгиллаштиради. Болаларга давоми...

00:06 / 02.03.2023 2298